Энг шарафли уммат: «Намознинг фазилатлари»

22:00 08.06.2019 1190

Муҳаммад умматининг яна бир улуғ шарафи – Аллоҳ таоло бу умматга намозни адо этишида ва намозда бардавом бўлишида кўплаб фазилатни тайинлаб қўйган.

Ана шу фазилатлардан бири намоз хатоларни ўчириб юборишидир.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини эшитдим: “Нима деб ўйлайсизлар, агар бирортангизнинг эшигингиз олдидан бир ариқ оқиб ўтса, шу ариқда ҳар куни беш маротаба ювинадиган бўлсангиз, сизда бирон-бир кир жой қоладими?”. Саҳобалар: “Асло кир қолмайди”, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мана шу беш вақт намоз билан Аллоҳ таоло кичик гуноҳларни кечириб юборади”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Энди катта гуноҳларга келсак катта гуноҳлар учун тавба қилиш лозимдир. Бу ҳақда ҳам Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадис бор. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Беш вақт намоз ва бир жумадан иккинчи жумагача бўлган вақт (бошқа бир ривоятда бир рамазондан иккинчи рамазонгача бўлган муддат) оралари гуноҳларга каффоратдир. Модам гуноҳи кабиралардан узоқ бўлинса” (Имом Муслим ва Термизий ривояти).

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аллоҳ таолонинг ҳар бир намоз вақтида нидо қилиб турадиган фариштаси бор. У фаришта: “Эй одам боласи, ўзинглар учун ёндирилган оловга туринглар ва уни ўчиринглар”, деб нидо қилар экан» (Имом Табароний ривояти). Бу ерда оловдан мақсад гуноҳлардир. Яъни, сизлар гуноҳларингизга туриб уни ўчиринглар, деб нидо қилиниши тушунилади.

Абу Муслим Саълабийдан ривоят қилинади: «Мен Абу Умома (розияллоҳу анҳу) ҳузурига кирдим. У масжидда эди. Мен унга: “Эй Абу Умома, бир киши менга сенинг номингдан бир ҳадис айтди, сен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Ким таҳорат олиб, таҳоратини мукаммал адо этса, икки қўлини ювса, юзини ювса, бошига ва қулоғига масҳ тортса, сўнгра фарз намозига турса, Аллоҳ таоло ўша кундаги икки оёғи юриб қилган гуноҳларини ва икки қўли ушлаган, икки қулоғи эшитган, икки кўзи қараган ва қалби билан қилган гуноҳларини кечириб юборади” деганларини эшитган экансан”. Абу Умома: “Аллоҳга қасам, мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бу ҳақда бир неча бор эшитганман!” деди» (Имом Аҳмад ривояти).

Абу Айюб Ансорий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дер эдилар: “Ҳар бир намоз ўз олдидаги (намозхоннинг) гуноҳларини кечириб юборади” (Ҳайсамий ривояти).

Намознинг фазилатларидан яна бири – намоз инсоннинг даражаларини юқори қилади.

Маъдон ибн Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишича, у киши бундай дейди: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мавлоси Савбонга йўлиқдим ва унга: “Менга шундай бир амал ҳақида ҳабар бергин, то мен унга амал қилай ва у сабабли Аллоҳ таоло мени жаннатга киритсин”, дедим. Савбон бир оз сукут сақлади. Яна сўрадим, яна сукут сақлади. Сўнгра учинчи бор сўрадим. Шунда у: “Мен бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўраган эдим. Ул Зот, ўзингга кўп сажда қилишни лозим тут, чунки Аллоҳ таолога ким бир марта сажда қиладиган бўлса, Аллоҳ таоло унинг саждаси туфайли даражасини юқори қилади, ҳар сажда қилганида унинг бир даражасини кўтаради ва бир хатосини кечириб юборади, деб айтганлар”, деди (Имом Муслим ривояти)».

Убода ибн Собит (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. У киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини эшитган: “Бирон банда Аллоҳ таолога сажда қиладиган бўлса, Аллоҳ таоло ўша саждаси туфайли бир яхшилик ёзади, бир ёмонлигини кечириб юборади, бир даражасини юқори қилади. Шунинг учун ҳам саждани кўпайтиринглар” (Ибн Можа ривояти).

Намознинг фазилатларидан яна бири – намоз Аллоҳ таоло жорий қилган энг яхши амалдир. 

Абу Ҳурайра  (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Намоз энг яхши мавзудир (яъни, жорий қилинган нарсадир). Ким кўпайтиришга қодир бўлса, намозни кўпайтирсин” (Имом Табароний ривояти).

Дарҳақиқат, намоз амалларнинг энг яхшиси ҳисобланади.

Савбон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Тўғри йўлда бўлинглар, истиқоматда бўлинглар, шунда нажот топасизлар ва, билингларки, амалларингизнинг ичида энг яхшиси намоздир. Таҳоратга ҳам фақатгина мўмин киши бардавом бўлади” (Имом Аҳмад, ибн Ҳиббон ривояти).

