Илм

"Эмаклаб бўлса ҳам унга жавоб бераман"

907

Абу Ақийл Абдураҳмон ибн Саълаба Бадр ғазотида ва ундан кейинги барча ғазотларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга иштирок этган саҳобалардан эдилар. Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ Жаъфар ибн Абдуллоҳ ибн Асламдан қуйидаги воқеани ривоят қилиб келтирганлар:

“Ямома жанги куни (Ямома – Арабистон ярим оролида жойлашган қадимий шаҳарлардан бири. Ҳозирда Нажд ерларига тўғри келади. Ямома жанги ҳижрий 632 санада содир бўлган. У ридда уруши сирасига киради. Бу жангда 70 нафар ёки ундан ортиқ қори ҳалок бўлган) мусулмонлар сафландилар. Саф ичидан илк ярадор бўлган киши Абу Ақийл эди. Унга отилган ўқ икки елкаси орасидан кириб юрагининг ёнидан тешиб ўтган, аммо ўлдирмаган эди. Одамлар ундан ўқни суғуриб олишди. Бу ҳодиса куннинг аввалида содир бўлганди. Улуғ саҳобий ярадор бўлган чап тарафига бироз оғиб, четроқ панага ўтадилар. Уруш қизиганда мусулмонлар ортга чекинишди.

Абу Ақийл жароҳати билан оввора бўлиб турган бир пайт эди. Шунда Маън ибн Адий исмли киши “Эй ансорлар! Аллоҳни эсга олинглар ва душманингизга қайта ҳамла қилинглар!” деб нидо қилди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Абу Ақийл қавмини чорлаш учун ўрнидан турмоқчи бўлди. Мен унга “Нима қилмоқчисан? Сен урушолмайсан-ку!” дедим. У бўлса “Нидо қилувчи исмимни айтиб чақирди-ку!” деди. Мен унга “Ахир у “Ансорлар!” деди, жароҳатланганларни айтмади” дедим. У бўлса “Мен ҳам ансорларданман. Энди у нидога эмаклаб бўлса ҳам жавоб беришим керак!” деди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо воқеани бундай давом эттирадилар: “Абу Ақийл ўнг қўлига қиличини олди-да, ёнбоши билан сурилиб-сурилиб олдинга юришга интилди ва “Эй ансорлар! Ҳунайн кунидаги каби душманингизга қарши қайта жамланинглар! Аллоҳ сизларга раҳм қилсин! Бу ёққа келинглар!” деб нидо қилди”. Мусулмонлар душманга қарши мустаҳкам қалъадек саф тортдилар. Ҳатто душманни катта боғ ичига киришга мажбур қилиб, уларга қақшатқич зарбалар бердилар. Сафлар ва қиличлар бир-бирига қоришиб кетди.

Воқеани кузатиб турган Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Мен Абу Ақийлга назар солсам, унинг чап қўли елкасидан узилиб тушган, ўзи ҳам ҳолсизланиб ерга йиқилган экан. Унинг танасида ўн тўртта жароҳат бор эди. Бу орада Аллоҳнинг душмани Мусайлама ҳам ўлдирилди. Абу Ақийлнинг олдига бордим, қарасам, у сўнгги нафасларини олаётганди. Унга “Эй Абу Ақийл!” дедим. У жуда паст ва сокин овозда “Лаббай. Ғалаба кимга насиб этди?” деди. Мен “Хушхабар! Аллоҳнинг душмани ўлдирилди” деб баланд овозда айтдим. У бармоғини юқорига кўтарган ҳолда Аллоҳ таолога ҳамд айтди-да, омонатни топширди. Аллоҳ уни раҳматига олсин! 

Кейин Мадинага келганимда отам Умар розияллоҳу анҳуга бўлиб ўтган воқеаларнинг ҳаммасини гапириб бердим. Отам ҳикоямни эшитиб бўлгач, “Аллоҳ уни раҳматига олсин! Шаҳид бўлиш учун тинмай ҳаракат қилибди-да! У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яхши саҳобаларидан ва Ислом динига аввал кирганлардан бири эди” дедилар”.
 
Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Фатвога журъатли бўлиб қолдик...

266 23:05 29.01.2020

Фиръавн бундан-да ҳашаматли қасрларни қурдирган эди...

556 22:35 29.01.2020

Ҳаддимиздан ошдик: ашулачи фатво бера бошлади...

2077 20:30 29.01.2020

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳаётларидан бир лавҳа

3581 08:00 29.01.2020

Коронавирус нима? Қаердан келди? Қандай ҳимояланиш керак?

2294 21:30 28.01.2020

Севги борми ўзи?

1462 18:00 28.01.2020
« Орқага