Энг гўзал ўрнак

13:30 09.01.2019 656

«(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир» ("Аҳзоб" сураси, 21-оят).

Ушбу ояти каримада узрсиз Ислом тарихида машҳур Хандақ ғазотига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан чиқмаган кишиларга итоб-талаб бор.

«…Сизлар учун… Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир». Яъни, сизлар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ўрнак, намуна олишларинг керак. У зот (соллаллоху алайхи ва саллам) Хандақ ғазотига чиқиш билан Аллоҳнинг динига ёрдам бериш учун ўзларини фидо қилдилар, муборак тишларидан айрилдилар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётларининг ҳар бир даври, лаҳзаси уммат учун ўрнак, тасалли манбаидир.

Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аҳзоб урушида, одатдагидек, энг гўзал хулқ, муомала намуналарини кўрсатдилар. Хавф-хатар тасвирлаб бўлмайдиган даражада катта эканига қарамай, заррача қўрқмасдан Мадинани ҳимоя қилишга чиқдилар. Душманга қарши нима чора кўриш кераклиги ҳақида саҳобалар билан маслаҳат қилдилар. Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)нинг фикрларини қабул этиб, хандақ қазишга бош бўлдилар.

Қазиш ишларида Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаммага ўрнак бўлиб ер қазир, тупроқ сурар ва замбил кўтарар эдилар. Аллоҳ таолога ёлворар, намоз ўқиб, муножот қилар, Парвардигорнинг Ўзидан нусрат сўрар эдилар. Буларнинг бари мусулмонлар учун гўзал ўрнаклардир.

Оятдаги хитоб ўша пайтдаги инсонларга бўлса ҳам, моҳият эътибори билан қиёматга қадар келадиган барча мусулмонларга тааллуқлидир.

«Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган кишилар учун…» ояти каримасини Саид ибн Жубайр: “Аллоҳ таолога имон билан рўбарў бўлишни истаган ва қайта тирилишни тасдиқ этадиган кишилар учун”, деб тафсир қилган. Оят яна: “Охират кунида Аллоҳнинг савоби ва мукофотидан умидвор кишилар учун”, деб ҳам тафсир қилинган.

«Ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун…» Бу оятда “Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар”дан мурод, «Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун» оятидаги каби мўминлардир.

Имом Қуртубий оятда Зикр қилинган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ўрнак олиш, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашиш вожиб ёки мустаҳаб экани борасида ҳам турли фикрлар борлигини ёзади. Баъзилар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ўрнак олиш ва эргашиш вожибдир, деган бўлса, бошқалар мустаҳабдир, дейишган. «Ал-Жомиъ ли аҳкомил Қуръон»да диний ишларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ўрнак олиш ва эргашиш вожиб, дунёвий ишларда эса мустаҳабдир, дейилган.

Раҳматли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад, Юсуф ушбу оят тафсирида: “Мусулмон киши эргашадиган таълимот, ҳаётнинг қайси соҳасида бўлишидан қатъи назар, ҳазрати Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олиб келган Қуръон ва суннатдир, бошқа гап ортиқча”, деб далил сифатида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ушбу ҳадисларини келтирганлар: “Сизлардан бирор киши, токи унинг нафси мен келтирган нарсага эргашмагунича мўмин бўла олмайди” (Ҳаким Термизий ривояти).

Содиқ НОСИР

Манба: ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!