Намознинг навбатдаги фазилати – у руҳларга ҳам баданларга ҳам шифодир.

Абу Ҳурайра  (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Намоз шифодир” (Имом Аҳмад ривояти).

Намоз ўқиган киши ўзининг жаннатга киритилишига Аллоҳ таолодан ахд олади.

Убода ибн Собит (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганларини эшитдим: “Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган беш вақт намозни ким адо этса ва эътиборсизлик билан улардан бирортасини зое қилмаса, у учун Аллоҳ таоло ҳузурида ўша бандасини жаннатга киргизишга аҳд бордир. Ким буларни қилмаса, у учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида аҳд бўлмайди. Хоҳласа, у бандасини азоблайди, хоҳласа, жаннатга киргизади” (Имом Молик, Абу Довуд ривоятлари).

Каъб ибн Ужра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизнинг ҳузуримизга чиқиб келдилар. Биз етти киши эдик. Шунда Ул Зот: “Бу ерда нима сабабдан ўтирибсизлар?” деб сўрадилар. Биз: “Намоз вақтини кутмоқдамиз”, деб жавоб бердик. Ул Зот бир оз жим турдилар-да, бизга юзланиб: “Раббингиз нима деганини биласизларми?” деб сўрадилар. Биз: “Аллоҳ ва расули билувчироқдир”, дедик. Шунда Ул Зот: “Раббингиз, ким намозини ўз вақтида адо этса ва намозда бардавом бўлса, намоз вақтларига риоя қилса (яъни, ўз вақтида адо этса), намоз ҳаққига паст назарда қараб этиборсизлик қилмаса, унинг учун Менинг ҳузуримда жаннатга далолат қиладиган бир ахд бордир, энди ким намозни адо этмаса ва унинг вақтларига риоя қилмаса, унинг ҳаққини эътиборсизлик билан зое қилса, унга Менинг ҳузуримда ахд бўлмайди – хоҳласам, бандамни азоблайман, хоҳласам, унинг гуноҳларини кечираман, деди”, дедилар» (Имом Мунзирий,Табароний ва Аҳмад ривоятлари).

Намознинг фазилатларидан яна бири – Аллоҳ таоло намоз ўқувчига Ўз афвини, раҳматини ва розилигини ҳадия этади.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳума)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ  (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Намознинг илк вақти Аллоҳнинг розилигидир, намознинг охирги вақти Аллоҳ таолонинг афвидир" (Имом Термизий ривояти). 

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинади: “Намознинг илк вақти Аллоҳнинг розилигидир, намознинг ўртаси Аллоҳнинг раҳматидир, охирги вақти Аллоҳ азза ва жалланинг афвидир" (Дорақутний ривояти).

Аллоҳ таоло намоз ўқийдиган бандаси билан фаришталарга мақтанади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Сизларнинг орангизда кечаси келадиган ва кундузи келадиган фаришталар кетма-кет навбатчилик қиладилар. Улар бомдод ва аср намозида тўпланадилар, бандаларни кечаси билан кузатган фаришталар осмонга кўтарилишади. Аллоҳ улардан Ўзи билиб тургани ҳолида: “Бандаларимни қай ҳолда тарк қилдингиз?” деб сўрайди. Фаришталар: “Биз уларни намоз ўқиётган ҳолларида тарк этдик. Биз унинг олдига борганимизда ҳам улар намоз ўқиётган эди”, деб жавоб беришади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Намоз фазилатларидан яна бири – намозда банда Рабби билан боғланади. Намоз намоз ўқувчи билан Рабби ўртасидаги пардаларни олиб ташлайди.

Абу Умома (розияллоҳу анҳума)дан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Агар банда намозга турадиган бўлса, у учун жаннат эшиклари очилади ва у билан Рабби ўртасидаги пардалар кўтарилади. Уни Жаннатдаги оҳу кўзли аёллар кутиб туради. Агар у бурнини қоқмаса ё балғамини тупуриб юбормаса” (Имом Табароний ривояти).

Ҳадисдаги охирги жумлани Пайғамбар (алайҳиссалом) бежизга айтмаганлар. У замонда намозлар тупроқ устида ўқилган, ўша пайтдаги масжидларнинг шароити шундай эди. Саҳобалар орасида бурун қоқиб ёки тупуриб юборадиганлар ҳам бўлган экан. Намоз ичида шу каби амалларни қилмаган киши, ҳадисда айтилгани каби, буюк шарафга эришади. (Шу боис бизнинг ҳанафий мазҳабимизда намоз ичида бурун қоқиш, тупуриб юбориш макруҳ ҳисобланади.)

Намозда Аллоҳ таолога яқинлашиш борлиги ҳам намознинг фазилатларидан биридир.

