Малайзия Туркиянинг Истанбул шаҳрида консуллик очишга қарор қилди. Бу ҳақда Малайзия бош вазири Маҳатҳир Муҳаммад ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған иштирокидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.
«Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСEАН) билан шериклик доирасида биз Малайзияга катта аҳамият берамиз, чунки кўплаб масалалар бўйича муштарак позициядамиз. Уларнинг энг асосийлари Фаластин муаммоси ва Мьянмадаги роҳинжа мусулмонлари масаласи. Бу инқирозларга ечим топиш учун Малайзия билан ҳамкорлигимизни кучайтирамиз», – деди Эрдоған.
«Анадолу» агентлигининг хабар беришича, Ражаб Тоййиб Эрдоған Туркия учун Ислом оламининг бирлиги масаласи муҳим эканини қаттиқ таъкидлади. У Туркия, Малайзия ва Покистон ташқи ишлар вазирларининг уч томонлама учрашувлари Ислом уммати бирлигини сақлаш учун қилинаётган ҳаракатлардан бири эканлигини билдирди.