Энг шарафли уммат: «Таҳорат инсонни хатолардан поклайди ва даражаларини кўтаради»

00:00 30.05.2019 581

Аллоҳ таоло бу умматга захира қилиб берган шарафлардан яна бири – таҳоратга катта савоб ва чиройли фазл беришидир.

Шулардан бири: Таҳорат инсонни хатолардан поклайди, аъзоларни бирма-бир тозалайди. 

Ҳар бир аъзо ювилганида у аъзо билан қилинган хатолар чиқиб кетади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким таҳорат олса ва уни чиройли қилса, хатолари жасадидан чиқиб кетади, ҳатто тирноқ остиларидан ҳам” (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар мусулмон (ёки мўмин) банда таҳорат оладиган бўлса, юзини ювса, кўзи билан қилган хатолари сув билан чиқиб кетади (ёки охирги қатраси билан чиқиб кетади). Агар қўлини ювса, қўли билан ушлаган хато-камчиликлари сув билан чиқиб кетади (ёки охирги қатраси билан чиқиб кетади). Агар икки оёғини ювадиган бўлса, оёғи билан юриб бориб қилган хато-камчиликлари сув билан чиқиб кетади (ёки охирги қатраси билан чиқиб кетади)” (Имом Муслим ривояти).
Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизлардан бирингиз таҳоратга яқинлашса, оғзини чайқаб, бурнини қоқса, юзи ва бурун ичларининг хатолари оқиб кетади. Аллоҳ буюрганидек юзини ювадиган бўлса, юзи ва соқол атрофларининг хатолари сув билан оқиб кетади. Сўнг икки қўлини тирсакларигача ювадиган бўлса, бармоқларидан қўлларининг хатолари сув билан оқиб кетади. Сўнг бошига масҳ тортса, бошининг хатолари сочининг атрофларидан сув билан оқиб кетади. Сўнг икки оёғини қадами билан ювадиган бўлса, оёғининг хатолари бармоқларидан сув билан оқиб кетади. Агар у туриб, намоз ўқиса, Аллоҳга ҳамд айтса, Уни мақтаса, Ўзига мос мақтовлар билан улуғласа ва қалбини Аллоҳ учун бўшатса, хатоларини онасидан туғилганидек кечиб юборади” (Имом Муслим ривояти).

Яна бири: Қийинчилик пайти таҳорат қилиш даражаларни кўтаради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мен сизларни Аллоҳ таоло хато-камчиликларни ўчиришига, даражаларни кўтаришига сабаб бўладиган нарсага далолат қилайми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Албатта, эй Аллоҳнинг расули”, дейишди. У зот: “Қийинчилигу оғир вазиятларга қарамай таҳоратни яхшилаб бажариш, масжидлар сари юриб боришни кўпайтириш ва намоздан сўнг (навбатдаги) намозни интизор бўлиб кутиш. Ана ўша риботдир, ана ўша риботдир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
(Изоҳ: Мусулмон юртда душманлар ҳужумидан юртни ҳимоя қилиш мақсадида чегарани қўриқлаб турган одам “Мурабит” деб аталади. Мурабитга чегара қўриқлаб тургани учун қанча савоб бўлса, мазкур амалларни бажарган  кишига ҳам шунча савоб бўлади). 

Таҳорат олишнинг яна бир фазилати – таҳорат олиб бўлган киши шаҳодат калимасини айтса, бу иши ўша кишининг жаннатга киришига сабаб бўлади. 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким таҳорат олаётиб таҳорат амалларини чиройли тарзда адо этса, сўнгра ”Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росуулуҳу” (маъноси: Гувоҳлик бераман, Аллоҳ таолодан бошқа бирор-бир илоҳ йўқ ва У Зотнинг шериги йўқ ва яна шаҳодат бераман, албатта Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ул Зотнинг бандаси ва расулидир”) деса ва “Аллоҳуммажъалнии минат таввабиина важъални минал мутатоҳҳирин” (маъноси: Эй Аллоҳ, мени тавба қилувчи ва покланувчилардан қилгин) деса, ундай киши учун жаннатнинг саккиз эшиги очилади. Хоҳлаган эшигидан кира олади” (Имом Муслим ва Термизий ривоятлари).

МУҲАММАД ҲАСАНИЙнинг “ЭНГ ШАРАФЛИ УММАТ” номли китоби, Ойбек Неъматуллоҳ ва Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.
Фойдаланилган қўшимча адабиёт: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайх Абдулазиз Мансур ва шайх Алоуддин Мансур ҳазратларининг “Қуръони карим маънолар таржимаси” китоблари.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!