Эрдоған: «Азонга ҳурмат кўрсатмаган - бу халққа ҳам эга чиқмайди»

09:20 12.03.2019 5217

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Истанбулдаги “Феминистлар марши”ни танқид қилиб, акция иштирокчиларини азонга ҳурматсизлик кўрсатишда айблади. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда. 

Истанбулнинг Тақсим майдонида асосан аёллардан иборат минглаб киши 8 март муносабати билан “Феминистлар марши”да қатнашган эди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда акция қатнашчиларининг хуфтон азони чақирилаётган пайтда ҳуштак чалгани ва ҳайқираётганини кўриш мумкин. 

“Азонга ҳурмат кўрсатмаган, байроққа ҳурмат кўрсатмаган бу халққа ҳам эга чиқмайди... Чунки улар қалбан ва зеҳнан бу ватанга боғланган эмас”, – деди Туркия президенти. Эрдоған акцияни қўллаб-қувватлаган Жумҳурият халқ партияси ва Халқларнинг демократик партиясини ҳам танқид қилди.

Бироқ “Феминистлар марши” ташкилотчилари аслида акцияга қаршилик ўрсатган полицияга норозилик сифатида ҳуштак чалинганини, шовқиндан азон овози эшитилмаганини иддао қилди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!