Аллоҳ таоло: “Сажда қил ва яқинлашгин”, ("Алақ" сураси 19-ояти) деб марҳамат қилган.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бандани Раббига энг яқин ҳолати сажда ҳолатидир. Дуони кўпайтиринглар”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Саждада ўзига хос яқинлик бор. Банда саждада бошини ерга қўйиб турар экан, Раббининг наздида ҳақиқий қуллигини кўрсатган бўлади.

Намознинг фазилатларидан яна бири – намозда Аллоҳ таоло билан муножот (яъни, гаплашиш) бор.

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин намозда экан, Рабби билан муножот қилаётган бўлади. Шу сабабдан биронтангиз рўпарасига ё ўнг томонига тупурмасин, зарурият бўлиб қолса, чап томонига ё оёғи остига тупурсин”, деганлар (Имом Бухорий ва бошқалар ривояти).

Изоҳ: Бу ҳолат очиқ ерда, тупроқ устида намоз ўқилган пайтга тегишли. Ҳозирги кундаги каби жойнамозларда ўқилаётганда зарурият бўлиб қолса, тупугини чап қўли билан бирон дастрўмолга олиб қўйса яхши бўлади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Агар сизлардан бирортангиз намозга турадиган бўлса, рўпарасига тупурмасин, чунки у намозда экан Рабби билан мулоқотда, Рабби билан гаплашаётган ҳисобланади. Ўнг томонига ҳам тупурмасин, чунки ўнг томонида фаришта бўлади. Чап томонига ё оёғи остига тупурсин, шунда ҳам уни тупроқ билан кўмиб қўйсин” (Имом Бухорий ривояти).

 Намозда Аллоҳ таолонинг ҳузурига юзланиш бор.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳума)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Агар сизлардан бирортангиз  намоз ўқийдиган бўлса, рўпарасига тупурмасин, чунки Аллоҳ таоло унинг рўпарасида бўлади (Имом Муслим ривояти).

Намознинг яна бир фазилати – намоз ўқиётганида банда Раббини ёд этади ва Рабби ҳам уни ёд этади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Намозни мени эслашинг ва мен ҳам сени эслашим учун адо этгин” ("Тоҳа" сураси 14-оят).

Банда Аллоҳ таолони ҳар қандай турда эсласа ҳам, Раббига яқинлашган бўлади. Намоз эса мана шу эслаш (зикр)ларнинг энг олийидир. Бундан ташқари, намозхонни Аллоҳ таоло ҳам ёд этган бўлади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини эшитган: «Аллоҳ таоло бундай дейди: “Мен намозни Ўзим билан бандам ўртасида иккига бўлдим. Бандам учун нима сўраса, шу бўлади, агар банда Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламин деса, Аллоҳ таоло, бандам менга ҳамд этди, дейди. Агар банда ар-Роҳманир Роҳим деса, Аллоҳ таоло, бандам мени мақтади, дейди. Агар банда Малики явмиддин деса, Аллоҳ таоло, бандам мени улуғлади, дейди. Ийяка  наъбуду ва ийяка настаъийн деса, Аллоҳ таоло, бу жойи мен билан бандам ўртасидаги нарсадир, бандам нимани сўраса ўшани бераман, дейди. Агар банда Иҳдинас-Сиротал мустақим, Сироталлазийна анъамта алайҳим ғойрил мағзуби  алайҳим валаддоллийн деса, Аллоҳ таоло, бу қисми бандамга тегишли, нима сўраса, бўлсин унга" (Имом Муслим ривояти).

Яна бошқа бир ривоятда “Агар банда Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим деса, Аллоҳ таоло бандам мени эслади, ёд этди, деб айтади”, дейилган (Имом Нававий, Дорақутний ва  Баҳақий ривоятлари).

Намозда фаришталар “Омин” деб туришади. Яъни, Фотиҳа сураси намозда қироат қилинаётгани учун фаришталар “Омин” деб туришади. Кимнинг “Омин”и фаришталарнинг “Омин”ига тўғри келиб қолса, Аллоҳ таоло унинг ўтган барча гуноҳларини кечириб юборади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: «Агар имом “Омин” деса, сизлар ҳам “Омин” денглар. Чунки кимнинг “Омин”и фаришталарнинг “Омин”ига тўғри келиб қолса, унинг ўтмишда ўтган барча гуноҳлари кечирилади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Агар сизлардан бирортангиз “Омин” деса ва фаришталар ҳам осмонда “Омин” дейишса (яъни, улар бир-бирига мувофиқ келиб қолса), ўтмишдаги барча гуноҳи кечирилади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Намознинг фазилатларидан яна бири – намоз ўз эгасини фаҳш ва мункар (яъни, ёмон) ишлардан тўсади.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: (Эй Муҳаммад!) Китоб (Қуръон)дан Сизга ваҳий қилинган нарсани тиловат қилинг ва намозни баркамол адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур ("Анкабут" сураси 45-оят).

