Энг зарарли фитнадан огоҳ бўлинг!

16:00 07.11.2018 3786

Бу фитна шундай зарарли фитнаки, шу сабабли қанчадан-қанча соғломлар касал бўлган:

– Қанчадан-қанча бой гадога айланган

– Қанчадан-қанча тақводор фосиққа айланган

– Қанчадан-қанча тинч оила хонавайрон бўлган

– Қанчадан қанча толиби илм илмдан воз кечган

– Қанчадан-қанча азиз хорга айланган

– Қанчадан-қанча мағрур ўрни йўққа айланган! Бу, аёл фитнасидир. Ҳар сизга илжайиб боққан, кўзингизга чиройли кўринган, ўзини кўз-кўз қилган, умуман сизга ҳалол бўлмаган аёлдан ўтдан қўрққандай ҳайиқинг! Чунки, фитна каби уқубат йўқ, (маҳрам бўлмаган) аёлдай зарарлироқ фитна йўқдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ўзимдан кейин(ги умматларим) эркакларига аёллардек зарарлироқ фитна қолдирмадим” (Муттафақун алайҳ)

Устозларимиздан бири ҳамиша ёш толиби илмлар учун такрорлайдиган насиҳатларидан бири; “Ҳар бир мусулмон йигитга мурожаатим: Эй мўмин йигит! Сенга Юсуф алайҳиссалом намуна бўлсин. Юсуф алайҳиссалом умрининг баҳорида, куч-қуввати, чиройи бўлган бир вақтда Миср маликаси фитнага солиб, уй ичида ўзига чорлади. У нима деди шунда? “Аллоҳ асрасин!“ деди! Сен модомики тўғри экансан, модомики Аллоҳдан қўрқар экансан, модомики ота-онангга яхши қарар экансан, модомики ҳаромдан узоқ юрар экансан, модомики илм олар экансан қўрқма! Келажагинг порлоқ сени! Инша Аллоҳ ҳалол, солиҳа жуфтга уйланасан, Аллоҳ сенга бойлик ҳам беради. Модомики тақво қилар экансан, қўрқма келажагингдан! Инсонлар нима деса деяверсин. Қимматчилик, ишсизлик, кризис кўпайганидан қўрқма, Аллоҳ тақводор бандасини ташлаб қўймайди”

Бугун ўзини кўргазмага қўйган яланғочлар даврида кўзингизни қанчалик тийманг, шунчалик Аллоҳга яқин бўлиб бораверасиз. Ўша кўча тўла беҳаёларга боқишдан қайтарадиган қонун ер юзининг ҳеч қаерида йўқ. Сиз фақатгина Аллоҳ учун тиясиз кўзингизни. Бу жуда улкан амалдир. Аллоҳ мукофотсиз қўяди деб ўйлайсизми? Ўйламанг, Аллоҳ бу ғаризани бериб, яна уни бўғиб қўйган экан, деб. Фақатгина чегара қўйиб қўйди, ҳалолигагина рухсат берди. Бу эса, Унинг Ўзига янада яқин бўлишимиз учундир. Номаҳрамдан кўзингизни тийиб Аллоҳга бир яқинлашасиз, ҳалолига боқиб ҳам Унга бир яқинлашасиз. Охиратини дунёси эвазига сотиб олган яланғочлар ўз савдоларига сизни ҳам шерик қилиб қўйишига йўл қўйманг!

“Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласин. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир” (“Нур” сураси, 30-оят)

Маъмур Мухтор

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!