Энг гўзал насиҳат

22:00 08.03.2018 1138

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Юриб бораётганимизда у зотга яқинлашиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг”, – дедим. “Батаҳқиқ, буюк нарсани сўрадинг. Зотан, у Аллоҳ муяссар қилган кимса учун жуда ҳам осондир”, – дедилар. Сўнг бир қанча насиҳатларни айтиб, сўзлари охирида: “Сенга ўшаларнинг ҳаммасини ўз ичига олган нарсанинг хабарини берайми?” – дедилар. “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, – дедим. У Зот тилларини ушлаб: “Мана буни тийгин!” –  дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз гапирган нарсамиз учун азобланамизми?” – дедим. “ Аллоҳ сенга инсоф бер берсин эй Муоз. Одамларни тилларининг маҳсули дўзахга юзтубан туширмаса, нима туширади?!” – дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Яъни кишини кўпинча дўзахга туширадиган нарсаси унинг тилидир, чунки уни турли ишлар ва бошқа натижаларга бошлайдиган нарса ўша тилидир. Солиҳлардан бирлари айтадилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларини тушуниб етдик. Улар ўзларининг диққат-эътиборларини намоз ва рўзани кўпайтиришга қаратмас эдилар. Улар кўпроқ тилларини фойдаси бўлмаган нарсаларни гапириб қўйишдан тутиб туришга аҳамият қилар эдилар. Бунинг маъноси шуки, Исломнинг моҳияти ҳам кишининг фойдаси йўқ нарсаларни гапирмаслигида кўзга кўринади.

Агар гапирмоқчи бўлса, динида фойда берадиган нарсани ёки динида унга зарар келтирмайдиган ва дунёси учун манфаати бор нарсани гапирсин. Агар сиз ўтган солиҳлар йўлидан боришни ва шайтонга нишон бўлмасликни хоҳласангиз, қалбингизни гуноҳлардан поклашингиз ва кучингиз етканича сўзни камайтиришингиз лозим. Айниқса, бу замонда сақланиш қийин бўлган, балки жамлансалар, ўша ерда иштирок этмаётган одам айбини ёки унинг гапини бошқага салбий кўринишда етказиш билан машғул бўладиган турли учрашувлар мевасига айланган ғийбат ва чақимчиликдан чекланишингиз лозим.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ўша охират диёрини Биз Ер юзида такаббурлик ва бузғунчиликни истамайдиганлар учун қилурмиз. Оқибат тақводорларникидир” (“Қасос” сураси, 83-оят).

Инсонга берилган ушбу тил неъмати учун биз нима қилишимиз керак? Инсон неъмат билан алданиб қолмаслиги лозим. Балки, бизга офият, омонлик, тинчлик ва хотиржамлик ҳамда фаровон ҳаётни неъмат қилиб берувчи Зотни эътироф этишимиз керак. Бизнинг бу неъматлар билан мақтанишимиз муҳим эмас, балки бундай неъматларни юборган Зотдан мамнун бўлишимиз ва бизга бераётган неъматлар гумроҳликка  етаклаш васитаси бўлиб қолмаслигини Аллоҳдан сўрашимиз лозим.

Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутий суҳбатларидан

“Эшонгузар” жомеъ масжиди имом-хатиби

Абдуллажон ҒУЛОМОВ таржимаси.

Манба: Mumina.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!