Энг афзал сукут

07:00 09.02.2018 1207

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг "Ичингдаги ичиндадир" асарида бир ривоят бор: "Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлаши билан минбарга чиқди ва халқ: "Ажабо, нима дер экан?" деб кутди. Бироқ Ҳазрати Усмон индамади. Ақалли бир сўз ҳам айтмади. Фақат боқди ва халқда шундай бир ҳолат пайдо бўлдики, ҳеч кимда ташқарига чиқишга мадор қолмади. Шу вақтгача қилинган юзлаб хутбалар чоғи бундай ҳол ҳосил бўлмаган, мўминлар бундай вазият соясида ўзлари учун фойда ва сирларни ҳеч қачон бунчалик кўп кашф этишмаган эди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу йиғин тугагунча гапирмади. Фақат минбардан тушаётганда: "Сиз учун фаол иймон маҳмадона иймондан хайрлидир", деди. У хақ гапни айтди. Чунки сўз айтишдан мақсад бир фойда бермоқ, қалбга таъсир этмоқ, ахлоқни ўзгартирмоқ ва кўп яхшиликлар қилмоқдир. Ҳолбуки, Хазрати Усмон лом-мим демасдан, гапирган вақтидагидан кўпроқ фойда келтирди. Хулоса ўрнида Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ҳикматларини келтирамиз. У Зот шундай дейдилар: 

Сўзларингдаги йиртиқликларни тик!
Тилингни қалбинг билан бирлаштир. 

Яъни, тилингни сўзлаганини қалбин ҳам сўзласин. Агар тикиб бўлмаса, сўзламоқни ташла, сукут сақла, қалбингдан ўтмаган нарсани тилинга чиқарма. Ё қалбинг тўридан сўзла ёки жим бўл...

Афсуски ҳаётда ўзини доно санайдиган, аслида эса илмсиз, қўлидан иш келмайдиган кишилар учрайди. Улар ўзларини ақлли кўрсатиш учун ўринли-ўринсиз маслаҳат беришга уринадилар. Лекин сизни йўлдан қўйишдан, вақтингизни олишдан бошқага ярамайдилар. Модомики, тўғри йўлдасиз, гумроҳ кишилар сизни чалғитишларига йўл қўйманг! 

Мирсобит ВОҲИДОВ,
Пскент туманидаги "Мулла Бўта Қози" 
жомеъ масжиди имом-хатиби

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!