Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Энди ишонч, дўстлик, ҳамкорлик ва жамоавий мудофаа даври бошланди» – Камолиддин Раббимов

1073

5-6 декабр кунлари Ўзбекистон Президенти Мирзиёев Қозоғистонга давлат ташрифи билан, сафарда бўлди. Бу ташриф ҳам, Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларидаги, бошқа сафарлар қатори, стандарт муносабатларни давом эттиради деб ўйлаган эдим. Йўқ. Икки давлат ўртасида янги руҳият, янги муносабат шаклланаяпти. Биринчи маъмурият даврида, икки давлат ўртасидаги муносабатларда носоғлом рақобат, ишончсизлик ва совуқлик устувор кўринар эди. Мен бу муносабатларни “Бжезинский синдроми” деб номлаган эдим. Сабаби, Бжезинский ўзининг “Буюк шахмат доскаси” китобида, “Марказий Осиёнинг лидери ким: Қозоғистонми ёки Ўзбекистон?” – деган савол берган эди. Ва мана шу савол икки давлат элитасининг тафаккурида мустаҳкам жой эгаллаб, носоғлом рақобатни янада кучайтирган эди. 

Бугун Марказий Осиёдаги геосиёсий вазият бошқача. Қозоғистон учун, минтақавий ҳамкорлик ва мувофиқлашув – жуда муҳим. Қозоғистоннинг асосий қўшниси – РФ билан муносабатларидаги хавфли нуқталар расмийлаштирилди. Қозоғистоннинг жорий Президенти Тоқаевнинг “Биз ўзаро муносабатларда давлатимизнинг қадр-қимматини қурбон қилмаймиз!” деган оҳанги, Москванинг норозилигига сабаб бўлди. 

Ўзбекистонда ҳам, ҳокимият ўзгариши билан, мутлақ янги геосиёсий қараш ва оҳанг пайдо бўлди. Давлат раҳбарларининг ички маданияти, психологияси, стратегияси ички ва ташқи сиёсатда нақадар ҳал қилувчи рол ўйнашига бу яхши бир мисол. Ўзбекистон ҳам ўзининг ички муаммоларини ҳал қилиши учун минтақавий ва ташқи сиёсатда иҳоталаниш ва ўжарлик қилиш эмас, манфаатларга асосланган интенсив ҳамкорлик сиёсатига ўтди. 

Кечаги сафарга “давлат ташрифи” мақоми берилди. Бу билан Президент сайловидан кейинги биринчи давлат ташрифи Қозоғистонга тўғри келди. Нурсултон шаҳрида Ўзбекистоннинг янги элчихонаси очилди. Баҳайбат ва жуда чиройли элчихона. Ўзбекистоннинг ташқи дунёдаги элчихоналари ичида энг каттаси, энг жозибалиси Нурсултонда бўлса керак. Ўз навбатида Тошкентдаги Қозоғистоннинг элчихонаси Тоқаевнинг келишига очилса керак. 

Асосийси, икки давлат “иттифоқчилик муносабатлари” тўғрисидаги декларацияни имзолаган. Бу декларация, жуда катта сиёсий-рамзий аҳамиятга эга. Бу декларация, икки давлатнинг ўзаро координацияси юқори даражада бўлиши кераклигини англатади. Бу декларация, агарки реал ҳаётда тўлақонли ишласа, Марказий Осиё минтақасининг геосиёсий мустақиллиги учун, жиддий сиёсий платформа бўлиши мумкин. 

Демак, бир вақтлар Кремлнинг совуқ кабинетларида ёнма-ён ўтириб, бир кун фарқи билан тайинланган, ёш болаларга ўхшаб “мен лидер” деган пластик ўйинчоққа ташланиб, бир-биридан аразлаб юрган раҳбарлар даври ўтди. Бугунги вазият шундайки, давлат раҳбарлари – қуршовда қолаётган дўстларни эслатади. Бир томонда баҳайбат ва еб тўймас қўнғир айиқ, бошқа томонда аждарҳосифат катта илон, осмонда кўзлари ўткир бургут ҳам кўринади. Уларнинг ҳар бирини ўз манфаати бор. Глобаллашув – майдондаги очиқликни, ҳамма бир-бирини кўриб туришини англатади. Энди яширинишни иложи йўқ. Қочадиган жой ҳам йўқ. Энди, ўзлик асосидаги ишонч, дўстлик, ҳамкорлик ва жамоавий мудофаа даври бошланди. Бу икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари, қанчалик самимий ва барқарор бўлади – вақт кўрсатади. Лекин, агарки томонлар тушунса, рақобатдан кўра, икки давлатнинг бир-бирини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши, иккаласи учун ҳам, яхши бўларди.

Камолиддин Раббимов,

сиёсатшунос.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: битта мажлисда талоқнинг такрорланиши

246 22:05 24.01.2022

Қатағон қурбонлари: Носирбек тўқсабо Абдураҳимов

552 21:05 24.01.2022

Динимни ўрганаман: қазо рўза узлуксиз тутиладими ёки бўлиб-бўлибми?

420 20:10 24.01.2022

Исломий «Youtube» каналлар дайжести

227 19:30 24.01.2022

Ўзбекистоннинг яшаш учун қиммат давлатлар қаторидаги ўрни маълум бўлди

889 19:00 24.01.2022

Омикрон инсон танасига қандай кириши маълум қилинди

1015 18:30 24.01.2022
« Орқага