Энг шарафли уммат: «Азоннинг фазилати ва муаззиннинг шарафи»

21:00 31.05.2019 507

Муҳаммад умматнинг яна бир шарафи – Аллоҳ таоло бу умматни бошқа умматлардан фарқли ўлароқ, олдинги умматларга ато этмаган буюк бир неъмат билан сийлади, у ҳам бўлса, азон неъматидир. Дарҳақиқат, азоннинг ва муаззинларнинг фазилати ва шарафини баён этадиган кўплаб ҳадиси шариф ворид бўлган. Аллоҳ таоло бу шарафни бошқа умматларга бермагани ҳақида ҳам бир қатор ҳадиси шарифлар келган.

Азон айтувчи кишининг фазилатларидан бири унинг азонини эшитган барча жонзот унга қиёматда гувоҳлик беришидир.

Абу Саид Ҳудрий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар, Ул Зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Муаззиннинг товушини бирор жин ё инсон ёхуд бирон-бир нарса эшитса, Қиёмат куни албатта у(муаззин)нинг фойдасига гувоҳлик беради”, дедилар  (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа бир ривоятда эса “Ҳўлу қуруқ нарсанинг барчаси унинг фойдасига гувоҳлик беради”, дейилган.

Муаззинларнинг фазилатларидан яна бири азон айтган кишига Аллоҳ таоло берадиган улкан савобга эга бўлишидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар одамлар азон айтишда ва биринчи сафда нима (қандай савоб) борлигини билганларида эди, (бунга эришиш учун) қуръа ташлашдан бошқа чора топа олишмас ва албатта қуръа ташлаган бўлишар эди. Намозга эрта боришда нима борлигини билишганида эди, бунинг учун мусобақалашган бўлишарди. Хуфтон ва бомдодда нима борлигини билишганида, уларга эмаклаб бўлса ҳам келишарди”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

Изоҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан азон ва биринчи сафнинг нақадар буюк фазилати ва улуғ савоби борлиги маълум бўлади. Сабаби арабларда қайси ишга қуръа ташланса, албатта ўша иш буюк аҳамиятга эга бўларди. Чунки улар бекордан-бекорга қуръа ташлашмасди. Бир азон билан иккинчи азоннинг вақт оралиғи жуда ҳам тиғиз бўлгани сабабли “Улар мажбуран қуръа ташлашарди”, деб айтиляпти. Ё бўлмаса, масжидда фақатгина битта муаззин бўлгани учун ҳам улар азон айтиш шарафини қўлга киритиш мақсадида керак бўлса қуръа ташлашиб мусобақалашишарди, деган маънода айтилган.

Энди азоннинг фазилатларини кўриб чиқсак.

Азоннинг фазилатларидан бири Аллоҳнинг савобини қўлга киритиш мақсадида баланд овозда айтилишидир.

Баланд овозда айтилишининг ўзига яраша сабаблари бор. Юқорида айтиб ўтилганидек, азонни эшитган ҳар бир нарса қиёматда гувоҳлик бергани учун ҳам азон баланд овозда айтилади. Одамлар азон айтишга эришиш учун керак бўлса бир-бири билан талашишга ва ҳатто ким азон айтишини қуръа ташлаб аниқлашга ҳақлидирлар.

Ҳа, азон айтиш инсонлар бир-бирлари билан курашиб бўлса ҳам эришиладиган мана шундай ўта савобли ва суюкли амал ҳисобланади.

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Агар одамлар азон айтишда қандай савоблар борлигини билганларида эди, унга эришиш мақсадида қўлга қилич кўтариб урушган  бўлишарди” (Имом Аҳмад ривояти).

Изоҳ: Аслида мусулмон киши ўзининг мусулмон биродари билан қилич кўтариб урушиши мутлақо жоиз бўлмаган нарсадир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) азоннинг савоби нақадар юқори эканини билдириш, бу нарсани зеҳнларга яхшилаб муҳрлаш учун шундай ўхшатиш қилганлар.

Азоннинг фазилатларидан яна бири уни айтувчи муаззин доимо Аллоҳнинг раҳматига, У зот табарока ва таолонинг ёрдамига сазовор бўлишидир.

Азон айтадиган кишини Аллоҳ таоло ҳар доим қўллаб-қувватлайди. Қайси маконда юрмасин, оёғи қайси маконга бориб етмасин, албатта, Аллоҳнинг раҳмати уни қамраб олади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Раҳмоннинг қўли муаззиннинг боши узрадир. Муаззиннинг товуши етиб борадиган масофачалик унинг гуноҳлари кечирилади” (Имом Табароний ривояти).

Азон айтишнинг фазилатларидан яна бири – муаззин ҳамма ишонадиган ишончли киши бўлади.

