Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Энди бу шаҳарда Аллоҳнинг ҳабиби яшайди…

1005

Мадинага улуғ зот ва унинг соҳиби келаётгани хабари тарқалди. Шу ондан бошлаб Мадина аҳли ҳар куни эрталаб уйларидан чиқиб, узоқ уфқ тарафга интизорлик ила боқишар, келаётган улуғ зотнинг шавқида ёнишар эди. Улар то қуёш кўтарилиб, иссиқ авжига чиқа бошлагунча туришар, сўнгра уйларига тарқалиб,  эртаси кунини интизорлик билан кутишарди.

Аллоҳ таоло инсониятга раҳмат ўлароқ, охирги пайғамбар юборганининг ўн учинчи йили, рабиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни. Одатга кўра нигоҳлар интизорлик ила кутилаётган зот йўлига муштоқлик ила тикилган. Мадина аҳли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улар сари йўлга чиққанларини эшитганларидан буён, у зотни интизорлик ила кутишар, шаҳарнинг ташқарисига чиқиб олишиб, у зотнинг муборак чеҳралари соғинчида  узоқларга тикилиб туришар эди. Ҳар кунгидек бу кун ҳам қуёш тафти авжланиб, иссиқ кучайгач, яна ноумид ҳолда уйларига қайтишди.

Улар кутаётган зот дунёдаги кутишга, унинг соғинчидан ўртанишга энг лойиқ кимса эди! Уларни ҳар кун эрталаб уйларидан чиқишга, кун исиб кетгунча умид билан кўриниб қолармиканлар, дея кутишга мажбур қилган инсон, бу муҳаббатга энг лойиқ зот эди!

Мадина аҳлини безовта қилиб қўйган нарса, оламлар Роббининг энг охирги пайғамбари, мусулмонлар учун ота-онасидан, фарзандларидан ва ҳатто ўз жонидан-да афзалроқ бўлган зот муҳаббати эди. Бу тоифа интизор кутувчилар дунёдаги энг бахтли кутувчилар эди. Ахир улар Аллоҳ таолонинг ҳабиби ва халилини, қиёмат кунидаги инсонларнинг шафоатчисини кутаётган эдилар.

Ўша кун ҳам ноумидлик билан уйларига қайтишди. Яҳудийлардан бири бир юмуш билан тепароқ жойга чиқиб қолиб, узоқдан икки кимса келаётганини кўриб қолди. У ушбу келаётган кимсалар шаҳар аҳли интизорлик билан кутаётган инсонлар эканини фаҳмлади. У икки инсон эса аста-секин Ислом динининг янги ватани бўлмиш Мадинага яқинлашиб келар эдилар.

Яҳудий бор овози билан: “Эй шаҳар аҳли! Сизлар интизор бўлиб кутаётган кишингиз келаяпти! Бу ўша кутаётган улуғ кишингиздир!” – деб бақира бошлади. Ясриб шаҳри аҳли бу муждани интизорлик билан кутишаётган эди. Наҳотки?! наҳотки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келаётган бўлсалар?!

Бир зумда Ясриб кўчалари одамларга тўлиб, байрамга айланиб кетди! Ясриб аҳли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни олдин кўришмаган. Улар Аллоҳ таолонинг Расулини танимайдилар. Лекин у зотнинг муҳаббатига қалблари лим-лим тўлган эди. Муштоқликдан сўнг висол қандай роҳатбахш-а?

Бароъ розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биз (Мадина) га келган илк саҳобалари Мусъаб ибн Умайр ва ибн Умму Мактум бўлиб, улар одамларга Қуръон ўқиб беришар эди.  Кейин Аммор, Билол ва Саъд келишди. Сўнгра Умар ибн Хаттоб келди. Сўнгра эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб келдилар. Одамлар у зот келишидан шу қадар хурсанд бўлишди-ки, улар илгари ушбу кундагичалик сира ҳам ҳурсанд бўлишмаган эди. Ҳаттоки, аёллар ва ёш болалар ҳам “Бу Расулуллоҳдир! Бу келган зот Расулуллоҳдир!” – деб юришарди (Бухорий ривояти).

