Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Дуо ижобат бўлиши учун...

2524

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонни яратганда унинг табиатига молу-мулка муҳаббат ҳисси, унинг таҳсил қилиш рағбатини ҳам қўшиб қўйган. Зеро, инсон ҳаётининг барқарорлиги, шахсий ҳаётининг салоҳияти унга боғлиқдир. Кўзлаган мақсадига етишида у васила бўлади.

Шунинг учун шариъатул ғарро мўминни молу-мулк топишга тарғиб қилади. Фақат бунинг учун маълум қоида ва чегаралани жорий қилганки унга амал қилиш, чегарадан ўтмаслик вожиб бўлади.

Тижорат, ҳунармандлик ёки саноат каби ҳалол касблар борки мумин ҳаёти мобайнида шулардан бири билан шуғулланиши лозим. Пешона тери ила пул топсин токи бировнинг қўлига қараб қолмасин, жамият ичидаги иззат-нафсини сақласин. Шу билан бирга силаи-раҳм, хайру-эҳсон каби эзгу амалларни бажара олсин. Ҳадисда "Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқ" дейилган. "Берган Худога ёқибди" дейилганидек, ҳалол топган мулкидан бериб Яратган Роббисига ёқиб олсин.

Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар:

نِعْمَ الْمَالُ الصَّالِحُ لِلرَّجُلِ الصَّالِح

"Ҳалол бойлик солиҳ киши учун мунча ҳам яхши-а!"

Мазкур ҳадисга мувофиқ аҳли давлат саҳобалардан бирлари бўлган Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу шундай деган эканлар:

يَاحَبَّذَا الْمَال أَصُونُ بِهِ عِرْضِي وَأُرْضِي بِهِ رَبِّي

"У билан ҳурматимни сақлайдиганим, у билан Роббимни рози қиладиганим молу-мулк қандай ҳам яхши.

Ҳалолдан пул топиш, ҳалол касб қилиш мумин қалбига хотиржамлик солади ва ибодатлари қабул, дуолари ижобат бўлишига сабаб бўлади. 
Шаръан жоиз бўлмаган касб билан машғул бўлиш, ҳаром йўл билан маблағ ортириш кишида иймон нурини сўниши, қалб қорайиши ва бошига балолар ёғилишига олиб келади ва тилаклари қабул бўлишига монеълик қилади.

Табароний қуйидаги ҳадисни ривоят қилади:

Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу бир куни: "Эй Аллоҳнинг элчиси,  ҳақимга дуо қилинг, дуоси ижобат кишилардан бўлайин", деди. 
Шунда Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар:

"Эй Саъд, ҳалолдан еб-ич, дуоси ижобат кишилардан бўласан!"

وروى مسلم في صحيحه أن رسول الله  ذكر الرجل يطيل السفر، أشعث أغبر يمد يديه إلى السماء، يارب يارب، ومطعمه حرام، ومشربه حرام، وملبسه حرام، وغذي بالحرام، فأنى يستجاب لذلك.

Муслим ривоят қилади, Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар:

"Бир киши узоқ сафарларда юради сочи тўзиган, чангга ботган ҳолда қўлини кўтариб: "Эй Роббим, эй Роббим..." деб дуо қилади, аммо дуоси қабул бўлмайди! Чунки еган таоми ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, ҳаромдан озуқаланган. Бунинг дуоси қандай ҳам ижобат бўлсин.

Ушбу ҳадисда эътиборга молик ҳолат айтиб ўтилди, яъни кишининг сафарда юриши ва бечораҳол кўриниши. Бундай вазиятда қолган кишига ҳамманинг раҳми келади, ёрдам қилишга ошиқади. Мусофирчиликнинг ўзи қийин, машаққат устига машаққат, шунинг учун мусофирнинг ҳам дуоси ижобат, деган ҳадис бор.

Аммо шунга қарамай юқоридаги кишининг дуосини раҳмлиларнинг энг Раҳимлиси қабул қилмаяпти ва ёрдам бермаяпти. Чунки у ҳаромдан ҳазар қилмади, бировнинг молини ноҳақ еди, бировни алдади, унга ёлғон гапирди. Аллоҳдан тақво қилмади. Ўзи ва Аллоҳнинг ўртасидаги алоқасини узди ва бу билан Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан ўзини ўзи мосуво қилди.

Солиҳ салафлар ҳаромдан қаттиқ сақланишарди. Уларнинг соф эътиқоди шундай эди:

"Кечалари устундек қоим кундузлари соим бўлсангу аммо қорнингга кираётган нарсага назар қилмасанг, улар сенга фойда бермайди!"

وأوصت إحدى الصالحات زوجها، فقالت له: "يا هذا اتق الله في رزقنا فإنا نصبر على الجوع، ولا نصبر على النار".

Солиҳа аёлнинг ишга кузатаётиб эрига айтган сўзи ҳам ибрат олгулик:

"Эй сиз, бизга келтирадиган ризқимиз тўғрисида Аллоҳдан қўрқинг, ҳалолдан топинг. Чунки биз очликка чидаймиз, дўзах азобига бардош бера олмаймиз!"

Дарҳақиқат, бойликнинг ҳалолига ҳисоб бор, ҳаромига эса итоб!

Аллоҳ барчамизга ҳалолидан берсин, бизларни дунё ва охиратни обод қиладиган аҳли давлат, аҳли ҳиммат бандаларидан қилсин.

Абдулатиф Атаханов,
Хўжа Амин масжиди имом хатиби

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ёмғир, қор ёққанда ўқиладиган дуо

716 12:38 17.11.2021

Дуонинг ижобат бўлиши

1431 18:10 12.05.2021

"Унинг дуоси ижобат бўлди..."

4398 10:30 16.04.2021

Масжидда дуо қилган маст

6111 21:05 21.03.2021

Ибн Жавзийнинг нотаниш маййит ҳаққига қилган дуоси

2902 15:00 24.01.2021
« Орқага