Elma компаниясидан динимизга ҳурмат билан қарашни сўраймиз

20:00 28.12.2017 9674

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси "Туристик хизматларни сертификатлаштириш маркази" давлат унитар корхонаси томонидан янги давлат стандарти ишлаб чиқилди.

2018 йил 1 январь эътиборидан расман кучга кирадиган қоидаларда ҳар бир меҳмонхонада Қуръони карим, ибодат қилиш учун жойнамоз (меҳмонхона номерларининг энг камида 10 фоизида) ва қибла кўрсаткичи (меҳмонхона номерларининг энг камида 30 фоизида) бўлиши шарт этиб белгиланди.

Шундан сўнг мамлакатимизда зиёрат туризмига катта эътибор қаратила бошлади. Соҳа мутахассислари бир қатор давлатларга бориб, ўзаро тажриба алмашиб қайтдилар.

Ўз-ўзидан равшанки, бу юртимизда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар учун зўр имкониятдир. Зиёрат туризми билан юртимизга келадиган сайёҳлар учун қулайликлар яратиш, янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш ва бу орқали ўз ишини янада ривожлантириши мумкин бўлади.

Elma компанияси ҳам шу мақсадда қоғоз сочиқлар ишлаб чиқибди. Унинг устидаги ёзувга қарайдиган бўлсак, меҳмонхона, ресторан ва кафеларда фойдаланиш кўзда тутилган экан. Қоғоз сочиқлар ўрамида юртимиздаги тарихий обидалар тасвирланган. Хўш, нима бўлибди дейсизми?

Elma томонидан чиқарилган ва ҳожатхонадан топилган ўрам устида Бибихоним мақбараси тасвирланган. Ҳамма яхши билади, мазкур мақбара Бибихоним жомеъ масжиди пештоқи қаршисида жойлашган. Табиийки, бинонинг пештоқида қандайдир оддий сўзлар эмас, балки муборак каломлар ёзилган.

Бинонинг юқори қисмида “Намозга (вақти) ўтишидан шошилинглар, Тавбага ўлимдан олдин шошилинглар” деган марфуъ ҳадис келтирилган.

Бироз пастга тушамиз. У ерда тасвирланган сўзнинг далили шу қадар кучлики, бу бутун Ислом умматининг ўқ томири ҳисобланадиган жумладир: “Ла илаҳа иллаллоҳ”.

Ана энди ўзингизга савол беринг, Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинадиган ҳадис, мусулмонларнинг асосий калимасини қўл артиш учун чиқарилган сочиқларда туриши қай даражада тўғри? Бу динимизга, нафақат юртимиздаги, балки хориждан келадиган мусулмонлар учун ҳам ҳақорат эмасми? Мазкур ёзувни хорижликлар кўрганида булар динига ҳурмат ўрнига ҳурматсизлик кўрсатади демаймиди?

Биз бир нарсага ишонгимиз келяпти, Elma компанияси буни атайин қилмаган. Эҳтиётсизлик ва эътиборсизлик натижасида бу ҳолат юзага келган деб ўйлаймиз.

Ишонамизки компания жамоаси мазкур мавзу юзасидан тегишли баёнот беради ва мазкур хатони бошқа такрорламасликка интилади. Зеро, Конституциямизнинг 4-моддасида “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” деб, бу борадаги ишлар тартибга солиниши мустаҳкамлаб қўйилган.

Абу Муҳаммад СОДИҚ

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!