Муаззин умматнинг ишончини оқлайдиган кишидир. Чунки мусулмонлар рўза тутганида саҳарлик ва ифтор вақтларини ҳамда намоз вақтларини билишда муаззинга суянадилар. Азон айтилишига қараб оғиз ёпадилар ёки очадилар ё бўлмаса масжидларга фарз намозларига шошиладилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Имом зомин (жавобгар) кишидир. Муаззин омонат топшириладиган кишидир. Аллоҳим, имомларни тўғри йўлга бошла ва муаззинларнинг гуноҳларини кечир” (Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан муаззинлар учун қилинган буюк дуодир.

Азоннинг фазилатларидан яна бири – муаззиннинг азони туфайли шайтон қочиб кетади.

Жобир розияллоҳу анҳу  айтадилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деётганларини эшитдим: “Албатта шайтон намозга  айтилаётган азонни эшитганида то “Равҳо” деган маконга етиб боргунича қочиб кетади”». (Ровий айтади: “Равҳо” Мадинадан ўттиз олти мил узоқликдаги макондир. Бугун у “Роҳат булоғи” деб номланади.)

Имом Нававий: “Азон ўз ичига тавҳид қоидалари, Исломнинг шиорларини  изҳор этиш, эълон қилишни олгани учун ҳам шайтон инсонларни васваса қилишдан умидсизланиб қочиб кетади”, деб айтган эканлар.

Муаззинлар бандалар ичида Аллоҳ таоло наздида энг севимлилари ҳисобланадилар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Агар қасам ичсам, албатта уни уддасидан чиқаман! Шубҳасиз, Аллоҳ таоло бандалари ичидан Аллоҳга энг суюклироғи қуёш ва ойни кузатиб борувчилар (яъни, муаззинлар)дир. Албатта улар қиёмат куни бўйинлари узунлиги билан танилиб турадилар”, дедилар (Имом Табароний ривояти).  

Муаззинларнинг фазилатларидан яна бири – Аллоҳ таолонинг муаззинга бўлган мағфирати батамом (тўлалигича) бўлади. Яъни, товуши тўлдирган бўшлиқлар миқдорича Аллоҳнинг раҳмати унга етади. Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Муаззиннинг азони кўламича гуноҳлари кечирилади ва уни эшитган ҳўлу қуруқ нарса у учун истиғфор айтади” (Имом Аҳмад ривояти). 

Муаззиннинг  фазилатларидан яна бири – агар муаззин Аллоҳ таолодан савоб умид қилиб етти йил азон айтса, у дўзаҳдан омонда бўлиши ёзиб қўйилади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким етти йил Аллоҳ таолонинг розилигини умид қилиб азон айтса, унинг дўзахдан озод бўлгани ёзиб қўйилади” (Имом Термизий ривояти) .

Муаззиннинг фазилатларидан яна бири – у қиёмат куни барча яралмишдан фарқли ўлароқ алоҳида бир маконда қиёматнинг даҳшатларидан сақланган ҳолда туради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Муаззинлар қиёмат куни бўйинлари энг узун кишилар бўлади” (Имом Муслим ривояти).

Муаззиннинг фазилатларидан яна бири – агар у ўн икки йил азон айтадиган бўлса, унга жаннат вожиб бўлпди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким ўн икки йил азон айтса, унга жаннат вожиб бўлади. Унинг ҳар куни айтган азони учун олтмишта яхшилик ёзиб қўйилади. Ҳар бир айтган иқомаси учун ўттизта яхшилик ёзиб қўйилади” (Ибн Можа ривояти).

Муаззинлар Аллоҳ таолонинг энг яхши кўрган бандадалари ҳисобланади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади: “Бандалар ичида  Аллоҳ таолога энг яхшилари муаззинлардир. Улар Аллоҳнинг зикри учун қуёш, ой ва юлдузларни кузатиб юрадилар” (Имом Табароний ривояти).

Муаззинлар қайси ҳолатда вафот этса, қиёмат куни ўша ҳолатда тирилади. Бошқалар хавф, қўрқув, даҳшатга ўралган ҳолатда бўлса, муаззинлар ўз азонлари билан банд бўлади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта муаззинлар ва талбия (лаббайка)айтувчилар қабрларидан муаззин азон айтган ҳолатида, талбия айтувчилар талбия айтган ҳолларида чиқиб келадилар” (Имом Табароний ривояти).

Муаззинлар Қиёмат куни мушки анбардан бўлган бир тепалик устида турадилар. Уларни ҳамма кўради ва ҳар бир киши уларнинг мақомини орзу қилиб қолади. Муаззинлар қиёмат куни бошқалар каби қўрқишмайди, даҳшатга тушишмайди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳума Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар: “Уч тоифа кишилар бор, улар мушки анбардан бўлган тепалик узра турадилар. Мен қиёмат куни уларни кўриб тураман”. Бошқа бир ривоятда, “Уч тоифа кишилар бор, улар мушки анбардан бўлган тепалик узра турадилар. Инсон зотининг олдингилари ҳам, охиргилари ҳам уларни кўриб ҳавас қилади”, дейилган. “Булар Аллоҳнинг ва ўз хожасининг ҳаққини адо этган қул, қавмга имом бўлган ва қавм ундан рози бўлган киши, куну тун беш вақт намоз учун азон айтган киши” (Имом Аҳмад, Термизий ривояти).

