“Ерда сайр қилингиз!“

00:00 10.01.2019 728

Аллоҳнинг қудрати аломатларини кўрай десангиз, шоҳид бўлиш учун турли ўлкаларга сафар қилинг, саҳроларни кезинг, ер юзида айланиб юринг, очиқ коинот китобига ибрат назари ила боқинг, шунда қалбингиз яйрайди, ғам-андуҳ булутлари тарқалиб кетади.

Сизни чиройли боғлар, гўзал кўкаламзорлар, бир-бирига чирмашиб кетган бўстонларни кўрсин деб У борлиқ саҳифаларига гўзал аломатларини ёзган.

“Айтинг: “ерда сайр қилингиз!“ (“Анъом” сураси 11-оят).

Уйингиздан чиқинг-да, ён-атрофингиздаги нарсаларни томоша қилинг, улар ҳақида фикр юритинг. Тоққа чиқинг, водийларга тушинг, дарахтларга боқинг, маъданли сувлардан ичинг, бурнингизга ясмин шохчаларини тутинг. Руҳингиз сайроқи қуш каби эркин ва озод бўлиб қолганини ҳис қилганингизда бахт осмонида сузасиз.

Уйингиздан ташқари чиқинг, кўзингиздан қора пардани олиб ташланг-да, сўнгра Аллоҳнинг кенг ерида зикр ва тасбеҳ айтган ҳолда сайр қилинг.

Бекордан-бекор ҳолда тор хонада биқиниб ётиш ўзини ўлдиришга олиб борадиган осон йўлдир. Чунки хонангиз олам, ўзингиз инсониятнинг барчаси эмассиз. Нимага энди сиз қайғуга бўйин эгишингиз керак?! Сизга ахир кўзингиз, қулоғингиз ва қалбингиз билан “Енгил ва оғир ҳолатда қўзғалинг...“, деб нидо қилинган! Келинг, чўлу саҳроларда ҳам, дарахтзорларда ҳам, муҳаббат қўшиқларини куйлаётган қушлар чуғур-чуғури остида, чўққилардан водийларгача етиб келиш ҳикоясини чулдир-чулдир сўйлаётган сувлар бўйида ҳам Қуръон ўқинг.

Нафас олиши оғирлашган ҳамда тор хонаси ўзига қоронғу бўлиб қолган кишиларга табиблар тавсия қиладиган роҳат ер юзида саёҳат қилишдир. Келинг, энди бахтли бўлиш, фикр юритиш ва мулоҳаза қилиш учун биргаликда сафар қилайлик. Аллоҳ бу ҳақда: “Улар осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар;) “Эй Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок Зотдирсан“, деган.

"Ўкинма" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!