Дуолар қилинар экан, қадардан хавотир олишга асло ўрин йўқ

08:00 26.12.2018 1164

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман!

Жазоирлик ёши кекса бир аёл Жазоир аэропортида ёлғиз ўзи йиғлаб ўтирар эди. Сабаби, Ҳажга кетаётган тайёра у аёлни унутиб, осмону фалакка кўтарилган ва Жидда шаҳрига кетиб бўлган эди. Лекин Аршнинг эгаси бўлмиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло на Жазоир ва Жидда оралиғида қолганларни ва на осмону ернинг оралиғида турганларнинг ҳеч бирини унутиб қўймас.

Ҳеч нарсадан хабари йўқ учувчи бирдан тайёранинг гумбирлаган товушини эшитган заҳоти, Жазоир аэропортига қайтиб келишга мажбур бўлади. «Қизиқ, тайёранинг гумбирлаган товуши аёлнинг қалбидан отилиб чиққан нолаларининг гумбирлагани бўлдимикан?»

Муҳандислар то тайёрани кўздан кечириб, текширувдан ўтказиб олгунларига қадар аэропорт ходимлари ҳожиларни жойлаштиришга бўш ер излай бошладилар. Ва ниҳоят кекса жазоирлик аёл йиғлаб ўтирган хонага барча ҳожиларни жамлайдилар. Аёл ҳожиларни қаршисида кўргач, ҳайратга тушади. "Ё Аллоҳ, мен хаёл қиляпманми ёки бу Сенинг Буюклигингга қилган эътиқодимми?!" деб ичида пичирлайди.

Бироздан сўнг нуқсон ва айбини текширишга келган муҳандислар тайёрадан ҳеч қандай жиддий айб топилмаганлигини айтиб, хабар берадилар. Фавқулодда вазиятлар қутқарув отряди шундай дея эълон қилади: «Шуни тан олиб айтамизки, бугун Ҳажга йўл олган тайёрамиз мана шу ҳожи она туфайли ярим йўлдан қайтиб келди. У учун 200 дан ортиқ ҳожилар сарсон этилди. У туфайли барча муҳандислар ҳозиру нозир бўлди».

Ҳамма ходимлару ишчилар ҳайратда эди.

Бу қандайин кўз ёшлари бўлдики, фалакларга етиб борган бўлса?!

Бу қандайин (Аллоҳга бўлган) ишонч бўлдики, унинг қалбидан чуқур ўрин олган бўлса?!

Бу қандайин кафтлар бўлдики, осмон-у фалакка кўтарилганида Ҳақнинг ҳузурига етиб борган бўлса?!

Агарда бутун олам бўлсин сендан юз ўгирса, ва сен учун барча эшиклар беркилса ҳам, шуни билгинки, Аллоҳ таоло ҳеч қачон сени тарк этмагай. То дуолар қилинар экан, қадардан хавотир олишга асло ўрин йўқ!

Ҳикматлар чашмасидан
Агар одамларнинг энг кучлиси бўлишни истасанг, Аллоҳга таваккул қил.
Агар одамларнинг энг ҳурматлиси бўлишни истасанг, Аллоҳга тақво қил!

Интернет сарҳадларидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!