БАА ҳукумати Дубайда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва ишчиларни бепул нон билан таъминлаш мақсадида “Барча учун нон” ташаббусини жорий этди. Бу орқали махсус автоматлар орқали бепул нон тарқатилади.
Ушбу ташаббус Вақфлар ва вояга етмаганлар масалалари бўйича фонд қошидаги Муҳаммад бин Рашид номидаги хайрия консультациялари глобал маркази томонидан амалга оширилди.
“Ушбу рақамли амалиёт “ақлли” машиналар орқали муҳтожларни нон билан таъминлашга қаратилган ва бир қатор савдо нуқталарига ўрнатилган. Олдиндан дастурланган ускуналар замонавий ва барқарор хайрия фаолияти модели асосида бепул нон тарқатади”, – дейилади WAM агентлиги хабарида.
Машиналар Aswaq супермаркетларининг турли филиалларида жойлаштирилади. У фойдаланишга жуда қулай, ҳар ким ундан фойдаланиши мумкин. Қисқа кутишдан сўнг у янги нонни тақдим этади.
Хайрия лойиҳасида глобал марказ аъзолари иштирок этади, шу билан бирга исталган шахс махсус дастурлар орқали унга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Вақфлар ва вояга етмаганлар масалалари бўйича фонд бош котиби Али Ал-Мутаванинг сўзларига кўра, бу ташаббус инновацион жамоавий хайриянинг намунали модели саналади.
“Биз ташаббус ҳамкорлари сонининг кўпайишини кутяпмиз. Бундан кўзланган мақсад имкон қадар кўпроқ ҳомийларни жалб қилиш”, – деган у.
“Ҳамма учун нон” ташаббуси БАА вице-президенти ва Дубай ҳукмдори шайх Муҳаммад бин Рашид ал-Мактумнинг 2020 йил COVID-19 пандемияси бошланиш даврида айтган “БААда ҳеч ким оч ухламайди” деган гапларига мос тушиши таъкидланган.