Бу ерда Аллоҳ таоло намозни қоим қилишга буюряпти, намозни қоим қилган кишига намоз қай даражада таъсир этиши баён қилиняпти. Яъни, намоз бандани ҳаром нарсалардан ва мункар ишлардан, ҳатто барча гуноҳ ишдан қайтарар экан.

Намознинг яна бир фазилати шуки, намоз бандани ёмон сифатлардан тарбиялайди.

Аллоҳ таоло:  “Албатта, инсон чидамсиз, сабрсиз қилиб яратилгандир. Агар унга ёмонлик етадиган бўлса, чидамсиздир, агар яхшилик етадиган бўлса, кўп ман қилувчидир. Магар намоз ўқийдиганларгина бундан мустаснодирлар. Улар намозларида давомлидирлар” ("Маъориж" сураси 19 – 23-оятлар), деб марҳамат қилган. Яъни, одамга Аллоҳ таолодан бир қийинчилик-машаққат етадиган бўлса, у бунга сабрсизлик қилади. Аллоҳ таолодан яхшилик (мол-дунё ё бирон ҳурсандчилик) етадиган бўлса, у бахиллик қилиб, Аллоҳнинг ҳақини беришдан тийилиб қолади.

 Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кишидаги энг ёмон сифат бахиллик ва қўрқоқликдир”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Бу иллатдан фақатгина намозларида қоим бўлган, уни ўз вақтида адо этадиган кишиларгина омонда бўлади. Чунки намоз уларнинг феълини ёмон сифатлардан яхши сифатларга ўзгартириб қўяди. Уларни гўзал фазилатлар ва комиллик билан сийлайди.

Намознинг ҳусусиятларидан яна бири Аллоҳдан бўлган неъматлар намозхонга ёғилиб туришидир.

Муҳаммад ибн Носир Ҳасан Басрийдан мурсал ҳолатда ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Намозхоннинг учта хислати бор: яхшилик осмондан унинг боши устига ёғилиб тушади, қадамидан тортиб осмонгача фаришталар уни ўраб туради. Бир нидо қилувчи: “Агар намозхон кимга муножот қилаётганини билса эди, у намозини хеч ҳам тарк қилмаган бўлар эди”, деб нидо қилади».

Намознинг фазилатларидан яна бири – фаришталар намозхонга саловат айтиб туришади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Агар сизлардан биронтангиз намозда бўлса ва уни ҳали намози ушлаб турган бўлса, фаришталар “Аллоҳ, унинг гуноҳини кечир, унга раҳм қил”, дейишади. Бу нарса у то намоздан туриб кетмагунча ёки намоздан бошқа бир ишга киришмагунча давом этади» (Имом Бухорий ривояти).

Намоз мўмин учун дунё ва охиратда нурдир.

Абу Молик Ашъарий (розияллоҳу анҳу) айтишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: «Поклик имоннинг ярмидир. “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи” осмон билан ер орасидаги барча масофани савобга тўлдиради. Намоз эса нурдир» (Имом Муслим ривояти).

Албатта, намоз намозхоннинг қалби, кўзи, ақли ва юзи учун нур ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло: “Уларнинг сиймолари юзларида бўлади”, деган ("Фатҳ" сураси 45-оятидан). Яъни, сажда қилганлари сиймоларида кўриниб туради.

Убода ибн Собит (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Агар банда намозда давомли бўлса ва таҳоратини, рукуъларини, саждаларини ва қироатини тўла-тўкис адо этса, намози уни: “Худди сен мени сақлаганингдек, Аллоҳ сени сақласин”, деб дуо қилади ва кейин осмонга нур бўлиб кўтарилади» (Имом Бухорий ривояти).

Дарҳақиқат, намоз қиёматда – маҳшаргоҳда йиғиладиган кунда ҳам, Сирот кўпригию охиратнинг бошқа барча қийинчиликларида ҳам мўмин банда учун нур бўлади.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳума)дан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоз ҳақида бундай дедилар: “Ким намозни доим ўқиса, ўқиган намозлари қиёматда унга нур бўлади, ҳужжат бўлади ва нажот бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).

Намоз фазилатларидан яна бири – намоз инсонни қабрга тушганда ҳам ёлғиз қолдирмайди.

