Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Эрдоғанга ёмонлик истаганлар ўзлари билмай яхшилик қилиб қўйди

5493

Туркия муҳим сиёсий паллага кириб келмоқда. Президентлик сайловлари арафасида Ражаб Тоййиб Эрдоған мамлакатнинг турли ҳудудларига бориб, сайловчилар билан учрашмоқда. Мухолифат партиялари, “Олтилик иттифоқи” эса ҳалигача ўз номзодини кўрсата олганича йўқ. Ижтимоий тармоқда, матбуот ва ОАВда, телевидение ва радиода эса сайловларга оид кўплаб таҳлиллар, муҳокамалар, мунозаралар, тортишувлар авж олган. Бу орада НАТОга аъзо бўлиш учун туркларнинг қош-қoвоғига қараб турган Швецияда шундай воқеа юз бердики, мазкур ишлар гарчи Ражаб Тоййиб Эрдоғанни ерга уриш ва камситиш учун уюштирилган бўлса-да, амалда аксинча, унинг фойдасига ишлади.

Жорий йилнинг 11 январида Туркия ва дунёнинг кўплаб мамлакатларида террорчи гуруҳ сифатида тан олинган PKK (Курдистон ишчилар партияси)нинг юзлаб тарафдорлари Швеция пойтахти Стокҳолмда митинг ўтказди. Улар партия рамзлари ва етакчиси Абдулла Ўжаланнинг портретларини кўтариб олиб, Ражаб Тоййиб Эрдоғанни ҳақоратловчи сўзларни айтган. Намойиш иштирокчилари ҳокимият олдидаги устунга Эрдоғанга ўхшатиб ясалган қўғирчоқни оёғидан осиб қўйди. Шунингдек, 21 январь куни Стокҳолмда НАТОга кириш бўйича бўладиган намойиш эълони остида ҳақоратли изоҳлар ҳам қолдирилган.

Бу ғавғолар ҳали тинчимай туриб, швециялик профессорнинг айирмачилиги алангага баттар ўт қалади. Гап шундаки, Истанбулдаги “Ибн Халдун” номли университет талабаси Фотима Заҳро 2023 йилнинг ёзида Европа Иттифоқи гранти доирасида бир мактабда амалиёт ўташ имкониятини қўлга киритади. У Стокҳолм университети профессори Пер Карлбринг раҳбарлигидаги тадқиқот лойиҳасида иштирок этиш учун электрон хат юборган. Бироқ швециялик профессор “Туркия Швециянинг НАТОга киришини тўсиб қўйди”, деган баҳона билан турк талабанинг амалиёт ўташ бўйича аризасини рад этади. "Ҳурматли Фотима, сизга ёрдам беришни истардим, лекин аризангизни рад этишим керак, чунки Туркия Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига тўсқинлик қилмоқда. Маъзур тутасиз", дейилган жавоб хатида. Кейинроқ университет раҳбарияти туркиялик талабага бу нохуш воқеа учун узр сўраб мактуб йўллади.  

Швециядаги PKK/YPG тарафдорларининг провокацияларига Туркиядаги сиёсий партияларнинг муносабати ҳам жиддий бўлди. Энг қизиғи, ҳатто мухолифатдаги “отатуркчи” ва “коммунистик” партиялар ҳам Эрдоғаннинг тарафини олиши турк халқининг сиёсий иродаси нақадар юксаклигини яна бир карра кўрсатиб қўйди. 

Масалан, Демократик Сўл партияси (ДСП) раиси Ондер Оқсоқол шундай деди: 

“Швецияда Туркия Президентини нишонга олишганини қаттиқ қоралайман. Шу пайтдан бошлаб Швециянинг на НАТОга, на бошқа асосларга кўра талаблари ҳеч қачон қабул қилиниши мумкин эмас!”

Буюк бирлик партияси (ББП) раиси Мустафо Дестижи ижтимоий тармоқда шундай фикрларни қолдирди:

"Ушбу хунук, адолатсиз ҳаракатнинг айбдорларини ва бу ҳаракатни маъқуллаган Швеция ҳукуматини қоралайман. Воқеалар Туркиянинг террорга қарши курашдаги қатъиятини яна бир бор тасдиқлади. Модомики Швеция террористларни қўллаб-қувватлар экан, Туркия унинг НАТОга аъзо бўлишини тасдиқлаши ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас”.

"Биз Швециядаги хоин террор ташкилоти аъзолари томонидан Туркия Республикаси ва Президентига қаратилган даҳшатли ҳужумни қабул қилмаймиз ва қаттиқ қоралаймиз. Швеция расмийларидан айбдорларни зудлик билан жавобгарликка тортишни талаб қиламиз", дейилади Миллий партиянинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. 

Туркия Коммунистик партияси аъзолари томонидан ташкил этилган ва асосий ғояси Марксизм-Ленинизм-Коммунизм бўлган Ватан партияси раиси Доғу Перинчек ижтимоий тармоқдаги саҳифасида PKKнинг бу манфур ҳаракати нафақат Президентни, балки турк давлати ва турк миллатини ҳам нишонга олганини билдирди.

“Туркия Республикаси ва Президентига зўравонлик билан таҳдид қилганлар турк армияси ва турк полициясининг оёғи остида қолишга маҳкум. АҚШ ҳукумати журналларида Туркиядаги сайловларни “қон тўкилиши” дея баҳолашмоқда. АҚШ ўз пиёдаларини майдонга туширди. РКК томонидан алданган ёшлар, турк аскарлари оёғи ости қолмасдан аввал қўлингиздаги Америка-Исроил қуролларини ташланг ва Турк давлатига таслим бўлинг!” деди Перинчек. 

