Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Электр энергияси тақчиллиги муаммосини ҳал қилса бўладими?

757

Охирги пайтлар каналимизга электр энергияси таъминотидаги узилишлар ҳақида мурожаатлар сони кескин ошди. Буни ҳатто эълон қилинган сўровимиз натижалари ҳам кўрсатиб турибди.

Сўровномада иштирок этган 11 мингдан ортиқ ўқувчиларимизнинг қарийб 60 фоизи чироқ кўп ўча бошлаганини қайд этган. Умуман, электр энергияси тақчиллиги, тармоқдаги узилишларга қачон чек қўйилади? Қанақадир вақт мўлжал қилинганми? Масалан, 2021 йил ёки 2025 йил ёхуд 2030 йил? Ё бундан кейин ҳам осмонга булут чиқса, чироқ ўчишда давом этаверадими?

Ҳукумат ушбу муаммони ҳал қилиш бўйича қанақадир тасаввур ёки концепцияга эгами? Ёки 10 йилдан кейин ҳам “тезкор штаб тузилди”, “кечаю кундуз иш олиб борилмоқда, ноқулайликлар учун узр сўраймиз”, қабилида иш тутаверамизми?

Энергетика соҳаси ислоҳ қилиниши керак. Бу ҳаётий зарурат. Лекин буни ким қилади ва қачон қилади? Бу муаммони ижобий ҳал қилганлардан бири — Грузия. (Рости, Грузияни мисол қилиб келтиришга одам хижолат қила бошлади).   

Қисқа муддатда энергетика тармоғини ислоҳ қилиб, яхши натижаларга эришган Грузиянинг ўз вақтида энергетика вазири бўлган, кейинчалик ҳукумат раҳбари бўлган Николаз Гилаури ҳукумат энергетика тармоғини ислоҳ қилишда битта мезонга асосланиб иш тутиши керак, дейди. У ҳам бўлса электр тарифининг қимматлиги оғир сиёсий оқибатларга олиб келадими ёки чироқнинг умуман йўқлиги. Электр қиммат бўлса-да, туну кун бўлишига эришишнинг ҳукумат учун сиёсий оқибатлари анча паст, дейди у.

Грузия энергетика соҳасини ислоҳ қилишга 2005 йилда киришади. Унгача мамлакатнинг электр таъминоти қарийб ишдан чиққан, ҳатто Тбилисининг ўзида кунига 7 соат атрофида чироқ берилган. Тармоқ бўйнигача коррупцияга ботган. Вазият шу даражага бориб қолганки, одамлар норозилик намойишларига электр энергияси йўқлиги учун эмас, балки давлат идоралари электрни ўчиришни олдиндан хабардор этишини талаб қилиб чиқишган. 2004 йилда мамлакат бўйлаб электр энергиясининг техник йўқотилиши 6,6 фоиз, ишлатилган электр энергияси учун тўловларни ундириш 22 фоиз атрофида бўлган, Грузия электр энергиясини импорт қилган. 

Орадан 5 йил ўтиб вазият бутунлай ўзгаради. Масалан, 2009—2011 йилларда умуммиллий даражада чироқ ўчиш ҳолатлари умуман кузатилмайди. Мамлакатда электр таъминоти узлуксизлиги таъминланади. Техник йўқотишлар миқдори 1,7 фоизгача тушган. 2009 йилдан электр учун тўловни ундириш қарийб 100 фоизга етган. Беш йил ичида Грузия электр импорт қиладиган давлатдан ток экспорт қиладиган давлатга айланди. Албатта, бу ислоҳотлар осон кечмаган, одамларнинг, тармоқда коррупциялашган амалдорларнинг кескин қаршилигига учраган.

Қатъий ирода, шаффоф ислоҳотларгина вазиятни тубдан ўзгартира олган.

Нима демоқчимиз: электр энергияси тақчиллиги муаммосини ҳал қилса бўлади. Бунинг учун АЭСнинг битишини кутиш шарт эмас. Лекин муаммо бир жойда депсиниб туриш билан ҳал бўлиб қолмайди...

Қобил Хидиров, 
журналист

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Электр, газ ва сувга рухсатсиз уланганлик учун жавобгарлик кучаяди. Бу қанчалик адолатли?

821 20:20 26.01.2021

Масжидул Ҳаромни қадамларнинг кучи билан ёритса бўладими?..

888 11:40 10.12.2020

No Comment! "Ўзбекнефтегаз": даромад 19 триллион сўм, харажат эса 20 триллион... 

1844 13:05 30.11.2020

2021-2022 йилларда электр энергияси нархлари оширилмайди

772 10:45 27.10.2020

Электр энергиясини ҳисоблаш янгича усулда амалга оширилади

1723 20:00 02.10.2020

Электр корхонаси масжидга: «Ё қарзни тўланг, ё пеня қўшамиз!»

2016 20:10 29.07.2020
« Орқага