Банда дунёдалик вақтида намозини сақлаганидек, намоз ҳам уни қабрида ҳимоя қилади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Албатта, ўлик қабрга қўйилгач, уни қолдириб кетаётганларнинг қадам товушларини эшитиб туради. Агар у мўмин бўлса, намози бошидан, рўзаси ўнг томонидан, закоти чап томонидан, қариндош-уруғларга мурувват, одамларга яхшилик қилиш, уларга гўзал муомалада бўлиш каби яхши амаллари уни оёқ томонидан ўраб олади. Бош томонидан келинса, намози: “Мен томондан йўл йўқ!” дейди. Ўнг томонидан келинса, рўзаси: “Мен томондан ҳам йўл йўқ!” дейди. Чап томондан келинса, закоти: “Мен томондан ҳам йўл йўқ!” дейди. Оёқ томонидан келинса, инсонларга яхшилигу садақа каби эзгу амаллари: “Мен томондан ҳам йўл йўқ!” дейди. Шунда у кишига “Ўтир!” дейилади. У ўтиради. Ботишга яқин қолган қуёш кўрсатилади ва “Сизлардан олдин келган мана бу киши ҳақида фикринг қандай? У киши ҳақида нима дейсан? Нима гувоҳлик берасан?” деб сўралади. Банда: “Мени ўз ҳолимга қўйинглар, мен намозимни адо этиб олай”, дейди. Фаришталар унга: “Намозга улгурасан, сен унгача биз сўраган нарсанинг хабарини бер: сендан олдин келган киши ҳақида нима дейсан, нима деб гувоҳлик берасан?” дейишади. У айтади: “У Муҳаммад! Гувоҳлик бераман,  у Аллоҳнинг элчисидир! Аллоҳ ҳузуридан ҳақни олиб келган!” Фаришталар унга:  “Сен ҳақ гапни айтинг, сен шунга кўра ҳаёт кечирган эдинг ва ҳақ устида вафот этдинг”, дейишади. Ўша бандага: “Эрта қиёматда ҳам, иншааллоҳ, шу ҳолда тириласан”, деб айтилади. Унга жаннат эшикларидан бир эшик очиб қўйилади ва: “Бу ер жаннатдаги сенинг ўрнингдир, Аллоҳ таоло сенга тайёрлаб қўйган жойдир”, дейилади. Шунда у чексиз ҳурсанд бўлиб кетади (Имом Табароний ривояти).

Ким намозларини севиб доимий ўқиса, вафот этганидан кейин ҳам қабрида намоз ўқишни давом эттиради. Албатта, бу мақомни Аллоҳ таоло барча пайғамбарларига ато этган. Шунингдек, Ўзи хоҳлаган солиҳ бандаларини ҳам бу неъмат билан шарафлантирган. Пайғамбарлар бари қабрларида намоз ўқишларига далил сифатида Абу Яъло ва Байҳақий китобларининг “Анбиёлар ҳаёти” бўлимида Анас  (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисни олишимиз мумкин. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Анбиёлар қабрларида тирикдирлар, улар намоз ўқийдилар”.

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен Исро кечаси Мусо (алайҳиссалом)нинг ҳузурига борганимда ул зот қабрида қизил тепалик олдида намоз ўқиётган эди”, дедилар. (Имом Муслим ва Насоий ривояти).

Солиҳ кишилар ҳам қабрларида намоз ўқишларига юқорида ўтган ҳадис далил бўла олади. Унга кўра, фаришталар солиҳ киши қабрига кириб сўроққа тутишганида, у: “Қўйинглар, мен намозимни адо этиб олай”, деган, фаришталар унга: “Намоз ўқишингга ҳали рухсат этилади”, деб жавоб қилишган эди. Мана шу хабардан солиҳ кишилар ҳам қабрларида намоз ўқишларини билиб оламиз. Абу Нуъайм “Ҳиля” номли китобида Ясор ибн Ҳубайшдан, у ўз отасидан ривоят қилади. Отаси айтади: ”Қасамки, мен Собит Баннонийни лаҳадга киргазганимда ёнимда Ҳумайт ва яна бошқа бир киши бор эди. Биз унинг устидан ғишт тераётганимизда бир ғишт қабрга тушиб кетди. Ғиштни олиш учун лаҳад ичига қараган эдим, Собит Банноний намоз ўқиётганини кўрдим. Ёнимдагиларга: “Кўряпсизларми?” деганимда шеригим: “Жим тур!” деди. Биз унинг устидан тупроқ тортиб ишимизни тугатгач, қизи олдига бордик ва ундан “Собит ҳаётлик чоғида нималар қилар эди?” деб сўрадик. Қизи: “Сизлар бирор нарсага гувоҳмисизлар?” деб сўради. Кўрган воқеамизни гапириб бердик. Шунда қизи бундай деди: “Отам эллик йил кечалари намозда қоим бўлган эди.  Саҳар вақти кирганида дуосида Аллоҳ таолодан: “Эй Аллоҳ, агар Сен бирон-бир бандага намоз ўқиш неъматини берадиган бўлсанг, менга бергин!” деб дуо қилар эди. Аллоҳ таоло унинг бу дуосини ижобат қилибди-да!”.

