Энг яхши суҳбатдош китобдир

10:05 07.08.2019 184

Китоб ўқишга одатланиш, ақлни фойдали ишлар билан ўстириш, кенг дунёқараш улкан бахтдир.

Жоҳиз исмли олим ғам-қайғудан йироқ бўлиш учун китоб ўқишни тавсия этиб бундай деган экан:

Китоб холис суҳбатдош, тўғрисўз ва содиқ дўст. Сиздан малолланмайдиган ҳамроҳ. Мол-дунёингиз уни қизиқтирмайди. Ичингиздаги сирларингизни ялтоқилик билан билиб олмайди. Сизга макр-ҳийла ҳам қилмайди, мунофиқларча алдамайди, ёлғон сўзламайди. У ҳақиқий дўстдир.

Китобга қараганингиз сари ундан фойда оласиз, завқ-шавқ туясиз ва роҳатланасиз, зеҳнингиз ойдинлашади, тилингиз равон бўлади, ифодангиз кўркам, руҳингиз тетик, қалбингиз обод бўлади, сизга халқ ҳурматини, подшоҳлар садоқатини инъом этади.

Сизга зарар етказмасдан, машаққатга қўймасдан, илм эгалари эшиги олдида музтар бўлиб турмасдан, хулқда ҳам, насл-насабда ҳам сизга тенг бўлмаган кимсалар билан кўнгилсиз суҳбатлар қурмасдан, дунё аҳллари билан ҳамтовоқ бўлмасдан туриб, одамлар оғзидан бир умр ўргана олмайдиган нарсани китоб ёрдамида бир ойда ўргана оласиз.

Китоб сизга туну кун ва ҳар ерда яхшилик қилади. Китоб бир лаҳза ҳам ором олмайди. У бедорликдан чарчамайдиган, керагида сизга ёрдамлашиб келадиган муаллимдир. Ундан йироқлашсангиз ҳам сиздан  ранжимайди, бераётган фойдасини тўхтатиб қўймайди, сизга итоат қилишда давом этаверади. Агар душманларингиз иши юришиб қолса, сизни ташлаб улар томонга оғиб кетмайди. Қачон у билан бирга сизни юксакларга элтувчи пиллапояга қадам қўйсангиз ёки маърифат арқонига осилсангиз, яъни, машаққат билан етиладиган қайси ишга киришсангиз, сиз учун унинг ўзи етарли ёрдамчидир. У билан бирга экан, одам ўзини ёлғиз ва чорасиз ҳис қилмайди. Ҳеч бўлмаганда, китоб сизни уйингиз олдидан ўтувчи йўловчиларга мақсадсиз қараб ўтиришдан сақлайди. Бу билан сиз жуда катта фойдага эришган бўласиз”.

Китоб фазилати ҳақида сўзлар:

  • Абу Убайда айтди: “Муҳаллаб болаларига қилган васиятида: “Эй болаларим! Бозорга қоғоздан бошқа нарса учун борманглар”, деди”.
  • Ҳакимлардан бири айтади: “Шайх Шомийга Ғатафоннинг жасоратлари ҳақидаги китобни ўқиб бердим. У: “Олижанобликлар китобларда қолибди”, деди”.
  • Ҳасан Луълуъий: “Ётганимда ҳам, турганимда ҳам қирқ йил китоб менинг йўлдошим бўлди”, деган.
  • Ибн ал-Жуҳайм айтадилар: “Кўзимга мен ҳам истамагандан уйқу инган чоқда ҳикмат китобларидан бирини қўлимга оламан. Шундан сўнг қалбим сергакланади ва йўқотган нарсамни топиб олгандай ҳузурланаман”.
  • Китобларнинг энг улуғи, энг шарафлиси эса Қуръони каримдир. “(Бу Қуръон) Сизга нозил қилинган Китобдир. У билан (умматингизни) огоҳлантиришингизда кўксингизда ундан танглик (шак) бўлмасин. У (Қуръон) мўминлар учун (илоҳий) эслатма ҳамдир” (Аъроф сураси 2-оят).

 Китоб ўқишнинг фойдалари:

1. Васваса, ғам-андуҳлардан сақланасиз.

2. Китоб сизга нисбатан адолатсизлик ва ҳақсизлик қилмайди.

3. Бекорчи ва мақсадсиз кишилардан йироқ бўласиз.

4. Тилингиз гапга чечан, сўзингиз равон бўлади. Оҳангга ортиқча эътибор, балоғат ва фасоҳат учун зеб беришга ҳожат қолмайди.

5. Ақл теранлашади, зеҳнда янгиликлар ортади, хотира мустаҳкамлашади.

6. Билимга бой бўлиб, китобий далиллар билан сўзлай бошлайсиз.

7. Инсонларнинг ҳаётий тажрибаларини, улуғларнинг нодир ҳикматларини, уламоларнинг бетакрор кашфиётларини ўзлаштириб оласиз.

8. Илмий малакангиз ортади, онгингизда ҳаёт ҳақидаги тасаввур кенгаяди.

9. Ислом динига доир китобларни ўқиганингизда имон нурингиз ортади. Зеро, китоб энг буюк насиҳатчи, ёмонликлардан қайтарувчи ва яхшиликларга буюрувчидир.

10. Фикр тарқоқлигидан, юрак ҳаловатсизлигидан, вақт беҳуда ўтишидан омонда бўласиз.

11. Ўзингизда ифодадаги услубни, иборадаги мақсадни, жумладаги умумий маънони, ундаги ҳикмат, сирларни англаш ва сўзни пухта тушуниш малакасини ҳосил қиласиз.

Шеър:

Шодлик маънодадир – яқин билгайсан,
Татиб ҳам, ичиб ҳам кўролмагайсан.

"Ўкинма" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!