Энг гўзал хислат

00:00 05.03.2019 708

Аллоҳ таоло инсонга ато этган гўзал хислатлардан бири яхшилик қилишдир. У ҳар бир бандада намоён бўлганида эди, дунё тинч ва осуда, одамлар эса бахтли яшашарди.

Уламолар, яхшилик қилишни иккига бўлишган: мол билан ва амал билан яхшилик қилиш. Мол билан яхшилик қилиш саховатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалам бундай деганлар: “Сахий Аллоҳ таолога яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир”.

Яхши сўз, очиқ юз, холис ёрдам кўрсатиш амал билан яхшилик қилишдир. Ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Яхши сўз садақадир; Биродаринг юзига табассум билан қарашинг садақадир”.

Ёрдам қилишга фурсат ва имкон ҳамиша бўлавермайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай амр этганлар: “Кимга яхшилик қилиш эшиги очилса, фойдаланиб қолсин! Зеро, унинг қачон ёпилишини билмайди”; “Яхшиликни, оз бўлса-да, қилмай қўйманг!»; «Ҳар бир яхшилик садақадир”.

"Инсон ўзи яхшилик қилиш билан кифояланмай, бошқаларни ҳам яхшиликка чорлаши керак. Қуръони каримда шунга амр қилинади: “Бир-бирингизга яхшилик ва тақвода ёрдам беринг!” (“Моида” сураси, 2-оят).

Унутмайлик, ҳадиси шарифда, бундай хушхабар берилган: «Қиёмат куни жаннатга биринчи бўлиб яхшилик ва яхшилик қилувчилар киради».

Интернет сарҳадларидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!