«Бу уммат залолат устида жамланмайди»

12:12 11.05.2019 964

Ўн учинчи хусусият – бу уммат залолат устида жамланмайди

Аллоҳ таоло бу умматни залолат устида жамланмаслиги билан хослади. Бундан уларнинг ижмолари ҳужжат, ихтилофлари раҳмат экани келиб чиқади. Улардан олдингиларнинг ихтилофлари азоб эди.

Имом Аҳмад ва Табароний Абу Басра Ғифорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Аллоҳ таолодан умматимни залолат устида жамланмаслигини сўрадим, У уни менга берди. Аллоҳдан уларга бирор душман устун келмаслигини сўрадим, У уни менга берди”.

Имом Ҳоким ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Аллоҳ таоло умматимни ҳеч қачон залолат устида жамламайди”.

Шайх Наср Мақдисий “Ҳужжат” номли китобида бундай ёзади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Умматимнинг ихтилофи раҳматдир” деганлар» (Бу ҳадисни Имом Дайламий “Муснадул Фирдавс” номли китобида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан марфуъ ҳолда ривоят қилган).

Имом Термизий ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ таоло умматимни (ёки Муҳаммаднинг умматини) залолат устида жамламайди. Аллоҳнинг қўли жамоат устидадир. Ким ажралиб чиқса, дўзах томон ажралиб чиққан бўлади”.

Имом Абу Довуд Абу Молик Ашъарийдан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Аллоҳ таоло сизларни уч нарсага кўра ажр беради”. “Ва сизларни залолат устида жамламайди”, деб улардан бирини зикр этдилар».

 

МУҲАММАД ҲАСАНИЙнинг “ЭНГ ШАРАФЛИ УММАТ” номли китоби, Ойбек Неъматуллоҳ ва Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.

Фойдаланилган қўшимча адабиёт: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайх Абдулазиз Мансур ва шайх Алоуддин Мансур ҳазратларининг “Қуръони карим маънолар таржимаси” китоблари.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!