Энг шарафли уммат: «Жамоат намозининг шарафи»

20:00 12.06.2019 308

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло жамоат билан ўқилган намозга улкан савоблар белгилаган. Бу ҳам Муҳаммад (алайҳиссалом) уммати не қадар шарафли эканининг бир кўринишидир.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилган ҳадисда жамоат билан ўқилган намознинг савоби ёлғиз адо қилинган намознинг савобидан йигирма беш даража кўп экани айтилган. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоятида эса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жамоат намози ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража афзалдир”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Иккала ҳадис ўртасидаги фарқни Имом Нававий: “Намоз ўқувчилар намозларининг хушуъ-хузуъсига қанчалик риоя этганига, жамоатларининг кам-кўп ва фазилатли эканига, намоз ўқиган маконларининг шаън-шарафига қараб баъзилари йигирма беш даража, баъзилари эса йигирма етти даража савоб оладилар”, деб изоҳлаган.

Жамоат билан адо қилинган намознинг фазилатларидан яна бири бундай намознинг гуноҳларга каффорат бўлишидир.

Усмон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким таҳорат олаётиб таҳорат амалларини мукаммал адо этса, сўнгра фарз намозини адо этиш мақсадида йўлга чиқса ва фарз намозини имом билан бирга ўқиса, унинг гуноҳлари мағфират этилади”, деганларини эшитдим» (Ибн Хузайма ривояти).

 Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Бир куни кечаси Раббимдан бир келувчи (яъни, фаришта) келди ва менга (Аллоҳ номидан): “Эй Муҳаммад!” деди. Мен: “Лаббай, Эй Раббим!” деб жавоб бердим. Шунда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло: “Осмон аҳли нима ҳақида бахс этаётганини биласанми?” деди. Мен: “Билмайман”, дедим. Сўнг Аллоҳ таоло қўлини[1] икки елкам орасига қўйди. Ҳатто мен унинг совуғини кўксимда ҳис қилдим (ёки бошқа бир ривоятда: менинг бўйнимга қўлини қўйди ва мен осмондаги ва ердаги барча нарсаларни /яна бошқа ривоятда: мағриб ва машриқдаги барча нарсани/ билдим), дедилар. Сўнгра Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло “Эй Муҳаммад, осмон аҳли нима хақида бахслашаётганини биласанми?” деб сўраганида мен: “Ҳа, – дедим. – Улар даражалар, каффоротлар ва жамоат сари босилган қадамлар борасида баҳслашмоқдалар”, дедим» (Имом Термизий ривояти).

МУҲАММАД ҲАСАНИЙнинг “ЭНГ ШАРАФЛИ УММАТ” номли китоби, Ойбек Неъматуллоҳ ва Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.

Фойдаланилган қўшимча адабиёт: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайх Абдулазиз Мансур ва шайх Алоуддин Мансур ҳазратларининг “Қуръони карим маънолар таржимаси” китоблари.


[1] Ҳадисдаги қўл деб луғавий маънода таржима қилинган сўз араб тилида “яд” дейилади. Бунинг қандай қўл эканини биз билмаймиз, Аллоҳ таоло яратган Ўз махлуқотларига ўхшашдан олий бўлган Зот. Ул Зот бирор нарсага ўхшамайди ва албатта бошқа нарса ҳам Ул Зотга ўхшамайди. 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!