Эрдоған: “Исломнинг террорга алоқаси йўқ”

22:00 30.09.2018 1093

Кеча, 29 сентябрь куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған Германияга давлат ташрифи доирасида Кёльн шаҳридаги жоме масжиднинг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда турк ОАВ хабар бермоқда.

Очилиш маросимида нутқ сўзлаган Эрдоған террорчилик фаолиятга дахлдор ҳар қандай гуруҳ ёки ташкилотнинг Исломга алоқаси йўқлигини таъкидлади.

“Террор ташкилотларидан энг кўп мусулмонлар зарар кўрди. Бироқ “исломчи”, “жиҳодчи” деган иборалар билан терроризмни Исломга нисбат беришмоқчи бўлишади”, – деди Туркия президенти.

Масжиднинг очилиш маросими Қуръон тиловати билан бошланди. Эрдоғаннинг айтишича, кўп сонли норозиликларга қарамай, бир қатор немис сиёсатчилари ҳамда нодавлат ташкилотлар вакиллари масжид қурилишини қўллаб-қувватлади.

“Масжид Кёльнда яшайдиган барчага – мусулмонларга ҳам, бошқа динларга эътиқод қилувчиларга ҳам тегишли, – деди у. – Бу масжид Германиянинг ва қўшни давлатларнинг фахрига айланади. Бу масжид нифоққа барҳам берадиган ёдгорлик ҳамдир”.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!