Эрдоған: “Жўлон тепаликлари ишғоли қонуний тус олишига асло рухсат бермаймиз”

15:30 22.03.2019 1509

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған АҚШ раҳбари Дональд Трампнинг Жўлон тепаликлари ҳақидаги баёнотини танқид остига олди.

ВВС хабарига кўра, Эрдоған Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ижроия қўмитасининг Истанбулдаги фавқулодда йиғилишида нутқ сўзлаб, Трамнинг баёноти минтақани яна бир инқироз, яна бир таранглик томон етаклаётганини айтган.

Дональд Трамп пайшанба кунги баёнотида Жўлон тепаликларини Исроилнинг ҳудуди деб тан олиш вақти келганини билдирди.

“Жўлон тепаликлари 1967 йилдан бери Исроилнинг ишғоли остида. Бу ишғол фақатгина минтақадаги арабларни эмас, туркманларни ҳам ўз ерларидан кўчишга мажбур қилган. Туркия ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг бундай нозик масалада жим қараб туришини тасаввур қилиб бўлмайди, – деди Эрдоған. – Жўлон тепаликлари ишғолининг қонунийлаштирилишига асло рухсат бермаймиз, бера олмаймиз. Мусулмонларнинг ҳузурини, яшаш ҳуқуқини нишонга олган ҳар бир ҳодиса, биз ва ташкилот учун муҳимдир”.

Эслатиб ўтамиз, Жўлон тепаликлари 1967 йилгача Сурияга қарашли бўлган ва ўша йили ҳудуднинг учдан икки қисмини Исроил босиб олган. 1981 Исроил парламенти “Жўлон тепаликлари ҳақида”ги қонунни чиқариб, ушбу ҳудуд бўйича суверенитетини эълон қилди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши Исроилнинг бу қарорини тан олмади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!