Энг гўзал ҳайитлик

07:00 07.08.2019 1263

Бугун ҳайит тонги. Гўзал ҳислар оғушида уйғондим. Қурбон ҳайитини биз томонларда “Катта ийд” дейдилар. Балки Қурбон байрами арафасида Роббимиз мусулмонларга фарз қилган бешинчи амал – Ҳаж зиёрати бажарилгани учун халқ “катта ийд” деб эъзозлар бу шодиёнани. Хуллас, Қурбон ҳайитини ўзгача шукуҳда қаршилаймиз. Ўн кунлик рўзадорликдан сўнг дадамнинг ҳайит намозидан қайтишини ва қурбонликка аталган семизгина қўчқорчани сўйиши, онам ундан маззали кабоб пишириб дастурхонга тортишинию ҳаммамиз  жамулжам гўштхўрлик қилишни кутиб, йилда бир марта нонушта қилмаганим учун онамдан гап эшитмайман. Қўлларимга хина сургандим кеча оқшом. Юз-қўлимни ювгандим, ҳовучимнинг рангидан кўнглим фараҳлади. Онам ташқи ҳовлидан ўсма юлиб келишимни айтдилар. Дарвозахонадан чиққандим, дарахтлар орасидан қандайдир йиғигами, инграшгами-ей ўхшаган овоз эшитилди. Диққат қилсам, овоз боғимиз ортидан оқиб ўтадиган ариқ томондан келаётган, ёш боланинг товушига ўхшаб кетади. Ўша томонга қараб юрдим. Ариқ бўйида 6-7 ёшлар чамасидаги, уст-боши униққангина қизча йиғлаб ўтирган экан. Ора-сирада қўлчалари билан кўз ёшларини артиб, яна ҳиққилаб йиғлайди.

– Ҳой, асалча, буёққа кел! – дедим унга худди эски танишлардек. Бир чўчиб тушди. Қўрқа-писа термилиб тураверди. Бояқиш дағ-дағ қалтирар, афтидан уни уришимдан қўрқар эди.

– Ассалому алайкум, – дедим ёнига бориб. – Боғча опанг катталарга салом бериш кераклигини айтмаганмилар?

– Ассалому алайкум... – деди қизча бадтарроқ қўрқиб.

– Ва алайкум ассалом! Ҳайитинг муборак бўлсин!

– Раҳмат... Сизга ҳам муборак бўлсин...

– Исминг нима?

– Садоқат...

– Садоқатжон, нега бу ерда йиғлаяпсан? Кимнинг қизисан? Ё меҳмонга келдингми?

– Ойимнинг исмлари Хуршида... Бувимникида яшаймиз. Ҳо, анави томонда.

Эсладим. Қўшни қишлоқлик Хуршида опанинг қизчаси экан. Хуршида опанинг турмуши бузилиб, бир қизча билан ота уйига қайтиб келганидан хабарим бор эди. Ўқиш, иш билан бўлиб оиласи билан ярашибдими ё бошқа турмуш қилдими, хабарим йўқ эди.

– Ким хафа қилди, ширин қизчани?

–...

– Юр, мен билан ҳайит ширинликларидан еймиз. Кейин уйингга олиб  бораман. Онанг билан бувинг хавотир олаётгандир.

– Қизчанинг озғин қўлчаларидан тутдим. Қўрққанидан индамай менга итоат қиларди бояқиш.

– Вой, ўзим ўргилай, Садош қизимдан! – Онам Садоқатни кўрибоқ эркалай кетдилар.

– Сизлар танишмисизлар?

– Ҳа, Садош қизим бувисиникига чиққанимда менга шафтоли териб келади-ку!

– Онам қизчани ўпиб-суйиб, ширинликлар тутқаздилар. Унга қанд-қурс бериш учун ичкарига кирган онамга қизалоқни ариқ бўйидан йиғлаётганида топиб олганимни айтдим. Афсусланганнамо лаб тишлаб, бош чайқаб қўйдилар онам. Анчадан бери ишлатмаётганим жажжи сумкачам бор эди. Садоқатга бердим уни. Онам бошига рўмол солдилар.

– Садоқат қизим бу йил мактабга чиқади. Катта қиз бўлиб қолди, энди рўмол ўрайди.

Бир зумда қизалоқнинг чеҳраси очилди. Онам бир дастурхонга патир нон, ширинликлар, арафа пишириқларидан тугиб бердилар.

– Юр-чи, ширин қизча, онанг хавотир олаётгандир, уйларингга олиб бориб қўяман.

Энди Садоқат мендан қўрқмас, бояги ғамгинлигидан чеҳрасида асар ҳам қолмади. Уйларига келдик. Дарвозани очган Хуршида опа бироз ҳайратланиб турди-да, сўнг салом-алик, муборакбод билан бизни ичкарига олди.

– Боягина йиғлаб, аччиқ қилиб чиқиб кетувди, – деди хижолат чекиб.

Садоқат эса аллақачон ҳаммасини унутиб, ичкарига ҳозиргина мендан олган жажжи сумкани қўлтиқлаб кириб кетганди.

– Ҳайитда менга укача олиб келасиз, ҳамма ўртоқларимнинг укаси бор, менда йўқ деганди. Опангиз ҳам бола-да, деган хаёл билан “хўп, олиб келаман” деган экан, бугун эрталаб уйқудан туриб чақалоқ қидириб қиёмат қилиб, уйдан йиғлаб чиқиб кетuанди...

Ҳидоят хола ўксинибгина Садоқат билан бўлган можарони гапириб берди. Кўнглим бузилди. Садоқатнинг бола қалби билан гўдак укаси бўлишни, уни суйиб, опичлаб катта қилишни орзулаганидан бир севиндим, бир ўкиндим.

Уй соҳибалари билан хайрлашиб чиқар эканман, Садоқат чопқиллаб олдимга келди:

– Яна келинг...

– Албатта, келаман! Сен ҳам бориб тургин бизникига, Садоқатжон. – Сўнг эгилиб қулоғига шивирладим: — Энди сенинг опангман, Аллоҳ ҳайит куни сенга опа берди. Дуо қилсанг, келаси йил ҳайитгача ука ҳам беради. Фақат онанг ёки бувингдан эмас, Аллоҳдан сўрагин, хўпми? Ҳар куни тонгда дуо қилиб “Аллоҳим, менга ўзимга ўхшаган дўмбоққина ука бергин!” деб сўрасанг, Аллоҳ сенга ука беради.

– Хўп бўлади, опажон!...

Садоқатнинг нигоҳларида ишонч чақнади.

Умида АДИЗОВА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!