Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

ЕОИИ ва Ўзбекистон: Ташкилотга аъзо бўлиш биз учун манфаатлими?

950

Кейинги йилларда Ўзбекистон геосиёсатидаги энг муҳим масалалардан бири бу – «Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирадими?” деган савол бўлди. Агар эътибор бериладиган бўлса иккинчи маъмурият ҳокимятга келгандан кейин бу масала ниҳоятда долзарблашди. Ҳаттоки 2017, 2018 ва 2019 йилларда ташқи сиёсатда Ўзбекистон геосиёсатидаги энг интригали масалалардан бири “аъзоликка кирадими ёки йўқми?” бўлса Россия Федерациясининг Ўзбекистон векторидаги энг асосий геосиёсий масаласи Ўзбекистонни ЕОИИга киритиш ҳисобланди. Ўзбекистон ва Россия президентлари учрашувида бу масалага алоҳида урғу берилган бўлса Россиянинг юқори мартабали мулозимлари Ўзбекистонга ташриф буюрганда икки томонлама манфаатлардан бири айнан Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига аъзоликни таъминлаш масаласи ҳисобланди.

Мамлакатимизда ҳокимият алмашган биринчи 3 йилликда Россия Федерациясининг сенат раисаси Валентина Матвиенко ўз баёнотида бир неча марта Ўзбекистоннинг бу иттифоққа яқинда ва тезроқ кириш кераклигини таъкидлаган. Икки томонлама муносабатларга эътибор берадиган бўлсак ҳамиша ташаббускорлик яъни Ўзбекистоннинг аъзо бўлиш борасидаги ташаббускор бу Россия Федерацияси эканлигини кўриш мумкин. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ёки ички сиёсатида ЕОИИга киришимиз керак деган алоҳида сиёсий кучни кўриш имконсиз ва жамиятдан ташаббуслар, интилиш ёки умуммилий орзу пайдо бўлмаган. Қизиғи бу ҳолатни қиёсий таҳлил қиладиган бўлсак, масалан, Европа  Иттифоқи билан солиштирсак одатда кирмаган давлатлар аъзо бўлишни орзу қилади. Йиллар давомида номзод бўлган давлатлар, давлат ичкарисидаги сиёсий партиялар ва сиёсий кучлар кейинги 10 йилликда Европа Иттифоқига киришни мақсад қилиб қўяди. Шунингдек, Европа Иттифоқи томонидан маълум шартлар қўйилади. Лекин, ЕОИИ борасида бу масала бутунлай бошқача.  Яъни номзод бўлган давлатлар ёки поссовет ҳудудидаги давлатлар аъзо бўлишга иккиланади ёки киргандан кейин у ёки бу шаклдаги норозиликларни кўриш мумкин. Россия Федерацияси, расмий Москва ва Кремл давлатлар кириш борасидаги ташаббускори бўлса табиий бир савол пайдо бўладики “Евроосиё иқтисодий иттифоқининг стратегик мақсади ва вазифалари нима?”. Аслида бу ташкилот қанчалик иқтисодий деб номланмасин унинг асосий пировард мақсади сиёсий эканлигини кўриш мумкин. 

Россия Федерацияси ва унинг юқори мартабали мулозимлари хулосасига кўра поссовет ҳудудида қудратли ва барқарор иттифоқ яратиш учун унинг бир қанча векторлари бўлиши керак. Бу - сиёсий, ҳарбий жумладан иқтисодий вектор. Шу сабаб иқтисодий интеграция, иқтисодий биралшув ва иқтисодий ягона ҳудуд яратиш борасидаги асосий вазифа Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига юклатилган. 

Россия Федерациясининг бир қанча йўналишдаги, соҳадаги интеграцион бирлаштирувчи йирик лойиҳалари мавжуд. Биринчиси ЕОИИ билан иқтисодий интеграция, иккинчи масала ҳарбий-сиёсий интеграцияни таъминлаш Коллектив хавфсизлик Шартномаси Ташкиолотига юклатилган. Демак, Россия Федерацияси глобаллашган дунёда ўзининг геосиёсий ва геоиқтисодий, геомафкуравий қутбини яратишни олдига вазифа қилиб қўйган. Бу орқали поссовет ҳудудидаги давлатларни тўлақонли ўзига интеграция қилишни асосий мақсад қилиб олган.ЕОИИда бугунги кунда тўлақонли 5 та давлат аъзо ҳисобланади. Марказий давлат бу Россия Федерацияси ва  ядро давлатлар: Қозоғистон, Беларусия, Қирғизистон ва Арманистон. Россия Федерациясининг марказий осиёдаги стратегик мақсади географик марказий давлат бўлган ва  минтақанинг ярим аҳолиси яшаётган Ўзбекистонни ЕОИИ ва КХШТ ташкилотларига қўшиб олиш ҳисобланади. Агар ЕОИИдаги давлатларнинг иқтисодий ва сиёсий улушларига эътибор берадиган бўлсак 90 фоизга яқин улуш битта Россиянинг ўзига тўғри келади, қолган давлатларга 10 фоиз атрофида ёки ундан сал юқорироқ бўлиши мумкин. 2013-2015 йилларда Қрим аннекциясидан кейин Россия ялпи ички маҳсулоти 2.5 триллиондан 1.5 триллионга тушиб қолди. 2022 йилнинг бошида бошланган Украина-Россия ҳарбий операцияси натижасида ЕОИИ жозибадорлиги қисқарди, бошқача қилиб айтганда ЕОИИ асосий муаммоси бу иқтисодий эмас сиёсий ва геосиёсий эканлиги билиниб қолди. У ердаги асосий муаммо Россиянинг постсовет ҳудудидаги, дунё сиёсатидаги хатти ҳаракатлари, яъни Россия имкон қадар дунёда шаклланган ҳуқуқий ва сиёсий муносабатларни қайтадан кўриб чиқаётганлиги бўлди. Бунинг натижасида Россияга нисбатан мисли кўрилмаган даражада коллектив ғарб томонидан, глобал ҳамжамияти томонидан қўлланилаётган санкциялар натижасида Россияинг иқтисодий, геоиқтисодий глобал репутацияси имконияти, иқтисодий улуши ва дунё ишларидаги улушининг ҳаддан ташқари қисқариб бораётганлиги биринчи муаммо бўлди. Иккинчи муаммо ЕОИИ давлатларига ҳам бунинг салбий оқибатларининг бўлаётганлигини кўришимиз мумикн. Агар ЕОИИ давлатларидаги бугунги иқтисодий ва сиёсий кайфиятга алоҳида эътибор берадиган бўлсак, Қозоғистон кайфияти умуман яхши эмас.  Қозоғистон атрофида ёки Қирғизистон, ЕОИИга аъзо бўлган бошқа давлатлар ўртасида ўта кучли фундаментал зиддият шаклланган. Бир томондан улар Россиянинг ЕОИИ доирасидаги иттифоқчилари дейишимиз мумкин, лекин бошқа томондан глобал ҳамжамият ўрнатган санкцияларга риоя қилмайдиган бўлса, ғарб давлатлари ёки глобал ҳамжамияти санкцияларига тушиб қолиш эҳтимоли мавжуд. Мана шундай зиддиятни Қозоғистон мисолида яққол кўриш мумкин. Қозоғистон президенти ва Қозоғистон раҳбарияти ўзининг баёнотларида жаҳон ҳамжамияти томонидан ўрнатилган санкциялар тўлиқ риоя қилинади ва  бу ҳаётга тадбиқ этилади деди. Бу билан ЕОИИга аъзо  бўлган давлатлар иқтисодий  ва сиёсий ҳаётида жумладан геосиёсий ҳаётида ўта кучли зиддиятларга дуч келаётганини кўришимиз мумкин.

“Нима учун айнан Россия ЕОИИга киришнинг асосий лоббиси ҳисобланади?” деган савол мавжуд. Чунки, Россиянинг асосий пировард мақсади. Бу у томонидан ёки ЕОИИ доирасида иқтисодий бир модел шакллантира олинмади ва шунинг учун ҳам Марказий Осиё давлатларида ЕОИИ жозибадорлиги борасида жиддий саволлар мавжуд. Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов: “Биз бу иттифоққа киришдан олдин унга аъзо бўлган давлатларнинг ҳолатини, уларнинг  хулосаларини ўрганамиз”, деди. Бу билан у Ўзбекистон раҳбариятидаги маълум бир саволларни, эътирозларни ёки шубҳаларни билдиришга мажбур бўлди. Россиянинг лоббистик қилиши ва унинг информацион, сиёсий, геосиёсий босимлари остида қолган давлатларни ЕОИИ ёки КХШТга аъзолигини таъминлашга ҳаракат қилишининг сабаблари бор. Россияда бошқа давлатларни рағбатлантириш борасида ресурслари етарли эмас. Россия бошқа давлатларни бу иттифоқа  қўшилиш борасида ишонтира  олмайди ва шунинг учун яширинча, балки ошкора махрум қилиш, мажбурлаш методлари орқали иш кўришга мажбур бўляпти, дейишимиз мумкин. Аслида Россия Федерацияси иқтисодий ва ҳарбий, сиёсий асосини шакллантириш орқали ўзининг 30 йил олдин парчаланган қудратли иттифоқини тиклашга ҳаракат қиляпти. Агарда глобаллашган дунёда ўзининг қутбини шакллантирмаса глобал рақобатда ютқазиши мумкинлигини жуда ҳам яхши билади.“Нима учун Ўзбекистон ЕОИИга шу вақтгача кирмади?” деган савол бор.  Сабаби Ўзбекистон ўтган 5-6 йил ичида бу ташкилотнинг ва унинг ичкарисидаги муносабатларни жиддий кузатиб келди. Лекин, бир йил аввал Ўзбекистон бу ташкилотда кузатувчи мақомида бўлди. Шунингдек, ЕОИИ доирасидаги эркин савдо ҳудудига аъзо бўлиб кирган. Бироқ, Ўзбекистон бу ташкилотнинг мажбуриятларини олмайди. Жуда кўплаб давлатлар, масалан Хитой ЕОИИ эркин савдо ҳудудига аъзо бўлиб киришга мауваффақ бўлган. Ўзбекистон бу ташкилот доирасидаги маълум бир имкониятларни синаб кўряпти ва бу ташкилотни жиддий кузатяпти. Дунёдаги энг катта муаммо Украина ва Россия уруши фонида нафақат  Ўзбекистон, бошқа давлатлар ҳам ЕОИИга, Россиянинг ҳар қандай трансмиллий кўп томонлама  лойиҳаларини қайтадан  тафаккур қилиб, ревизия қиляпти дейишимиз мумкин. 

ЕОИИнинг энг катта муаммоси бу иқтисод эмас, лекин иқтисодий  муаммолар ҳам мавжуд. Айниқса Россияга нисбатан ўрнатилган  санкцияларнинг салбий оқибатларини нафақат Россиянинг ўзи, балки у билан ягона иттифоқда бўлган давлатлар ҳам жуда яхши ҳис қиляпти. Бу ташкилотга кириш, унда иштирок этиш асосий муаммо эмас. Лекин давлатлар бу ташкилотга киргандан кейин иқтисодий, сиёсий ва геоиқтисодий, геосиёсий муаммоларга тўқнашадиган бўлса, ташкилотдан чиқиб кетиш имконияти мавжуд эмас. Эътибор берадиган бўлсак, Қозоғистон ёки Қирғизистон, Арманистон ҳам ЕОИИ доирасида  иқтисодий ўсишга эришаётгани йўқ. Ҳаттоки, кейинги 2-3 ойда Қозоғистон ва Россия ўртасида кўплаб муаммолар юзага келяпти. Транспорт логистика муаммолари ёки маҳсулотларни четга сотиш бўйича ҳам жиддий тўқнашувлар, жиддий баҳслар, яширинча ёки ошкора тўқнашувлар пайдо бўляпти. Бу иккала давлат кучли иттифоқчилар, лекин энг катта постсовет ҳудудидаги зўриқишлар мана шу икки иттифоқчи ўртасида кечяпти. Демак, бу иттифоқларга аъзо бўлиш давлатларни Россия билан тўқнашувдан қутқариб қолмайди, аксинча кучайтириши мумкин. Чунки Россия иттифоқлар доирасида, яъни ичкарида эътироз билдирадиган бўлса, бу расмий Кремлнинг қўшимча ғазабига, норозилигига сабаб бўляпти. Агарки бирор бир давлат ЕОИИ ёки КХШТга киргандан кейин ундан чиқиб кетаман деса, Россия томон буни ўзига нисбатан хиёнат, геосиёсий хиёнат ёки орқадан  пичоқ уриш деган қарор билан қабул қилади. Натижада Россиянинг бутун ресурслари, имкониятлари мана шу давлатни жазолашга ёки унга нисбатан салбий санкциялар, ахборот сиёсий ва геосиёсий компаниялар олиб боришга мажбур қилиши мумкин. Мана шундай ҳолатда “ЕОИИга кириш орқали Россия билан тўқнашиш потенциалини оширадиган бўлса ундан кўра бу ташкилотларга кирмасдан икки томонлама муносабатларни илиқ ушлаб турган афзал эмасми?” деган риторик савол пайдо бўлади. Агар эътибор берадиган бўлсак, бугунги кунда Россия билан Қозоғистоннинг муносабатлари ниҳоятда совуқ. Бу совуқликнинг замирида Россиянинг постсовет ҳудудидаги ўта агрессив интеграцион  лойиҳалари, қолган давлатларнинг ўзининг суверенитетини сақлаб қолишга интилиш, яъни давлатчилик сиёсий, геосиёсий мустақилликни сақлаб қолиш эканлигини кўришимиз мумкин. Россия ҳар қандай моделлар, ҳар қандай воситалар орқали ўзининг қутбини ёки интеграцион лойиҳаларини амалга оширишни истаяпти. Кейинги 2 йилда Россия томонидан Қозоғистонга нисбатан унинг ҳудудий яхлитлигига, давлатчилик тарзига нисбатан концептуал, чуқур фундаментал эътирозлар билдирилди. Яъни “Совет Иттифоқига кичик бўлиб кириб катта бўлиб чиқиб кетган давлатлар бор” деганда Қозоғистон назарда тутилди. Қозоғистон тарихий илдизлари мавжуд эмас, давлатни Совет Иттифоқи тузган деган эътирозлар, Қозоғистонда этник русларга, рус цивилизациясига душманона кайфият бор, деган қарашлар вужудга келди. Аслида постсовет ҳудудидаги рус тили ва рус маданиятига энг кучли оғишган ва ҳаттоки этник қозоқлар ҳам баъзи бир ҳудудларда, шаҳарларда қозоқ тилини бимайдиган давлатлардан биттаси ҳисобланади. Яъни русофил бўлган Россия маданияти ва рус цивилизациясига тўйинган давлат эди.Лекин шундай бўлсада Россия Федерацияси ва унинг раҳбариятининг Қозоғистон давлатчилигига нисбатан ўта кучли эътирозларнинг билдирилиши замирида Қозоғистон давлатчилиги ўзининг сиёсий, геосиёсий яшовчанлигини таъминлашга қаратилган қадамларга сабаб бўлди. Тоқаев ва Путин бошчилигидан Россия ва қозоқ давлатчилиги борган сари вақти-вақти билан ўзаро совуқ муносабатларга  учрашини кузатишимиз мумкин. 

Эътибор берсак, Ўзбекистон эркин савдо ҳудудига аъзо бўлиб кирди. Лекин аслида Ўзбекистон бутун ЕОИИ тўлақонли аъзо бўлшдан манфаатдор эмас. Сабаби, агар Ўзбекистон шу вақтгача вазиятни яхшилаб ўйлаб кўриб унинг манфаатлари ташкилотга аъзо бўлишга тўғри келади деган хулосага келганида 5 йил  ичида аъзо бўлган бўлар эди. Россиянинг ресурслари Марказий Осиёга босим қилиш ёки таъсир қилиш борасида ниҳоятда катта.  Яъни Марказий Осиё давлатлари Россиянинг ахборот ҳудудига киради. Марказий Осиёнинг Россия билан тарихий боғлиқликлиги икки асрда  мисли кўрилмаган юқори даражада бўлди. Геосиёсий миграция нуқтаи назаридан, гуманитар алоқаларни инобатга олганда тахминан 100 % улуш деб оладиган бўлсак тахминан 50 % дан юқори, ҳаттоки 60%, баъзи бир давлатларда 70% таъсир улуши Россия Федерациясига тўғри келади. 