Имом Табароний қилган ривоятда худди шу маънода “Уларни буюк қўрқинч қамраб олмайди ва улар ҳисоб-китоб ҳам қилинмайди, улар то бутун инсоният ҳисоб-китобни бошлагунларича мушки анбардан бўлган тепалик узра турадилар”, дейилган. Имом Табаронийдан ривоят қилган  ҳадисда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳума айтдилар: “Агар мен Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан етти бор эшитмаганимда эди, сизларга буни айтиб бермаган бўлар эдим. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганларини эшитдим: “Уч тоифа бор, улар мушки анбардан бўлган тепалик узра бўладилар. Уларни қўрқинч қамраб олмайди ва барча инсонлар қўрққанларида улар қўрқмайдилар”.

Аллоҳдан савоб умид қилган муаззин шаҳид каби бўлади.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳума)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аллоҳдан савоб умид қилган муаззин қонларига беланиб турган шаҳид каби бўлади. У Аллоҳ таолодан азон ва иқомат орасида нима хоҳласа, ўшани дуо қилиб сўрайди" (Имон Табароний ривояти). 

Аллоҳ таолодан савоб умид қилган муаззин вафот этганида унинг бадани сақланади, қурт емайди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумадан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таолодан савоб умид қилган муаззин қонларига беланиб ётган шаҳид кабидир. Вафот этса, қабрида уни қурт емайди” (Имом Табароний ривояти) .

Доимо инсонларни ибодатларига уйғотишга, уларни сергак бўлишга ундайдиган муаззин учун Аллоҳ таолонинг улкан мукофоти бор. Бундай муаззин қабрида ҳам тирик бўлади. Аллоҳ таолонинг неъматларини ҳис қилиб туради, жисми пок бўлади, кирланиб кетмайди, чириб ҳам кетмайди, сасимайди ҳам ва жисм чириши оқибатида келиб чиқадиган қурт-қумурсқалардан ҳам саломат бўлади. Албатта, муаззин бу мукофотларга эришмоғи учун азонни фақат Аллоҳ таолонинг розилигини, савобини  истаган ҳолатда  айтган бўлиши керак. Агар муаззин фосиқ, ҳар қандай гуноҳдан тап тортмайдиган, тамагиру такаббур қимса бўлса, айтган азонидан ҳеч қандай фойда бўлмаслиги мумкин. Чунки бундай қимсалар азонни ихлос билан айтиши ўта нодир ҳодисадир.

Азоннинг навбатдаги фазилати – у инсонлар учун омонликдир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Агар бирон-бир қишлоқда азон айтиладиган бўлса, Аллоҳ таоло ўша қишлоқ аҳлини шу куни келадиган азобдан омонда қилади. Уларга шу куни азоб келмайди" (Имом Табароний ривояти). 

Яна бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир қавмда тонгда азон айтиладиган бўлса, албатта улар то кеч киргунча Аллоҳ таолонинг омонлигида бўладилар. Қайси бир қавмда кечаси азон айтиладиган бўлса, албатта улар то тонг оттиргунларича Аллоҳ таолонинг омонлигида бўладилар”, деганлар (Имом Табароний ривояти).

 Азоннинг яна бир фазилати ҳақида Ҳилол ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши Муовия розияллоҳу анҳу мана бундай ҳадис айтаётганини эшитган экан: Муовия розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганларини эшитган экан: “Ким муаззиннинг азонини эшитиб, унинг сўзларни қайтариб турса, муаззинга қандай савоб берилса, унга ҳам шундай савоб берилади” (Имон Табароний ривояти).

Ким азонини эшитиб унинг (сўзларини) орқасидан қайтариб турса, унинг ҳар бир ҳарфи учун миллион даража савоб берилади. Бу ҳақида саййидамиз Маймуна онамиздан ҳадис ривоят қилинган. Ўша ҳадис гарчи заиф бўлса ҳам, ҳадис ҳисобланади. Яъни, азоннинг фазилатини эътироф этишимизга асос бўла олади.

Азоннинг эътиборга молик жиҳатларидан бири – ким масжидда азонни эшитганидан кейин бирон узрсиз, масжидга қайтиб келишни ният қилмасдан, масжиддан чиқиб кетадиган бўлса, у мунофиқ ҳисобланади.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кимга масжидда бўлганида унга азон етса-ю, бирон-бир ҳожати учун ҳам эмас ва қайтиб келиш мақсади ҳам бўлмай масжиддан чиқиб кетса, у мунофиқдир” ( Ибн Можа ривояти).

 

МУҲАММАД ҲАСАНИЙнинг “ЭНГ ШАРАФЛИ УММАТ” номли китоби, Ойбек Неъматуллоҳ ва Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.

Фойдаланилган қўшимча адабиёт: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайх Абдулазиз Мансур ва шайх Алоуддин Мансур ҳазратларининг “Қуръони карим маънолар таржимаси” китоблари.

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!