Эрдоған: «Қуддусдан исломий мероснинг изларини ўчира олмайсизлар!»

09:30 15.12.2018 1443

Истанбул шаҳрида Қуддус масаласи бўйича ташкил этилган конференцияда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған нутқ сўзлади. У Қуддуснинг мусулмонлар учун Макка ва Мадина сингари муқаддас шаҳар эканини таъкидлади, дея хабар бермоқда “Анадолу” агентлиги. 

“Аллоҳнинг Расули Меърожга чиққан бу қутлуғ шаҳарни Истанбулдан, Қоҳирадан, Бағдоддан, Макка ва Мадинадан ажратмаган ҳолда яхши кўрамиз”, – деди Эрдоған.

Қуддус фақатгина фаластинликларнинг эмас, бутун мусулмонларнинг масаласи эканини таъкидлаган Туркия раҳбари Исроилнинг ушбу шаҳарга нисбатан сиёсатини қоралади.

“Исроил охирги 50 йилдан бери Қуддусдаги исломий мерос изларини ўчиришга уриниб келяпти. Лекин бу уринишлар беҳуда”, – деди у.

Шунингдек, Эрдоған Исроилнинг бир қатор давлатлар элчихоналарини Қуддусга кўчириш орқали бу шаҳарнинг мақомини ўзгартиришга бўлган уринишини ҳам қаттиқ хато деб атади.

Ражаб Тоййиб Эрдоған фаластинликларни ўзаро бирдамликка чақирди.

Эслатиб ўтамиз, Исроил 1967 йилнинг 5 июнида Шарқий Қуддусни босиб олган. 1980 йилда эса Қуддус Исроилнинг пойтахти деб эълон қилинди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!