Мадина аҳлининг кўпчилиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришмаган, келган икки кимсанинг қайси бири у зот эканини билишмас, ҳатто уйларнинг тепасига чиқиб олганлар ҳам завқ-у шавқ билан “Расулуллоҳ қай бирлари?!” – деб сўрашар эди.

Бу инсонлар дунёнинг энг бахтли инсонлари эди. Нега ҳам шундай  бўлишмасин, ахир энди уларнинг орасида оламлар Роббисининг ҳабиби яшайди. Энди улар ҳар куни у зотни кўришади. Ҳар куни у зотдан  саволлар сўрашади. Энди улар ҳар куни у зотга таомлар жўнатиш бахтига муяссар бўлишлари, у зотнинг ортида намоз ўқишлари, у зотга тўйиб-тўйиб боқишлари, у зотнинг ҳидларидан тўйиб-тўйиб ҳидлашлари мумкин. Энди уларнинг уйларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб қолишлари мумкин. Энди уйларида дунёнинг энг мукаррам зотини меҳмон қилишлари, у зотга уйларида намоз ўқийдиган жойни белгилаб бериш учун илтимос қилишлари ҳам мумкин. Бу шаҳар аҳли қандай ҳам бахтли эканлар-а?!

Энди бу шаҳарга фаришталарнинг пайғамбари ҳисобланмиш Жаброил алайҳиссалом оламлар Роббисининг каломини олиб келади! Энди ушбу шаҳарга ваҳий нозил бўлиб туради! Қандай бахтли шаҳар-а?!

Энди Ясриб аввалги ҳолатида қола олмайди. Энди Ясриб “Мадинатур-расул”, “Пайғамбар шаҳри” га айланади. Энди Ясрибда аввалгидек безгак бўлмайди. Энди Ясриб файз-у баракотга бурканади. Қандай саодатли шаҳар экан-а?!

Ажабо! Ҳаёт қанчалар мураккаб ва инсонлар қанчалар ҳам турфа хил-а?!

Аслида ушбу улуғ неъмат Макка аҳлига берилган эди. Улар эса бу неъматнинг қадрига етиш ўрнига жоҳиллик билан инкор қилишди ва адоватга ўтишди. Натижада эса бундайин улуғ неъматдан маҳрум бўлишди. Ўн уч йиллик саодатли онлар Макка аҳлидан баъзиларининг бахтли, баъзиларининг эса энг бахтсиз инсон бўлишига етарли бўлди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Амр ибн Авф ерига тушиб, у ерда ўн тўрт кун яшадилар. Ва Қубо масжиди ушбу муддатда қурилди. Ушбу масжид Исломдаги биринчи қурилган масжиддир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилган: “Албатта, биринчи кундан тақво асосида қурилган масжидда турмоқлигинг ҳақдир. Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир” (Тавба сураси, 108-оят).

Мадина шаҳрига борганлар, бу шаҳарнинг қанчалар ҳам ёқимли эканини, шаҳар аҳлининг ҳалимлиги, ҳавосининг ёқимлилигини ҳис қилишади. Ушбу муқаддас шаҳарга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиёратларига тўймай қолишади. Зотан, ушбу  шаҳарда инсониятнинг энг афзали, пайғамбарларнинг имоми, қиёмат кунидаги шафоатчи, мақтов байроғи соҳиби бўлмиш Муҳаммад алайҳиссалом мадфундирлар.

Аллоҳ таоло у зоти мунаввар соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг шафоатларидан барчамизни насибадор қилсин!

Суннатуллоҳ Абдулбосит

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мадинада Пайғамбаримизнинг ҳаётларига бағишланган музей очилди

709 21:00 06.02.2021

Мадина дунёнинг энг соғлом шаҳарларидан бири сифатида эътироф этилди

831 09:56 25.01.2021

Макка ва Мадинада истисқо намози ўқилди (фото)

1107 13:05 21.11.2020

Xорижликлар учун умра зиёрати бошланди

985 16:30 01.11.2020

Насронийларнинг масжидда ибодат қилганини биласизми?

1672 00:00 28.05.2020
« Орқага