Энг шарафли уммат: «Имомликнинг фазилати»

18:04 19.06.2019 405

Имом намозни бошладими, ўша намозининг гўзал тартибда мукаммал адо қилинишига кафил бўлди ҳисоб. Бу демак, орқасидан эргашган қавмнинг намози мукаммал ёки нуқсонли бўлишига имом сабабчи бўлади. Имом намозни мукаммал адо этган бўлса, қавмнинг намозини ҳам сақлаган бўлади, камчиликли ўқиса, қавмнинг намозини ҳам камчиликли қилган бўлади. Шу боис Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) имомни “зомин” (яъни, кафил) деганлар.

Имомликнинг бундай масъулияти бўлиши билан бирга, ўзига яраша шарафи, имтиёзи ҳам бор.

Агар имом намозини гўзал тартибда адо этадиган бўлса, унга орқасидан эргашиб турганларнинг савоби мислича савоб ёзилади.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир қавмга имомликка ўтса, Аллоҳ таолодан қўрқсин. Билсинки, у зомин (кафил)дир ва ўзи зомин бўлган нарсасидан сўралувчидир. Агар намозни гўзал тарзда адо этадиган бўлса, имом учун орқасида эргашган қавмнинг ажри мислича ажр уларнинг ажрларидан бирор-бир нарса камайтирилмаган ҳолатда ёзилади. Агар нуқсонли ҳолатда адо қиладиган бўлса, нуқсонининг зарари имомнинг бўйнига тушади”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

Имомликнинг фазилатларидан бири – имом қиёмат куни мушк-анбарлардан бўлган бир тепалик узра туради. Даҳшатли оғир кун – қиёмат уни қўрқитмайди ва у ҳисоб-китоб ҳам қилинмайди.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Уч тоифа кишилар бор, улар мушк-анбарлардан бўлган тепаликларда бўладилар. Улар: 1) Аллоҳ таолонинг ҳаққини ва ўз хожаси ҳаққини адо қилган қул; 2) бир қавмга имомликка ўтиб қавм ундан рози бўлган киши; 3) куну тун беш вақт намозга азон айтган муаззин” (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло Муҳаммад умматига хос ато этган  неъматларидан яна бири “Омин” дейишдир.

“Омин” деб айтиш “Аллоҳ, дуоларимни ижобат қил” деган маънони билдиради.

Саййида онамиз Ойша (розияллоҳу анҳа)дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Яҳудийлар сизларнинг салом-алигингизга ва намоздан кейин “Омин” дейишингизга ҳасад қилганичалик бирон-бир нарсага ҳасад қилган эмас” (Ибн Можа ривояти).

Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хузурларида яҳудийлар тилга олинганида у зот: “Яҳудийлар Аллоҳ таоло бизларга ато этган ва у борада яҳудийлар адашган жумага ва Аллоҳ таоло бизларни у сабабидан йўлга бошлаган ва яҳудийлар бу борада адашган қиблага ва бизларни имомнинг орқасида туриб “Омин” дейишимизга ҳасад қилганичалик бошқа бирон нарсага ҳасад қилган эмас!” деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Яъни, улар Аллоҳ таоло бизларга ато этган жумага ҳасад қилади, Аллоҳ таоло бизларга ато этган қиблага ҳасад қилади ва бизларни имом орқасида “Омин” (яъни, “Дуоларимизни ижобат қил”) деб айтган сўзимизга ҳасад қилади.

Бир ривоятда: “Яҳудийлар динларида зерикканлар ва ҳасадгўй қавм деб таърифланади. Уларнинг ҳасади айниқса мусулмонларнинг қуйида айтиладиган уч амалигадир: биринчиси – саломга алик олиш; иккинчиси – сафларни ўрнига қўйиш (яъни, тўғрилаш) ва учинчиси – мусулмонлар имомларининг орқасида фарз намозларда “Омин” деб айтишлари” (Табароний ривояти).

Бизнинг ҳанафий мазҳабда “Омин” жаҳрий эмас, ичда айтилади.  

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳнинг бу тортиқларидан фахрланар эдилар ва бундай дердилар: “Аллоҳ таоло менга учта хислатни берди: саф тортиб намоз ўқиш, таҳийя (яъни, жаннат аҳлининг саломи) ва “Омин” дейиш. Аллоҳ таоло бу хислатни мендан олдинги пайғамбарлардан биронтасига бермаган, берган бўлса ҳам, Ҳорун (алайҳиссалом)га берган. Мусо (алайҳиссалом) дуо қилганида Ҳорун (алайҳиссалом) “Омин” деб турган” (Ибн Хузайма ривояти).

Албатта, намоздан кейин дуо қилинаётган пайтда “Омин” дейиш гуноҳларнинг кечирилиш эшикларидандир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дердилар: “Агар имом “Ғойрил мағдуби алайҳим валаддооллийн” деса, сизлар “Омин” денглар. Кимнинг “Омин”и фаришталарнинг “Омин”ига тўғри келиб қолса, унинг ўтмишдаги гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ва Молик ривояти).