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳума)дан ривоят қилинади: «Саҳобалардан бирлари ўзи билмасдан қабр устига чодир қуради. Чодирда бир киши Мулк сурасини охиргача ўқиганини эшитади. Кейин Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳузурларига бориб, бўлган воқеани айтиб беради. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, Мулк сураси ман қилувчидир, нажот берувчидир. У қабр азобидан нажот беради”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Ибн Манда Талҳа ибн Убайдуллоҳдан ривоят қилиб айтади: «Мен ўрмондаги молимни олиш учун бордим. Қоронғи тушиб қолди. Абдуллоҳ ибн Ҳизомнинг қабри ёнидан қўноқ топдим. Қабрдан шундай бир қироат эшитдим, бундан-да гўзал қироатни илгари эшитмаган эдим. Кейин Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бориб, бўлган воқеани айтиб бердим. Ул Зот: “У Аллоҳнинг бандасидир, билмайсанми? Аллоҳ таоло Ўз бандаларининг руҳларини олиб, уларни ёқут ва забаржаддан бўлган қандилларга қўяди ва жаннатнинг ўртасига осиб қўяди. Қачон кеч кирса, руҳлари яна ўзларига қайтади (яъни, олдин қаерда бўлган бўлишса, яна ўша жойга қайтишади)”, дедилар». Бу ҳадисни ибн Ражаб Ҳанбалий ҳам зикр қилган.

Намоз хусусиятларидан яна бири – намозхоннинг сажда қилган аъзолари уни жаҳаннам ўтидан сақлайди.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади, узун ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Жаҳаннам олдида бир Сирот кўприги тортилади. Мен умматим билан бирга ўтадиган энг биринчи пайғамбарман. У кунда пайғамбарлардан бошқа бирон киши гапирмайди. Пайғамбарларнинг айтадиган гаплари “Аллоҳ, саломат қилгин! Аллоҳ, саломат қилгин!” бўлади. Жаҳаннамда Садон тиканидек итлар бўлади. Сизлар Садон тиканини кўрганмисизлар?” деб сўрадилар Пайғамбар (алайҳиссалом). Саҳобалар: “Ҳа”, деб жавоб қилишди. “Ана шу итлар Садон тиканидек бўлади, уларнинг қай даражада катта ва ҳайбатли бўлишини ёлғиз Аллоҳ билади. У одамни амалларига қараб қопади. Одамлар орасида амали сабабли ҳалок бўладиганлари бор, тилка пора қилиб юборилиб сўнг нажот топадиганлари бор. Агар Аллоҳ таоло жаҳаннамдаги кишиларга раҳм қилишни истаса, фаришталарга уларни жаҳаннамдан чиқаришни буюради. Ким ҳаётлик чоғида Аллоҳ таолога ибодат қилган бўлса, фаришталар уларни сажда изларидан билиб оладилар. Аллоҳ жаҳаннамга сажда ўрнини куйдиришни ҳаром қилган. Кейин жаҳаннам аҳли куйган ҳолатларида чиқади. Уларнинг устиларидан ҳаёт суви қуйилади. Улар худди ердан дон қандай униб чиқса, ўшандай униб чиқадилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Қиёмат куни барча халойиқ Оламлар Раббига сажда қилишга чақирилганида, ҳамма ҳам сажда қила олмайди.

Намоз эса, дунёлик чоғида намозхонни қиёмат кунидаги саждага тайёрлаб боради.

“Болдирлар очиладиган (ишлар мушкуллашадиган) ва сажда қилишга чорланишганида саждага кучлари етмай қоладиган кунни (қиёматни) эсланг. Ўшанда кўзлари ерга қуйи қараган ва уларни хорлик эгаллаган ҳолда бўладилар. Улар соғлом ҳолларида сажда қилишга чорланар эдилар (аммо ундан бош тортган эдилар)” ("Қалам" сураси 42 – 43-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло қиёмат куни мукаллаф бандаларини сажда билан имтиҳон қилиши баён этиляпти. Аллоҳ таоло маҳшаргоҳда йиғилган бутун халойиққа нур бўлиб тажалли этади ва уларни Ўзига сажда қилишга буюради.

Абу Саид (розияллоҳу анҳу) бундай ривоят қилади: «Мен Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганларини эшитдим: “Раббимиз у кунда кўринади (кашф бўлади). Яъни, нур бўлиб очилади. Шунда барча мўмин ва мўмина Ул Зотга сажда қилади. Дунёдалик чоғида “одамлар эшитсин”, “одамлар кўрсин” деган ниятда сажда қилиб юрганлар қолади. Улар сажда қила олмайди ва беллари букилмайдиган бўлиб қолади» (Имом Бухорий ривояти).

