Таҳлил

Эмлашга қарши эпидемия

1355

Монтегю хонимга ҳеч ким ишонмади

Леди Монтегю, Англия элчисининг рафиқаси, 1716-1718 йилларда  Истанбул табибларининг чечакка (оспага) қарши эмлаётганликлари ҳақида ватанига мактублар йўллади. Британия шифокорларнинг кенг доираси бу хабарга катта ишончсизлик билан қаради. Аммо инглиз қироли табиблари турклар услуби билан шаҳзодаларни чечакка қарши мувафаққиятли эмлаб қўйди.

1796 йили инглиз олими Эдвард Женнер сигир чечагига қарши эмлашни бир неча тажрибалардан ўтказиб, ижобий натижаларини оммага эълон қилди. Узоқ асрлар давомида юз минглаб одамларнинг баъзиларини ўлдириб, баъзиларини бир умрга мажруҳ қилган чечак эпидемиясига қақшатқич зарба берилди.

Эмлаш миллий сиёсатга айланди

Европалик олимлар 18-аср охирларидан бошлаб вакцинацияга жиддий эътибор қаратдилар, уни бошқа юқумли касалликларга ҳам қўллаш ҳақида ўз тадқиқотларини бошладилар. Қарийиб яна юз йил ўтгач француз олими Луи Пастер бошқа эпидемик касалликларга қарши янги вакциналарни таклиф қилди. 19-асрнинг охирига келиб ғарб давлатлари оммавий эмлаш амалиётини миллий сиёсат даражасигача кўтардилар: уни кенг тарғиб қилиш, ва кези келганда, мажбурий татбиқ этишни йўлга қўйдилар.

Биз яшаётган асрга қадар ўндан ортиқ юқумли касаллик турлари эмлаш орқали профилактика қилинадиган бўлди. Эмлаш сабабли ер юзида йилига миллионлаб одамлар ҳаёти сақланди, болалар ўлими кескин камайиши инкор қилиб бўлмайдиган фактга айланди.

“Қора кучлар” яна гумон остида

Вакцинация ютуқларига қарамай эмлашга нисбатан ишончсизлик ўсиши кузатиляпти, баъзи мамлакатларда аксил-эмлаш жамоатчилик ҳаракатлари ташкил этишгача борди. Эмлашга қарши турли китоблар, интертент оламида видеолавҳалар кенг тарқаляпти. Болалар ўлими ва хасталаниш ҳолатлари эмлаш билан боғлиқлиги ҳақида гаплар кўпая бошлади. Айниқса конспирологик назариялар бу мавзуга алоҳида эътибор берадилар. Уларнинг наздида оммавий қирғинлик уюштириш ёки халқларни мажруҳ қилиш мақсадида эмлаш амалиёти "қора кучлар" тарафидан ўйлаб топилган. Ушбу "қора кучлар"га асосан фармакалогик компаниялар сиймосида ғарбнинг “парда орти” ташкилотлари киради деб уқтирилади.

Конспирологик қарашлар мусулмонлар орасида кенг тарқалиб кетган. Тушунмовчиликларни енгиш изланувчан ва холис онг учун қийинмас эди аслида. Эмлаш давридан олдин эпидемиялар тарихи, касалликлар ва ўлим статистикаси билан танишиб чиқишнинг ўзи кифоя бўларди.  Ижтимоий тармоқларда эмлашни ёқлаётганлар 1717 йилги Монтегю хонимнинг уринишларини эслатяпти.  Ҳар қанча ашёвий ва мантиқли далиллар берилмасин, кўр кўрона инкор васвасаси одамлар тафаккурида маҳкам ўрнашиб олган.  “Мен болаларимни эмламадим, улар соғ саломат юришибти” деювчилар эмлашнинг оммавий қўллангани сабабли эмланмаганларгача касаллик етиб келмаётганини англамайдилар.

Эмлашнинг отаси – тарих, онаси – фан

Европа эмлашга ишонч хосил қилиши учун қарийиб 150 йил керак бўлди.  Юқумли касални енгиш учун уни оз миқдорда юқтириб, организмнинг касалга қарши туриш қувватини (имунитетини) кучайтириш мумкин деган ғоя жуда ғалати эшитилар эди. Дастлаб эмлаш тарафдорларида жуда оз тажриба маълумотлари ва жўнгина технологиядан бошқа нарса йўқ эди. Хозир эса қўл остимизда минглаб статистик маълумотлар, мутахассис олим фикрлари, чуқур таҳлил қилинган илмий асарлар мавжуд бўла туриб қандайдир сафсата ва ваҳималарга ишониб ўтирибмиз. 

Юқумли касалга ва заҳар моддаларига организмни ўргатиш қадимдан қўлланиб келган, аммо ҳамиша ҳам муваффақиятли бўлавермаганидан бу услуб кенг ёйилмаган эди. Фақат Усмонлилар давлатининг табиблари биринчи бўлиб чечакка қарши эмлашни кенгроқ қўллай бошладилар.  Аммо улар ҳам бу муолажанинг катта имкониятларини очмадилар. Ҳар галгидек, шарқдан бир оз билим “ўғирлаб” олаган европаликлар вакцинацияни инсоният кашфиётларининг чўққсигача олиб чиқдилар.

Бу бизни нега ўйлантирмайди? Нега фан тилини тушунишга урунмай, сохта-илмий талқинларга эргашиб кетаверамиз? Нега ичимиздан Монтегю, Пастер, Женнер каби фан фидоилари чиқишига интилмай, “чириган ғарб”нинг истеъмолчиси бўлишига рози бўла туриб, яна ортларидан конспирологик қора доғ ҳам суртиб қўямиз?

Ҳақиқий муаммолардан чалғимайлик

Ижтимоий тармоқдаги баҳсларда эмлаш ғоясини мутлақо инкор этиш ёки ҳимоя қилиш ўрнига қуйидаги реал масалаларга эътибор беришимиз керак эди:

- Шифокорлар малакасини ошириш, токи вакциналарни тавсия этилмаган одамларга қўллайвермасинлар, эмлашни ўз вақти ва жойида амалга оширишсинлар, сифатсиз вакциналарни ажарата билсинлар;

- Эмлаш ҳақида тарғибот, ташвиқот ишларини мунтазам олиб бориш, бунга ОАВни жалб қилиш;

- Эмлаш сабабли деб гумон қилинаётган касаллик ва ўлим ҳодисаларини шаффофликда тадқиқ қилиш, очиқ терговни талаб қилиш. Бирон зиён вакцина сабабли содир бўлганлиги аниқланса унинг омилларини очиқлаб, яна бошқа қайтарилмаслик тадбирларини йўлга қўйиш;

- Вакцинация ихтиёрий бўлиши керак. Ўз болаларини эмлашни рад этувчилар сони критик даражага етса бунинг сабабларини ўрганиб, юқорида айтилган чора тадбирларни янада жадаллаштириш;

- Юртимизда энг самарали, энг хавфсиз вакциналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш.

Нафақат юртимиз, балки бутун инсоният олдида яна бир масала кўндаланг турибти: ақлий дангасаликка қарши вакцинани кашф қилиш.

PS. Эмлашга оид шаръий ҳукмлар билан қизиққанлар учун:

Эмлаш ҳақида

Болаларни эмлаш мумкинми?

Жамшид Муслимов

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага