Таҳлил

ЕОИИга аъзо бўлишнинг айрим жиҳатлари

534

Минтақавий интеграцион ташкилотларни битта сабабга кўра қўллаб қувватламайман. Деярли барча интеграцион ташкилотлар ташқи иқтисодий муносабатларда  учинчи давлатлар(ташкилотга аъзо бўлмаган давлатлар)ни дискриминация қилади.  Яъни  ташкилотга аъзо давлатлар ташкилот ичида савдода мавжуд бўлган кўплаб тўсиқларни олиб ташлайди, ташкилотга аъзо бўлмаган давлатларга нисбатан эса бундай тўсиқларни сақлаб қолади ёки оширади. 

Мисол учун, тасаввур қилинг, Ўзбекистонда табиий газ ишлаб чиқариш 1000 м³ учун 40 долларни ташкил қилади.Туркманистонда эса, 1000 м³ учун 30 долларни ташкил қилади. Қозоғистон эса, 1000 м³ газ импорти учун 20 доллар бож ўрнатган. Табиийки, бож билан Туркманистон ишлаб чиқарган газ Ўзбекистон ишлаб чиқарган газдан арзонроқ бўлади ва қозоғистонлик истеъмолчилар Туркманистоннинг газини истеъмол қилади. Энди тасаввур қилинг, агар Қозоғистон ва Ўзбекистон божхона иттифоқи ташкил қилса ва божхона иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар учун божлар сақланиб қолса(табиийки шундай бўлади). Бундай ҳолатда табиийки қозоғистонликлар Ўзбекистондан 40 доллардан(Туркманистондан келаётган газ бож билан 50 доллар) газ сотиб олишни бошлайди(божхона иттифоқи икки давлат ўртасидаги деярли барча тўсиқларни олиб ташлайди).  Бу ерда, Қозоғистон томони иттифоқ тузилганлигидан зарар кўради. Яъни иттифоқ тузилишидан олдин бож орқали келаётган бож тушумлари давлат учун йўқолади. Бундан ташқари, бошқа давлатдан арзонроққа (божларсиз ҳисоблаганда) сотиб олиши мумкин бўлган маҳсулотни ташкилотга аъзо бўлган бошқа давлатдан қимматига сотиб олишга мажбур бўлади. Туркманистон эса, газни Ўзбекистондан кўра арзонроққа ишлаб чиқаришига қарамасдан маҳсулотини экспорт қилиш имкониятидан маҳрум бўлади. 

Юқорида берилган мисолдаги каби ҳолатлар интеграцион ташкилотларда тез-тез учраб туради. Масалан, нефт нархи қулашидан олдин Беларус ва Россия ўртасидаги нефт нархи бўйича келиб чиққан можорони эслаш мумкин(2020-йил, тахминан январ). 
 
Интеграцион ташкилотлар савдодан ташқари бошқа соҳаларда ҳам учинчи давлатларга нисбатан адолатли бўлмаган сиёсатни юритишга одатланиб қолишган. Умуман, савдо жиҳатдан қараганда, ўзингиз кўрганингиздек интеграцион ташкилотларнинг тузилиши савдонинг эркинлашишидан кўра унга бўлган тўсиқларнинг кўпайишига олиб келиши мумкин экан(ташкилот ичида савдо эркинлашади, ташкилотга аъзо бўлмаган давлатларга нисбатан тўсиқлар ортади).

Евросиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо бўлиш мамлакатимиз умумий фаровонлигини ошириши ҳам мумкин. Бунга асосий сабаб, ҳозирги кундаги мамлакатимиз импортидаги тарифф даражаси ҳамда иттифоқнинг учинчи мамлакатларга нисбатан ўрнатган тарифф даражаси ўртасидаги жуда катта фарқ борлиги ҳисобланади. Яъни иттифоқдаги исталган маҳсулот учун импорт тарифи мамлакатимиз ўрнатган импорт тарифидан кўра пастроқ(бир неча баробарга) бўлишининг эҳтимоли катта.  Мамлакатимизда бу божларни иттифоқдаги даражага тушириши жамиятнинг умумий фаровонлигини сезиларли ошишига хизмат қилади. 

Сўнгги сўз ўрнида. Божларни иттифоққа аъзо бўлмасдан ҳам пасайтиришимиз мумкин. Бунинг учун, мамлакатимиз қайсидир давлатдан рухсат олишга мажбур эмас. Шунчаки, маълум гуруҳлар томонидан бўладиган ички қаршилик енгилса, бас.

Манба: Iqtisodiy Mushohada

Хитой Америкага қарши урушга тайёрланмоқда

Хитойнинг Исроилдаги элчиси ўз уйида ўлик ҳолда топилди

УЛАШИНГ:

« Орқага