Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Эрдоған фоизга қарши

5261

Мана, бир ҳафтадирки, туркияликлар сал хотиржам тортгандек: турк лирасининг долларга нисбатан қадри бирмунча мустаҳкамланди. Бир ҳафта аввал 1 долларнинг нархи 18 лирадан ошиб кетганди, ҳозир эса 11 лира атрофида. Ҳолбуки, жорий йил январида 1 АҚШ доллари 7,4 лирага баҳоланганган эди, яъни охирги ҳафталарда лиранинг қадри чиндан ҳам кескин тушди. Албатта, Туркия иқтисодиётида муаммолар пайдо бўлишининг Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар учун ҳам салбий оқибатлари бор, зеро, Туркия Ўзбекистоннинг тўртинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади, у ерда минглаб юртдошларимиз меҳнат қилмоқда. 

Охирги уч ойда ялпи ички маҳсулоти 7,4 фоиз ўсиб, 720 миллирд долларга етган, дунёнинг энг қудратли йигирма иқтисодиётидан бири ҳисобланувчи Туркияда миллий валюта нега бунчалик кескин ўзгаришларга учради? Кўпчилик мутахассисларнинг фикрича, турк лирасининг қадрсизланиш иқтисодиётдаги ҳолат билан эмас, балки мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг пул-кредит сиёсати билан боғлиқ. Президент фоизга қарши ва уни инфляциянинг сабаби деб атамоқда. “Фоиз бойни бой, камбағални янада камбағал қилади”, – демоқда у. Шунинг учун Марказий банкдан асосий ставкани туширишни талаб қилмоқда. Бунинг учун 2019 йил июнидан бери Марказий банк раисини уч марта алмаштирди. Молия вазири эса 2021 йил ноябридан буён икки марта ўзгарди. 

Маълумки, Марказий банк асосий ставкаси пул-кредит сиёсатининг асосий инструментларидан бири ҳисобланади. Банклараро пул бозоридаги фоиз ставкалари, шунингдек, Марказий банк томонидан банк тизимига ликвидликни тақдим этиш бевосита асосий ставкага боғлиқ. Шундай қилиб, асосий ставка иқтисодиётдаги фоиз ставкалари даражасига, шунингдек, аҳоли ва бизнеснинг истеъмол ва инвестицион (сармоя киритиш) қарорларига таъсир кўрсатган ҳолда ички талаб ва инфляция даражаси ўзгаришида аҳамият касб этади. Асосий ставка даражаси Марказий банк бошқаруви мажлисларида пул-кредит сиёсати шароитлари, жорий ва кутилаётган инфляция даражаси ҳамда макроиқтисодий ҳолатни инобатга олган ҳолда белгиланади. Одатда агар инфляция даражаси кўтарилса, Марказий банк ҳам асосий ставкани кўтаради. Агар инфляция даражаси пасайса, бунда Марказий банк асосий ставкани пасайтиради.

 Эрдоған худди шунинг тескарисини қиляпти – инфляция кўтарилгани ҳолда асосий ставкани туширмоқда ва шунинг учун ҳам танқидга учраяпти. Бир ҳафта аввал Эрдоған агар Туркия банкларига қўйилган лирадаги депозитлар бўйича фоизларни курс фарқи “еб кетадиган” бўлса, давлат томонидан қоплаб берилишини ваъда қилди. Ана шу баёнот ортидан лиранинг қадри мустаҳкамлана бошлади. Туркия раҳбари 24 декабрдаги чиқишида аҳолининг лирадаги депозитлари 23,8 миллиард лирага кўпайганини ва кўпайишда давом этаётганини айтди. 

“Мақсадимиз сармоядорлар, саноатчилар ва омонатчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун валюта курсидаги ўзгаришларни камайтириш, турк лираси қийматини ва унинг обрўсини оширишдир, – дея тушунтирди у. – Бизнинг иқтисодий дастуримиз бозордаги ишончни оширади. Бу эса валюта курсларининг барқарорлигини таъминлайди, бу жуда муҳим. Бу узоқ муддатда бюджетга ижобий таъсир кўрсатишини кутамиз”.

Бироқ президентнинг танқидчилари унинг сўнгги қарорини ҳам танқид қилиб, бу чора вақтинчалик эканлигини айтмоқда.

Бир-ҳафта ўн кун аввал турк мухолифати Эрдоғанни қаттиқ танқид қилиб, 2023 йилнинг июнига режалаштирилган президент ва парламент сайловларини дарҳол ўтказишни талаб қилаётган эди. Хусусан, Жумҳурият халқ партияси етакчиси Камол Қиличдорўғли агар унинг партияси ҳукуматга келса, доллар нархи кескин тушишини даъво қилди. Агар сайлов ўтказилса, мухолифат чиндан ҳам ютиши мумкин, бу, албатта, алоҳида муҳокама этиладиган масала. Ижтимоий тармоқлар кузатилса, мухолифатнинг бу ваъдаларига шубҳа билан қараётганлар ҳам кам эмаслигини кўриш мумкин. “Ҳаммаси бир гўр, ҳокимиятни эгаллагунча ваъда беради, кейин билганини қилади”, деганлар талайгина. Қолаверса, мухолифат иқтисодиёт борасида аниқ режалари борлигига ишора қилмаяпти, балки популистик чиқишлар билан чекланяпти. Мухолифатнинг мақсади аниқ – нима қилиб бўлса ҳам, Эрдоғаннинг ўрнини эгаллаш ва бунинг учун ҳар бир фурсатдан фойдаланишга уриняпти. Лекин Эрдоғаннинг қарори қатъий – сайлов белгиланган вақтда ўтказилади. 

Шу ўринда сўнгги ҳафталарда Туркияда кузатилган бир қизиқ ҳолатга ҳам тўхталиб ўтиш жоиз: нарх-навонинг кўтарилишини сиёсий жиҳатдан анчагина фаол ҳисобланувчи турклар босиқлик билан қабул қилди. Бир неча ҳафта аввал Истанбул, Анқара, Измир каби шаҳарларда кичик гуруҳлар намойишга чиқди ва полиция уларни бостирди. Шундан кейин норозиликлар ижтимоий тармоқлардан ташқарига чиққани йўқ. 

Эрдоғаннинг пул-кредит сиёсати қанчалик муваффақиятли бўлиши ҳақида мутахассислар турли фикрларни айтмоқда. Таъкидлаш керакки, Туркия президентига шубҳа билдираётганлар кўпроқ (ёки ОАВда айнан улар кўпроқ чиқмоқда). Албатта, ҳаммасини вақт кўрсатади. 

Убайдуллоҳ Адҳамов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Туркия географик ва стратегик жиҳатдан муҳим давлат” – НАТО Бош котиби

236 23:45 25.05.2022

Мевлут Чавушўғли ва Маҳмуд Аббос Фаластин масаласини муҳокама қилди

156 23:25 25.05.2022

Саудия Арабистони: “Исроил Фаластин муаммосини ҳал қилиши керак!”

281 22:50 25.05.2022

АҚШ ва Хитой тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка киришмаслиги керак – Генри Киссинжер

235 22:30 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

111 21:50 25.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: қалтис ҳаракат

368 21:10 25.05.2022
« Орқага