Энг шарафли уммат: «Масжидларни  барпо этиш, уларга юриб бориш ҳамда уларда ўтиришнинг фазилати»

00:00 08.06.2019 451

Муҳаммад умматининг шарафлари талайгина. Уларнинг энг кўзга кўринганларидан бири Аллоҳ таоло бу умматга бошқа умматлардан фарқли ўлароқ масжидларни неъмат қилиб берганидир.

Дарҳақиқат, масжидларни бино қилиш, масжид томон юриб бориш ҳақида  Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан кўплаб ҳадиси шариф ривоят қилинган. Ана шу ҳадиси шарифлардан бирида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) масжид қуришнинг фазилати ҳақида гапириб: “Ким бир масжидни қурса, унга ҳам жаннатда бир уй қурилади”, деганлар.

Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини эшитдим: “Ким Аллоҳ розилигини истаган ҳолда бир масжид қурса, Аллоҳ таоло унинг учун худди бундай уйни жаннатда барпо этади” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоятлари).

Умар ибн Ҳаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини эшитдим: “Ким Аллоҳнинг исми ёд этиладиган бир масжидни қурса, Аллоҳ таоло унга жаннатда бир уй қуради”» (Ибн Можа ривояти).

Жобир ибн Абдуллоҳ  (розияллоҳу анҳума)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким бир ғуррак қушининг иничалик ёки ундан ҳам кичикроқ бир масжидни қурса, Аллоҳ таоло унга жаннатда бир бинони қуриб қўяди”, дедилар (Ибн Можа ривояти).

Бошқа бир ривоятда: “Аллоҳ таоло унга ундан-да кенгроқ уйни бино қилади”, дейилган.

Яна бошқа бир ривоятда: “Ундан-да афзалроқ уйни бино қилади”, дейилган. 

Яна бошқа бир ривоятда эса: “Ким Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган бир уйни ҳалол мол билан қурадиган бўлса, Аллоҳ таоло жаннатда унга дур ва ёқутдан бўлган бир бинони қуради”, деб айтганлар (Табароний ривояти).

Яна бир ҳадисда: “Ким бир масжид қурса ва бу ишига риё ҳам, сума ҳам аралашмаса, Аллоҳ таоло жаннатда унга бир бинони қуради”, дейилади.

Масжид бино қилишнинг савоби боқий қолади, унинг ажри эгасига вафот этганидан кейин ҳам бориб туради.

Абу Ҳурайра  (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Мўмин кишига вафот этганидан кейин орқасидан бориб турадиган, унга етиб турадиган яхшиликлари у ўргатадиган ё тарқатадиган илмдир ё қолдирадиган солиҳ фарзанддир ё бўлмаса ўзидан кейин мерос қилиб қолдирган мусҳаф (яъни, Қуръон)дир ёки ўзи бино қилган масжиддир ё бўлмаса мусофирлар учун қурган бир уйидир ёки оқизиб қўйган бир дарёдир ёки ўзи ҳаётда соғлом бўлган вақтида молидан чиқарган садақасидир. Буларнинг барчаси вафотидан кейин эгасига бориб туради” (Ибн Можа ривояти).

Масжидни супурган ва уни тозалаган кишининг фазилати ҳақида ҳам бир қатор ҳадис бор.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Менга умматимнинг савоблари кўрсатилди. Ҳатто киши масжиддан олиб ташлаган бир чўпак, ҳас, чанг(нинг савоби) бўлади. Ва менга умматимнинг гуноҳлари ҳам кўрсатилди. Мен кишига Қуръондан бир сура ё оят берилиб уни унитиб юборгандан кўра каттароқ гуноҳни кўрмадим”, дедилар».

Яна бошқа бир ҳадис Абу Саид Ҳудрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Ким масжиддан инсонларга азият берадиган бирон нарсани олиб ташласа, Аллоҳ таоло унга жаннатда бир уйни барпо этади” (Ибн Можа ривояти).

Масжидга юриб бориш ва у ерда ўтиришнинг фазилати ҳақида ҳам бир неча ҳадис бор.