2020 - 2021 йиллардаги баъзи бир социалогик тадқиқотларга кўра Ўзбекистонда 70 фоиздан ортиқ аҳоли Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиб кириш керак деган фикр билдирган. Бунга бир қанча сабаблар бор. Асосий сабаб Ўзбекистон аҳолиси Россиянинг ахборот ҳудудида ўтиради ва  шунинг фонида Россия ОАВ томонидан шаклланган ижтимоий фикр Ўзбекистон жамоатчилик  фикрига жуда ҳам кучли таъсир қилган. Нафақат Ўзбекистоннинг бошқа Марказий Осиё давлатларини Россиянинг ахборот ҳудудидан тўлақонли чиқариб олиш ва мана шу 5 та республикада минтақавий ёки ҳар бир давлатда алоҳида миллий ахборот манбаини яратиш бугунги кунда имконсиз.  Сабаби 5 та республиканинг тўлақонли мустақил, жозибали, жуда ҳам кучли таҳлилий ОАВ яратиш учун интелектуал, молиявий, технологик ресурслар керак бўлади. Энг аввало бу давлатларда цензуранинг бутунлай пасайиши ва интелектуал бир контент яратиш даражаси ниҳоятда ўсиши керак бўлади. Мана шу фонда ҳам Россиянинг ОАВ билан тўлақонли беллашиш бугунги кунда имконсиз. Шундан келиб чиқиб ҳулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистон жамоатчилик фикрининг ЕОИИга ижобий қарашининг бир қанча нуқталари бор. Биринчидан, Ўзбекистон аҳолиси давлатдаги монополиялардан ниҳоятда норози. Иккинчидан ОАВ жозибадорлик даражаси, мустақиллик ёки цензуранинг мавжудлиги жамоатчиликни безовта қилади. 

Бугунги кунда нафақат Ўзбекистонда бутун постсовет ҳудудида геосиёсий вазият ўзгарган. Ўзгаришнинг асосий сабаби Украина атрофида кечаётган воқеалар. Ўзбекистон кейинги йилларда жаҳон савдо ташкилоти билан музокараларни ниҳоятда жадалаштирган. Унинг олдига қўйган стратегик вазифаси яқин йиллар ичида  жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кириш. Ўтган даврда Евроосиё иттифоқи билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги  келишиувга эришилди. Бу билан Ўзбекистонинг ЕОИ билан савдо, иқтисодий муносабатлари ниҳоятда юқори даражага кўтарилди. Ўзбекистон олдига қўйяётган вазифалардан биттаси келажакда вазият тақозо этадиган бўлса, қўшни давлатларнинг кайфиятини инобатга олиб ЕОИИ аъзолик масаласи кўриб чиқилади.Хулоса қиладиган бўлсак, бугунги кунда Ўзбекистон ЕОИИга киришдан юқори даражада манфаатдор эмас. Чунки ўтган даврда бу ташкилотнинг асосий  мақсади иқтисодий эмас, геосиёсий ва геоиқтисодий эканлиги кўринди. Ундан ташқари Ўзбекистоннинг  ичкарисида ишлаб чиқарувчи кучлар шаклланяпти ва  Ўзбекистон борган сари Марказий Осиёдаги ишлаб чиқарувчи локомотивга айланиш потенциалини яратяпти. Қийинчилик билан бўлсада ўрта ва кичик  бизнесни шакллантиряпти. Маълум даврдан кейин, айтайлик, 10 йилларда Ўзбекистон минтақанинг йирик ишлаб чиқарувчи давлатига айланиши мумкин. Ўзбекистон иқтисодиётини улуши ЕОИИга аъзо давлатлар  умумий иқтисодий улушининг бор йўғи 3 фоизини ташкил этади. Яъни Ўзбекистон бу ташкилотга аъзо бўлиб кирадиган бўлса Ўзбекистоннинг иқтисодий қарорлар қабул қилиши тўлақонли Москванинг қўлида қолиши иқтисодий ўсишни секинлаштиради. Қисқа вақт ичида монополияларни чеклаш, иқтисодий маълум бир ҳаракатланиш, товарлар, ғоялар, демакки ишчи кучининнг айланишини эркинлашиш фонида жамиятга маълум бир дивидентлар бериши мумкин. Лекин стратегик бир миқёсида ўлчайдиган бўлсак Ўзбекистон ЕОИИга киришдан кўпроқ ютқазади. 

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Испаниядаги Украина элчихонасида портлаш уюштирилди

123 18:50 30.11.2022

Хитойнинг собиқ раҳбари вафот этди

294 16:55 30.11.2022

Ғарб ва ривожланаётган атеизм

495 15:05 30.11.2022

Россиядаги сафарбарлик ва ўлим сонининг ортиши

283 14:42 30.11.2022

Бухарестдаги НAТО саммити: «Биз Путиннинг ғалаба қозонишига йўл қўймаймиз»

263 13:40 30.11.2022

Қандай жирканчлик. Яна бу одамлар бағрикенглик ҳақида гапиришади-я!

1883 12:50 30.11.2022
« Орқага