Илм

Дуоларнинг мустажоб бўлиш шартлари

1155

Ойшаи Сиддиқа розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади: «Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ сoллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирди ва уларга Ойша онамиздан яширинча бир нарса ҳақида гапирди. Ойша розияллоҳу анҳо намоз ўқиётган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Ойша, сен тўлиқ (дуолар қилишинг) ёки бошқа сўз (айтишинг) керак”, – дедилар. Ойша розияллоҳу анҳо намоз ўқиб бўлгач, Расулуллоҳдан бу ҳақда сўради. Расулуллоҳ унга: “Эй Аллоҳ, мен Сендан ҳозирги ва кечки, мен билган ва билмаган барча яхшиликни сўрайман ва Сендан ҳозирги ва кечки, мен билган ва билмаган барча ёмонликдан паноҳ сўрайман. Мен Сендан банданг ва Расулинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраган яхшиликни сўрайман. Мен Сендан мен учун белгилаган ишнинг оқибатини донолик қилишингин сўрайман” дегин», – дедилар (Ибн Можа, Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва Имом Ҳоким ривояти).

Дуо мусулмон банданинг Роббисига илтижосидан иборат. У ҳамма вақт, фароғат ва мусибатда, бойлик ва қашшоқликда бўлади. Аллоҳдан ёрдам сўраш, Аллоҳ ҳузурига қочиш ила дилнинг У билан алоқаси, Ундан ёрдам сўрашидир. Банда ҳар доим дуо қилиши, Раббисидан касалликни йўқ қилишини ёки ғамни аритишини, аламни кетказишини ёки умид ва хоҳиш-истагини рўёбга чиқаришини сўраши керак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга кўп ҳадисларида дуонинг муҳимлигини баён қилганлар. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуо ибодатдир”, – дедилар (Имом Абу Довуд, имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга мукофотнинг муҳимлигини, дуо қилувчига Аллоҳ ҳузурида савоб борлигини, унинг ҳар дуода Роббисининг ажрига эришишини тушунтирдилар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббингиз таборака ва таоло ҳаёли, марҳаматлидир. Агар бандаси Унга қўлларини кўтарса, уни қуруқ қайтаришдан ҳаё қилади”, – дедилар (Абу Довуд, Имом Термизий, Ибн Можа, Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Имом Табароний, Имом Ҳоким ривояти).

“Эй Аллоҳ, мен Сендан ҳозирги ва кечки, барча яхшиликни сўрайман” дуосида мусулмон аёл Раббисидан сўрайди. Шубҳасиз, сен баъзи бир истаган нарсаларингни эслайсан. Бир вақтда ва бир лаҳзада хаёлингга барча хил яхшиликлар келмайди. Лекин сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ойша розияллоҳу анҳога ўргатган шу сўзларни айтганингда, худди сен барча хил яхшиликни, балки сен билмайдиган яхшиликларни сўраган бўласан. Қандай ҳам сермазмун ва кенг қамровли дуо бу!

Расулуллоҳнинг “Мен Сендан барча ёмонликдан паноҳ сўрайман” деган қавли олдингисининг аксидир. Худди сен Аллоҳдан сен билган ва билмаган барча хил ёмонликлардан асрашини сўрайсан.

Манбаларда, Расулуллоҳнинг “Мен Сендан жаннатни ва унга яқинлаштирадиган қавл ёки амални сўрайман”, дегани, мусулмон банда эришишни умид қиладиган энг олий мақсаддир. Шунинг учун сен эрта-ю кеч Раббингдан сени жаннат аҳлидан қилишини сўрашинг керак, дейилади.

Расулуллоҳнинг “Мен Сендан дўзахдан паноҳ сўрайман” деган қавли дўзахдан нажот бўлиб, катта ютуқни англатади. Роббимиз азза ва жалла айтганидек, “Қиёмат кунида, албатта, мукофотларингиз сизларга тўла-тўкис берилур. Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди” ("Оли Имрон" сураси, 185-оят).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам заифлашган, ориқлаб жўжадек бўлиб қолган бир мусулмон кишини кўргани бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Сен бирор нарсани дуо қилиб сўраганмисан?” – дедилар.

У киши: “Ҳа, “Ё Аллоҳ, мени охиратда жазоловчи бўлмасанг, уни дунёда тезлаштир” дер эдим”, – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Субҳоналлоҳ, бунга тоқат қилмайсан ёки қўлингдан келмайди. Ё Аллоҳ, бизга дунёда ва охиратда яхшиликни ато қил. Бизни дўзах азобидан сақла” демадингми”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло ҳузурида мақбул бўлиши учун биз ажралиб туришимиз керак бўлган баъзи одоблар бор:

Биринчиси, дуога жазм қилиш, ижобатга эришишда Аллоҳ таолога бўлган тўлиқ ишонч.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни дуога жазм қилиш ва чуқур эътиқодга чақирдилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бирортангиз дуо қилса, бир масалага ният қилсин. “Агар хоҳласанг, менга ато қил” демасин. Чунки у унга ёқимсиз эмас”, – дедилар ( Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Аҳмад ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: “Бирортангиз “Ё Аллоҳ, агар хоҳласанг, мени кечир, Ё Аллоҳ, менга раҳм қил” демасин. Бир масалани ният қилсин. Чунки у унга ёқимсиз эмас” (Имом Бухорий ривояти).