Ривоятда келишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “У кунда буюк нур кўринади. Дунёдалик чоғи ўзи хоҳлаб сажда қилиб юрган кишиларгагина Аллоҳ таоло сажда қилишга изн беради. Ким одамлардан қўрққанидан, хўжакўрсинга сажда қилиб юрган бўлса, улар қолади. Аллоҳ уларнинг белларини бир табақали (букилмайдиган) қилиб қўяди. Улар ҳар сафар сажда қилишга уринганида орқасига қараб йиқилаверади” (Имом Муслим ривояти).

Абу Мусо (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан  “Болдирлар очиладиган кун қандай кун?” деб сўраганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У кун буюк нур зоҳир бўладиган кундир. У куни барча инсон сажда қилишга йиқилади”, деб жавоб қилган эканлар (Абу Яъло ва ибни Жарир ривояти).

Намоз хусусиятларидан яна бири – киши намози сабабли жаннатда пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га қўшни бўлиш бахтига эришади.

Рабиъа ибн Каъб Асламий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Мен Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га кундузлари хизмат қилар эдим. Кеч кирганда ёнларида тунардим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Субҳаналлоҳ”, “Субҳаналлоҳ”, “Субҳана Рабби” деганларини кўп эшитардим, ҳатто малолланиб қолгунимча ёки кўзимга уйқу босиб келиб ухлаб қолмагунимча. Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сўрагин сенга бераман”, дедилар. Шунда мен ўйлаб олиш учун озгина муҳлат сўрадим. Ўйлаб кўрсам, дунё ўткинчи, абадий эмас. Кейин: “Эй Аллоҳнинг элчиси, Аллоҳ таоло мени жаҳаннамдан сақлашини, жаҳаннамдан нажот беришини ва жаннатга киргизишини дуо қилиб сўрашингизни хоҳлайман”, дедим. Сўнгра ул зот: “Сени бундай дейишга ким ўргатди?” дедилар. Мен: “Ҳеч ким ўргатгани йўқ. Дунё ўткинчи, абадий эмаслигини билдим. Сиз Аллоҳ ҳузурида буюк бир мартабадасиз. Шу сабабдан мен учун Аллоҳ таолодан дуо қилишингизни сўрадим”, деб жавоб бердим.  Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен албатта дуо қиламан, лекин сен ҳам кўп сажда қилиб, ўзинг сўраган нарсангга (эришишда) ёрдам бер”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Рабиъа ибн Каъбдан ривоят қилинади: «Мен Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида тунар эдим. Таҳоратларига сув олиб келиб берар эдим (яъни, шу каби юмушларини қилар эдим). Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Нимани хоҳлайсан, сўрагин”, дедилар. Мен ул зотга: “Эй Аллоҳнинг элчиси, мен жаннатда сизга қўшни бўлишни хоҳлайман”, дедим. Шунда ул зот: “Бундан бошқа нарса эмасмиди?” дедилар. Мен: “Йўқ, фақат шу нарсани хоҳлайман.”, дедим. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу борада менга кўп сажда қилиш билан ёрдам бер”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Абу Фотима (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Агар қиёматда менга йўлиқишни истасанг, кўп сажда қилгин”, деганлар ( Имом Аҳмад ривояти).

Намоз хусусиятларидан яна бири – намоз қиёматда аллоҳ таолони кўришга сабаб бўлади.

Ҳаётлик вақтида ўқилган намозлар намозхонни қиёматда Аллоҳ таолони кўришга тайёрлаб боради.  Жарир (розияллоҳу анҳу)дан келган ҳадисда, у киши айтадилар: «Биз Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга эдик. Ул Зот бир кечада ойга (бошқа бир ривоятда, тўлин ойга) қарадилар-да: “Сизлар Раббингизни худди мана шу ойни кўришда қийналмаётганингиздек қиёматда (ҳам очиқ-ойдин) кўрасизлар. Агар қуёш чиқишидан олдинги ва қуёш ботишидан олдинги намозларни адо этишга қодир бўлсангизлар, шуни қилинглар”, дедилар-да, кетидан: “Қуёш чиқишидан олдин ва қуёш ботишидан олдин Раббингизга ҳамд айтиш билан тасбеҳ айтинглар”, деган оятни ўқидилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Аллома Хаттобий айтадилар: “Бу ҳадис қиёматда Аллоҳ таолони кўришга далил ҳисобланади. Албатта, Аллоҳ таолони кўриш неъматига сазовар бўлиш, ҳадисда айтилганидек, икки намоз – аср ва бомдод намозида бардавом бўлиш билан эришилишига умид қилинади. Бу гапни қуйидаги ҳадис қувватлайди.

Имом Аҳмад ва ибн Абу Дунё ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаннат аҳлининг даражаси энг юксаги кунда икки маротаба Аллоҳ таолонинг юзига боқадиган кишилардир”, деганлар.

Намознинг фазилатларидан яна бири – намозда оламларнинг Раббига салом бериш бор.

