Энди Ўзбекистон яшил ўлкага айланадими?

22:00 12.03.2019 1441

Айтишларича, биргина 2019 йилнинг баҳорида Ўзбекистонда 150 млн дарахт ва бута кўчатлари экилади

Ҳукумат фармойишига асосан бутун Ўзбекистон бўйлаб «Яшил хиёбон»лар ташкил этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар бермоқда.

Ҳужжатда таъкидланишича, Республикамиз ҳудудларида 2018 йил куз мавсумида 5,5 миллиондан ортиқ манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилган бўлиб, 2019 йил баҳор мавсумида эса 150 миллиондан зиёд манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилиши режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, 2019 йилда ҳар бир туман марказларида камида 10 гектар майдонда, Қорақалпоғистон ва вилоят марказларида ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели туманида камида 15 гектар майдонда «яшил хиёбон»лар ташкил этилиб, унда пиёдалар ва велосипедлар учун йўлакчалар, ўриндиқлар ҳам ташкил қилиниши назарда тутилади.

Аввалроқ, Тошкентда “Яшил ташаббус” бошланган эди – шахсан шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошлаб берган акция доирасида апрелгача пойтахт бўйлаб 409 мингдан ортиқ кўчат экилиши режалаштирилган. Ундан олдин Туркия Тошкентга 30 мингдан ортиқ дарахт кўчатлари совға қилгани маълум бўлганди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!