Иккинчиси, дуода қатъийлик. Чунки Роббинг азза ва жаллага тобе бўлиш, Унинг улуғворлигига итоаткорлик ва Унинг меҳр-шафқати ҳақида яхши фикрнинг турларидан биридир. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни шошқалоқликдан огоҳлантирдилар ва бизга қатъийликни тарк этишнинг натижаси нима бўлишини тушунтирдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳ қилишни ёки қариндошликдан узоқлашишни қўймаса-да, шошқалоқлик қилмаса, банданинг дуоси мустажоб бўлишда давом этади”, – дедилар. “Ё Расулуллоҳ, шошқалоқлик нима?” – деб сўрашди. Расулуллоҳ: “Дуо қилдим, дуо қилдим ва дуоим мустажоб бўлганини кўрмадим” дейди, шунда чарчайди(умидсизликка тушади) ва дуо қилишни тўхтатади”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бундан мурод, унинг дуони тарк этишидир. Аллоҳ таолонинг ушбу қавли шундандир: “Осмонлар ва Ердаги борлиқ Уникидир. Унинг ҳузуридаги зотлар (фаришталар) Унинг ибодатидан орланмайдилар ва чарчамайдилар ҳам” ("Анбиё" сураси, 19-оят).

Яъни, уни тарк этмайдилар. Унда доимий дуо қилиш керак ва ижобатни секин деб ҳисобланайди”.

Учинчиси, овознинг пастлиги ва мулойимлиги. Улуғ Раббинг сени Унга итоаткорликка, мискинликка буюрди. Аллоҳ азза ва жалла деди: “Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” ("Аъроф" сураси, 55-оят).

Бу дуога буюришдир. Сўнг Аллоҳ таборака ва таоло уни у билан яхши бўладиган сифатлар билан боғлади, булар – итоаткорлик, бўйсуниш ва ўтиниб сўрашдир.

“Хуфёна”нинг маъноси риёкорликдан узоқлашмоғинг учундир. Шу билан Раббимиз пайғамбари Закариё алайҳиссаломни мақтади. Аллоҳ азза ва жалла деди: “Қачонки, у (Закариё) Парвардигорига хуфёна (товушсиз) дуо қилиб” (“Марям” сураси, 3-оят).

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзингизга ёрдам қилинглар ва овозингизни пасайтиринглар. Чунки сизлар кар ва йўқ бўлган эмас, балки эшитувчи ва ҳамма нарсани кўриб турувчи Зотга дуо қиласизлар”, – дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Тўртинчиси, Аллоҳ таолодан Унинг гўзал исмлари ва юксак сифатлари билан сўраш. Аллоҳ таборака ва таоло айтди: “Аллоҳнинг чиройли исмлари бордир. Уни ўша (исм)лар билан чорлангиз!” ("Аъроф" сураси, 180-оят).

Бурайда розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг “Ё Аллоҳ, мен Сендан сўрайман. Мен Сенинг Аллоҳ эканлигингга, Сендан бошқа илоҳ йўқлигига, Сенинг туғмаган ва туғилмаган, ҳеч бир тенги бўлмаган ягона, эҳтиёжсиз, лекин ҳожатбарорлигингга гувоҳлик бераман” деяётганини эшитдилар ва: “Сен Аллоҳдан шундай исм билан сўрадингки, агар у билан сўралса, ато қилади, агар у билан дуо қилинса, жавоб беради”, – дедилар (Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Аҳмад, Имом Ҳоким ривояти).

Бешинчиси, эзгу амал билан дуо қилиш.

Бу ғорга кирган уч киши ривоятида келган. Уларнинг устига бир қоятош яқинлашиб, улар ичкарида бўлган ғорнинг оғзига келиб тушди. Улар ўзига хос, энг тўғри амалларини айтиб, Роббисига ўтинишди. Меҳрибон Парвардигор уларнинг дуоларини мустажоб қилди.

Манбалар асосида «Исламобод» жоме масжиди имом-хатиби Абдуллоҳ ЙЎЛДОШЕВ тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳадисларни англаш учун еттита нарсани билиш керак

316 20:30 15.10.2019

Аксириш неъмати

1429 22:00 26.09.2019

Маънавият дарсида Бухорий ҳадислари ўргатиляпти

948 11:05 19.09.2019

Адабиёт дарсида ҳадис ўрганишибди...

1698 10:53 17.09.2019

Ашуро куни оиласига кенгчилик қилиб бериш

3997 08:55 08.09.2019

Ашуро қайси кунга тўғри келади?

2450 18:35 06.09.2019
« Орқага