Намозда оламлар Раббига ва барча пайгамбарлар имомига ва Аллоҳ таолонинг барча солиҳ бандаларига салом бериш бор.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Биз Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан намозда турган ҳолимизда “Аллоҳ таолога бандаларидан салом бўлсин, фалончига-фалончига салом бўлсин”, дердик (бошқа бир ривоятда: “Жаброил ва Микоилга салом бўлсин”, дердик, дейилган). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таолога салом бўлсин”, деманглар, чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи “Ас-Салом” Зотдир, (яъни Ул Зотнинг шундай деган исм-сифати бор). Сизлар бундай денглар: “Аттаҳияту лиллаҳи вас солавату ват тоййибат. Ассаламу алайка, айюҳан Набийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ассаламу аълайна ва аъла ъибадиллаҳис солиҳин”. Агар сизлар шу сўзларни айтадиган бўлсангиз, осмон ва ердаги барча бандага берган саломларингиз етиб боради”, дедилар. (Бошқа бир ривоятда: “Агар сиз бу саловат ва саломларни айтадиган бўлсангизлар, Аллоҳнинг осмон ва ердаги барча солиҳ бандаларига етади. Сўнг “Ашҳаду алла илааҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва  росулуҳ” денглар”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Намознинг фазилатларидан яна бири – намоз Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га саловат айтишни ҳам ўз ичига олади.

Намозда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га саловат айтилади. Намозда саловат айтиш эса, Аллоҳ таоло жорий қилган қурбат ҳосил қилинадиган энг буюк амаллардандир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ таоло ва фаришталар Пайгамбарга саловат айтадилар. Эй имон келтирганлар, сизлар ҳам унга саловат айтинглар ва салом йўлланглар” ("Аҳзоб" сураси 56-оят).

Абу Масъуд Бадрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизнинг олдимизга келдилар. Биз Саъд ибн Убоданинг йиғинида эдик. Башир ибн Саъд исмли саҳобий: “Эй Аллоҳ элчиси, Аллоҳ таоло бизларга саловат айтишни буюрди. Сизга қандай саловат айтамиз”, деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) анчагача гапирмай турдилар. Ҳатто саволни эшитмай қолдиларми деб ҳам ўйлаб қолдик. Кейин: “Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва ъала али Муҳаммадин, кама соллайта ъала Иброҳима ва барик ъала Муҳаммадин ва ъала али Муҳаммадин, кама барокта ъала Иброҳима ва ъала али Иброҳима, иннака ҳамидум мажид”.  Салом айтишни билганлариздек айтасизлар (яъни ташаҳҳудда қандай айтсангизлар шундай айтасизлар)», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ким намозни тарк этадиган бўлса, қиёматда Аллоҳ таоло ундан ғазабланган ҳолда бўлади.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳума)дан ривоят қилинади: «Кўзим кўрмайдиган бўлиб қолганида менга: “Сизни даволаймиз, лекин бир неча кун намоз ўқий олмай қоласиз”, дейишди. Шунда мен: “Ҳеч қачон намозни тарк қилмайман. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ким намозни тарк этадиган бўлса, Аллоҳ таоло унга ғазабланган ҳолда йўлиқади”, деганлар, дедим» (Баззор ва Табароний ривояти).

Ким намозни тарк этса, ундан Аллоҳнинг ҳимояси олиб қўйилади.

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Менинг дўстим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Сен ҳатто кесилиб, ёндирилиб, парча-парча қилинсанг ҳам, (Аллоҳга) бирон-бир нарсани ширк келтирма. Намозни қасддан тарк этма. Ким  намозни қасддан тарк этса, ундан Аллоҳнинг ҳимояси олиб қўйилади. Хамр ичма, чунки у барча ёмонликларнинг калитидир”, деб васият қилдилар» (Ибн Можа ва Байҳақий ривояти).

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳ элчиси, менга шундай бир амални ўргатинг, мен уни қилсам, жаннатга кирайин”, деди. Шунда ул зот: “Қийноққа солинсанг ҳам, ёндирилсанг ҳам, Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирма. Ота-онангга итоат эт, агарчи улар сени молингдан маҳрум қилсалар ҳам. Намозни қасддан тарк қилма. Ким намозни қасддан тарк этса, ундан Аллоҳниг зиммаси (яъни, ҳимояси) кетиб қолади”, дедилар» (Мунзирий ривояти).

Ким намозни қасддан тарк этса, ундан нур кетиб қолади ва ҳужжати кесик бўлиб, охиратда ҳам нажотдан баҳрасиз қолади.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳума)дан ривоят қилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни намоз ҳақида гапириб туриб: “Ким намоз вақтларига риоя қилиб бардавом бўлса, намоз у учун нур бўлади, ҳужжат бўлади ва қиёматда нажот бўлади. Энди ким намоз вақтларига риоя қилмай, бардавомлик билан адо қилмаса, намоз у учун нур бўлмайди, ҳужжат бўлмайди ва нажот бўлмай

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!