Илм

"Енгил масала ҳам бўладими?!"

1145

Мусъаб раҳимаҳуллоҳ айтади:

"Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан бир масъала ҳақида сўралди.

У киши:

"Билмайман", деди.

Сўровчи:

"Ахир бу кичкина ва енгил масала-ку, мен уни амирга билдирмоқчи эдим-да", деди. Сўровчи қадри баланд кимсалардан эди.

Шунда имом Молик ғазабланиб: "Енгил ва осон масала?! Илмда енгил, осон масала бўлмайди. 

Сен Аллоҳ Ўз  каломида "Албатта, Биз сенинг устингга оғир сўзларни ташлаймиз" (Муззаммил сураси, 5-оят), деб айтганини эшитганмисан? 

Илмнинг ҳаммаси оғирдир. Хоссатан, қиёмат куни у ҳақида сўраладигани жуда ҳам оғир!", деб айтди.("Усулул Ифтоъ").

Илм соҳиби бўлиш Аллоҳ таоло фазлидир! Лекин, илм эгаси  дегани, ҳамма нарсага фатво бериш керак дегани эмас.

Уламоларимизнинг "Ҳар бир сўралган саволга жавоб беравериш мажнунликдир" деган қавллари бежиз эмас.

Саҳобалар розияллоҳу анҳум, салафлар раҳимаҳумуллоҳ иложи борича фатво беришдан ўзларини олиб қочганлар.

Баъзан имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан эллик масъала сўралар ва у киши биронтасига ҳам жавоб бермас эканлар.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан бирон масъала сўралса, ранглари ўзгариб кетар экан.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳдан бир масала сўралса, индамай турарканлар. "Жавоб бермайсизми?", дейилса, "Жавоб яхшими ёки сукутми, шуни билолмаяпман", дер экан.

Имом Нахаъий раҳимаҳуллоҳдан бир нарса фатвоси сўралса, қошлари чимирилиб, безовта бўлиб қолар экан.

Улуғларимиз: "Фатво айтувчи, жаннат ва дўзах ўртасида туради", деб айтганлар.

Бу зикр қилинган улуғ алломалар илмда, ҳилмда, тақвода ва бош жиҳатларда биздан мислсиз устун бўлишган. Илло, улар фатво масъулияти қанчалар оғирлигини, қиёмат куни фатво сабабли сўралишини, нотўғри фатво учун гуноҳкор бўлиш мумкинлигини чуқур мушоҳада қилишган. Аллоҳ таолодан қўрқиб, титраб қолишган.

Бугунги кунимизда эса фатво масъулиятини чуқур ҳис қилмай, фатвога журъатли биродарларимиз денгиздайин тошиб кетди.

Сўралган қолиб, сўралмаганлар жавоб беришга илдам бўлдилар.

Саволга уламоларимиз ва аҳли илмларимизнинг энг лойиқлари фатво беришлари, қолганлар эса ўша фатвога амал қилиши лозим.

Аҳли илмларимиз эса кенг қалбли, фатво масъулиятини чуқур ҳис қиладиган, охиратдаги савол жавобда берилган фатво сабабли юзлари ёруғ бўлишини истайдиган бўлишлари керак. 

Аниқ билмаган нарсага жавоб бермасанг гуноҳкор бўлмайсан ва қиёматда бундан сўралмайсан ҳам. Аммо бирон масъалага жавоб бердингми, бу ҳақида сўраласан.  

Шундай экан,  жавобга шошилмайлик ва илмий саволларни ўз мутахассисларига ҳавола қилаверайлик.

Суннатуллоҳ Абдулбосит

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

17 йил деганда ўғлимни кўрдим

1991 08:00 08.04.2020

"Ойдан чиройли бўлмасанг, талоқсан!"

2295 23:00 20.03.2020

Ризқдаги бараканинг омиллари

2097 22:00 14.02.2020

«Менга ҳадис айтиб беринг», дедим. У эса: «Сен айт», деди!

2324 11:00 19.07.2019
« Орқага