Абу Ҳурайра  (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир киши жамоат билан ўқиган намозининг савоби уйида ва бозорда ўқиган намозининг савобидан йигирма беш маротаба кўпроқ бўлади. Албатта, бунинг учун инсон таҳорат олиб, таҳоратини гўзал қилса, сўнгра масжид сари юриб борса, кишининг уйидан чиқишига ўша намози сабаб бўлса, унинг масжид сари қўйган ҳар бир қадами эвазига даражаси кўтарилади, гуноҳлари кечирилади. Агарда масжидга бориб намоз ўқиса, у намозда турар экан, фаришталар унга саловат айтадилар. Улар Аллоҳга: “Уни мағфират қил, Аллоҳ, унга раҳм қил”, деб турадилар. Инсон бир намозни кутиб турар экан, ҳамон намоз ичида деб ҳисобланади" (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоятлари). 

Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Мен бир кишини билардим,  унинг уйичалик масжиддан узоқроқ уй йўқ эди. У бирон-бир намозни қолдирмасди. Бир куни у кишидан: “Миниш учун бирон улов олсанг бўлмайдими?” деб сўрашди. Шунда у: “Мени манзилим масжидга яқин бўлиши ҳурсанд қилмайди. Чунки мен масжидга қўйган ҳар бир қадамим учун менга савоб ёзиб қўйилишидан ва масжиддан ўз аҳлимга қайтганимда ҳам босган қадамларим менга савоб қилиб ёзиб қўйилишидан умидворман”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу қўйган қадамларингни барчасини Аллоҳ таоло тўплаб қўяди”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Жобир ибн Абдуллоҳ  (розияллоҳу анҳума)дан ривоят қилинади: «Уйимиз масжиддан узоқроқ эди. Биз масжидга яқин бир уй олишни истаган эдик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизни қайтариб: “Сизларнинг масжид сари қўйган ҳар бир қадамингиз эвазига бир даража ёзилади”, дедилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоятлари).

Абу Ҳурайра  (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким уйида таҳорат қилиб, кейин Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо қилиш ниятида Аллоҳ уйларидан бири сари юриб борса, унинг қўйган ҳар икки қадамидан бири учун гуноҳи кечирилса, иккинчиси учун даражаси кўтарилади” (Имом Муслим ривояти).

Яна Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ким масжидга борса ва масжиддан қайтса, Аллоҳ таоло бориб-келгандаги ҳар қадами учун жаннатда даражаларни тайёрлаб қўяди” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоятлари).

Абу Умома (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким уйидан таҳорат олган ҳолатида бир фарз намози учун чиқса, унинг ажри худди эҳром боғлаган ҳожининг ажри кабидир. Ким Зуҳо намози учун чиқса, уйдан чиқишига сабаб намоз бўлса, унинг ажри худди Умра қилган кишининг ажри кабидир. Бир намоз билан иккинчи намоз ўртасида бирон-бир лағв бўлмаса, ана ўша ъиллиййиндаги китоб бўлади” (Абу Довуд ривояти).

 Бурайда ибн Ҳасиб Асламий (розияллоҳу анҳума)дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Кечалари масжидлар сари юриб борувчиларга қиёмат куни нурнинг башоратини беринглар (Абу Довуд, Термизий ривоятлари).

Абу Ҳурайра  (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Масжидга кечалари юриб борадиган кишилар Аллоҳнинг раҳматига шўнғувчи кишилардир”, дедилар».

Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳума)дан ривоят қилинади, «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кечалари масжидлар сари юриб борувчиларга қиёмат куни мукаммал нур бўлишининг башоратини беринглар”, дедилар». (Ибн Можа ривояти).

 

МУҲАММАД ҲАСАНИЙнинг “ЭНГ ШАРАФЛИ УММАТ” номли китоби, Ойбек Неъматуллоҳ ва Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.

Фойдаланилган қўшимча адабиёт: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайх Абдулазиз Мансур ва шайх Алоуддин Мансур ҳазратларининг “Қуръони карим маънолар таржимаси” китоблари.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!