Албатта, бу мағфират шомилдир (яъни, кўп нарсани қамраб олади). Масжид аҳлининг барчасини қамраб олади. Бу маънони Имом Насоийдан қилинган ривоят тасдиқлайди: “Кимнинг каломи фаришталарнинг каломига мувофиқ келса, масжиддаги кишиларнинг гуноҳлари кечирилади”.

Албатта, бу мағфират ўтмишда ўтган гуноҳларни (яъни, кичик гуноҳларни) ҳам ичига олади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар банда “Омин” деса, унинг бу сўзи осмон ва ер аҳлининг “Омин”ига тўғри келиб қолса, ўтган гуноҳлари (яъни, кичик гуноҳлари) кечирилади”, деганлар.

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Омин” деб айтган киши дуоси ижобат бўлишининг хабарини берганлар. Яъни, уни мана бундай ифодалаганлар: “"Омин" денглар, Аллоҳ таоло сизларнинг дуоларингизни ижобат қилади”.

Саҳобаи киром (розияллоҳу анҳум) дуолари сўнггини “Омин” деб тугатишга жуда ҳам ҳарисманд эдилар. Буюк саҳобий Абу Зуҳайр Нумайрий айтадилар: “"Омин" дейиш гўёки бир варақ тагига муҳр қўйганим мисолидадир”. Саҳобалардан кимдир масжидда дуо қилаётган бўлса, унга бундай дейишар эди: “Уни омин деб якунла” (яъни, “Охирига омин муҳрини қўй”) деб эслатишар эди. Яна саҳобалар бундай дейишади: «Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бир кеча бирга кўчага чиқдик. Кўчада юрдик ва Аллоҳ таолодан турли нарсаларни ёлвориб сўраётган бир кишини учратдик. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унинг дуосига қулоқ солиб турдилар. Кейин: “Агар у хотима қилса, вожиб қилган бўлади”, дедилар (яъни, “хотима ясаса”). Ичимиздан бир киши: “Нима билан хотима ясаса?” деб сўради. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “"Омин" дейиш билан. "Омин" билан дуосига хотима ясаса, вожиб қилган (яъни, дуосининг ижобат бўлиши аниқ) бўлади”, дедилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бу саволни сўраган саҳобий ҳалиги дуо қилиб турган одамнинг олдига бориб: “Эй Палончи, дуоингга “Омин” билан якун яса. Сенга яхшилик башоратини бераман” (яъни, “Ўша дуоларинг ижобат бўлади”), деди (Абу Довуд ривояти).

Бир киши биродарининг дуосига “Омин” деб турса, биродари Аллоҳ томон юзланишига ва дуоси ижобат бўлишига ҳам шерик бўлади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларида бундай деган эканлар: “Кўпчилик бир жойда тўпланганида ичларидан бири дуо қилса, қолганлари “Омин” деб турса, Аллоҳ таоло албатта уларнинг дуоларини ижобат қилади” (Ҳоким ривояти).

Мазкур ҳолатда ким “Омин” деган лафзни айтмайдиган бўлса, дуонинг ижобатидан махрум бўлади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «“Омин” демайдиган одам худди бир қавм билан бирга урушга чиққан-у, қавми ўзаро қуръа ташлаганида урушга қатнашган барчага улуш тегиб унга улуш тегмай қолган кишига ўхшайди. Шунда у: “Менинг улушим қани? Нимага менга ҳеч бир насиба берилмади?” деса, унга: “Чунки ҳамма “Омин” деганда сен “Омин” демадинг”, дейилади» (Абу Яъло ривояти).

Бу ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Омин”ни имом билан бирга айта олмай қолган ва имомни кузатиб туриш билан машғул бўлмаган кишини урушга чиққан ва урушда ғолиб бўлганлар орасида ўлжадан улуш тегмай қолган аскарга ўхшатяптилар. Ғазотда ғолиб бўлган аскарлар ўлжаларини тақсимлаш учун бир жойга тўпланадилар ва қуръа ташлаб ўша ўлжаларни ўзаро бўлишадилар. Фақат биргина аскарга қуръа чиқмай қолади ва у надомат қилади, аммо бирон-бир насиба ола олмайди. Қўмондонидан: “Нимага менинг улушим чиқмади?” деб сўрайди. Шунда қўмондони: “Чунки сен сўрамадинг, қолганлар сўраган пайтда, сен индамай турдинг – “Омин” деб айтмадинг”, деб жавоб қилади. Бу ўхшатишдан шундай хулоса чиқарса бўлади, ким “Омин” деса нажот топади, ким “Омин”ни айтмаса нажот топмайди.

 Шу учун ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларни “Омин”ни кўп-кўп айтишга буюрар, “Омин”ни кўпайтиринглар”, дер эдилар (Ибн Можа ривояти).

МУҲАММАД ҲАСАНИЙнинг “ЭНГ ШАРАФЛИ УММАТ” номли китоби, Ойбек Неъматуллоҳ ва Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.

Фойдаланилган қўшимча адабиёт: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайх Абдулазиз Мансур ва шайх Алоуддин Мансур ҳазратларининг “Қуръони карим маънолар таржимаси” китоблари.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!