Халқаро ислом иқтисоди ва молияси конференциясига видеоалоқа орқали боғланган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған исломий иқтисоднинг афзалликлари ҳақида сўзлади. Унинг таъкидлашича, исломий иқтисод ва молиянинг марказида инсон туради, бундай тизим меҳнатни улуғлайди ва ноҳақ даромад олишга рухсат бермайди.
“Исломий иқтисод инсоний, ахлоқий ва табиий хусусияти ҳамда фоизни ва эксплуатацияни рад қилувчи тузилиши билан инқироздан чиқишнинг калитидир. Ишонаманки, келажакда фоиз ва эксплуатацияга асосланган ҳозирги иқтисодий тизимнинг ўрнини хатарларни бўлишишга асосланган тизим эгаллайди. Ривожланган технологиялар ва молиявий технологияларнинг татбиқ этилиши ислом молияси воситаларини дунё бўйлаб ёяётганига гувоҳ бўлмоқдамиз”, – деди у.
Эрдоғаннинг айтишича, фойда-зарар ҳамкорлигига кўра ишлайдиган ислом молияси муассасалари фоизга аралашишни истамайдиган миллионлаб инсонларнинг эҳтиёжини қондирмоқда.
Мазкур муассасалар охирги йиллардаги иқтисодий шоклардан муваффақият билан ўта олган. Шунингдек, у охирги йилларда Туркияда ислом молияси муассасалари сони ортаётганини айтиб ўтди.
Халқаро ислом иқтисоди ва молияси конференциясига Туркия молия вазири Берат Албайрак ҳам боғланиб, ҳукуматнинг мақсади Туркияни фоизсиз молия марказига айлантириш эканини маълум қилди.