Олий Мажлис Сенатининг бугун, 28 май куни бўлиб ўтаётган 26-ялпи мажлисида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун ҳам муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Azon.uz махсус мухбири Нурбек Ғафуров хабар бермоқда.
Ушбу ҳужжат давлат фуқаролик хизматчиларининг иш самарадорлиги ва компетенциясини баҳоловчи мезонлар, уларнинг малакасини оширишга бўлган талабларни белгилашда тўғридан-тўғри таъсир кўрсатувчи қонун ҳисобланади.
Муҳокама қилинган Қонун нормалари фақатгина давлат реестрига киритиладиган лавозимларда фаолият юритаётган давлат хизматчиларига нисбатан татбиқ этилади.
Бундан ташқари, давлат фуқаролик хизматини тартибга солишда давлат органларининг асосий ваколатлари белгиланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа ваколатли давлат органларининг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари аниқ кўрсатиб ўтилмоқда.
Қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда, яъни давлат хизматчиларининг фаолияти энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (КPI) асосида баҳоланиши қатъий белгиланмоқда. Коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди.
Шу билан бирга, Қонунда халққа хизмат қилиш давлат фуқаролик хизматининг асосий принципларидан бири этиб белгиланмоқда.
Таъкидланганидек, мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида давлат хизмати соҳасини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари яратилади. Давлат хизматчиларининг тоифаси, мақоми, малака даражаси, уларга қўшимча ҳақ тўлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда уларнинг масъулиятини ҳам янада оширишга хизмат қилади.
Сенат аъзолари ушбу Қонунни маъқуллади.
Нурбек Ғафуров,
Azon.uz махсус мухбири