Эрдўған: “Эй Трамп, нима қилмоқчисан ўзи?”

23:00 07.12.2017 4104

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған бугун Грецияга жўнаб кетишдан олдин танқид нишонини яна АҚШ президенти Дональд Трампга қаратди, дея хабар бермоқда aa.com нашри.

Эрдўған Трампнинг Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олиши БМТнинг 1980 йилдаги резолюциясига зид эканини, шу пайтгача АҚШ ва Исроилдан бошқа бирор давлат мазкур резолюцияга қарши иш тутмаганини таъкидлади. 

“Бундай одим дунёни, хусусан мазкур минтақани олов ҳалқасига отиш деганидир. Эй, Трамп нима қилмоқчисан ўзи? – деди Туркия президенти. – Бу қандай ёндашув? Сиёсий етакчиларнинг иши алғов-далғов қилиш эмас, яраштиришдир”. 

Эрдўған Қуддус масаласи бўйича Истанбулда Ислом ҳамкорлик ташкилоти йиғилиши ўтказилишини, шунингдек Рим папаси ҳамда Россия, Германия, Буюк Британия, Франция, Испания етакчилари билан гаплашишини билдирди. 

“Бу фақатгина мусулмонларнинг эмас, бутун инсониятнинг вазифаси. Муҳтарам Трамп: “Мен кучлиман, демак, ҳақман”, деб ўйласа, адашади. Қудратли бўлиш – ҳақ бўлиш деган маънони билдирмайди. Ҳақ бўлган кучлидир. Бу ўринда биз ҳақмиз”, – деди Туркия раҳбари  

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!