Саодат партияси воизи Бирол Айдин РКК ишини “қабиҳ ва жирканч” дея баҳолади ва 

"Террорни ва террористларни қўллаб-қувватлаган давлатлар, уларнинг хатти-ҳаракатини ҳеч қачон унутмаслик  керак" деди.    

"Швециядаги хоин террор ташкилоти PKK аъзоларининг Туркия Республикаси ва Президент Эрдоғанга қарши провокация ташаббусини қаттиқ қоралаймиз. Швеция расмийларини ўз вазифалари бажаришларини талаб қиламиз", дейилади Янги фаровонлик партиясининг ижтимоий аккаунтида қилинган баёнотда.

Хуллас, РКК террор гуруҳининг бундай жирканч ҳаракатлари турк халқининг иззат-нафсига тегди ва сайлов арафасида бир қатор мухолифат партияларининг Эрдоған тарафини олишига сабабчи бўлди. 

Шу билан бирга, мазкур намойиш Швеция давлатининг ҳам зарарига ишлади.

Швециянинг Анқарадаги элчиси Ҳеррстрём Туркия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Унга PKK тарафдорларининг бу қилмиши юзасидан расмий Анқаранинг норозилик нотаси топширилди.  

Туркия Бош прокуратураси Стокҳолмда PKK террор ташкилоти тарафдорлари томонидан содир этилган провокация юзасидан тергов бошлади. 

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли эса Швециянинг PKK террор гуруҳи тарафдорлари томонидан Стокҳолмда ўтказилган митингни қоралаши етарли эмаслигини таъкидлади. 

Шундан кейин, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг адвокати Ҳусайн Ойдин Анқара прокуратурасига Швецияда Туркия раҳбарига қарши намойиш ташкилотчиларига нисбатан жиноий иш қўзғатишни талаб қилди. Туркияда президентни ҳақорат қилиш жиноят ҳисобланади ва Жиноят кодексининг 229-моддасида бундай жиноят содир этган шахсни тўрт йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган.

Туркия парламенти спикери Мустафо Шентоп Швеция парламенти раҳбарининг 17 январда Анқарага ташрифини бекор қилди, унда Швециянинг НАТОга кириши масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган эди. Шентопнинг баёнотига кўра, бу қарор "PKK/YPG террор ташкилотининг Стокҳолмда Ражаб Тоййиб Эрдоған ва Туркияни нишонга олган террор ҳаракати"га жавобдир. Таъкидланганидек, мазкур ташриф давомида Швециянинг НАТОга кириши борасидаги масалалар муҳокама қилиниши кўзда тутилган эди. Агар Туркия рози бўлмайдиган бўлса, расмий Стокҳолм ҳарбий блокка ҳеч қачон аъзо бўлолмаслиги мумкин.

Бу борадаги яна бир хабар жамоатчиликнинг эътиборини тортди. Швеция матбуотининг ёзишича, террор ташкилоти PKK/YPGнинг Швециянинг энг йирик банкларидан бири бўлган SEB банкида фаол ҳисоби бор экан. 

Швецияда Friatider сайти иддаосига кўра, PKK/YPG террор ташкилоти учун йиғилган пуллар SEB банкидаги ҳисоб рақамида сақланади. Хабарда PKK/YPG террор ташкилоти рамзлари сотувидан келган даромаднинг SEB ҳисобига ўтказилганлиги билдирилди.  

SEB Банк матбуот котиби Никлас Магнуссон мазкур иддаоларига раддия берди, аммо сайт террор ташкилотининг банкдаги ҳисоби ва мобил телефон инкассация рақами ҳамон фаоллигини билдирди ва банкнинг PKK/YPG ҳисобларини ёпилмаганини иккиюзламачилик, деб баҳолади.  

Швеция Бош вазири Улф Кристерссон Кируна шаҳрида Европа Иттифоқи комиссияси раиси Урсула фон дер Леен билан учрашди. Учрашувдан сўнг қўшма матбуот анжумани ўтказилди. Кристерссон PKK/YPG террор ташкилоти тарафдорларининг провокациясига муносабат билдирди.

"Ҳар қандай давлат чет эллик лидернинг қатл этилишини ифодаловчи хатти-ҳаракатларни жирканч деб билади. Айниқса, икки етакчи сиёсатчимизга суиқасд қилинганини эсласак, бу ҳолат биз учун оддий қабул қилиниши мумкин эмас. Бу воқеа Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзолигига қарши саботаждир”, деди у (Швецияда 1986 йилда Бош вазир Олоф Палме, 2003 йилда эса ташқи ишлар вазири Анна Линд ўлдирилган). 

Кристерссон Швеция парламенти раисининг Туркияга ташрифи жуда қисқа вақт ичида амалга ошишига умид билдирди.

Дарвоқе, Туркия Ички ишлар вазири Сулаймон Сўйлунинг баёноти ҳам диққатга сазовор. Унинг айтишича, шу йилнинг охиригача Туркия тоғларида PKK террор гуруҳининг бирорта ҳам жангариси қолдирилмайди, уларнинг барчаси йўқ қилинади. 

Таъкидлаганимиздек, Эрдоғаннинг душманлари ўзлари билмаган ҳолда унга ёрдам бериб қўйишди. Туркия халқи ички сиёсатда қанчалик бир-бирига тош отмасин, маломат қилмасин, ташқи сиёсатда бир мушт бўла олишини яна бир карра исботлади. Эрдоғанга мухолиф партиялар бирлашиб, “Олтилик” иттифоқи тузган эди. Бу воқеалар ортидан шу иттифоққа ҳам путур етса ажаб эмас. 

Абдулазиз Муборак,

Azon.uz’нинг Туркиядаги махсус мухбири

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Намозда икки ёки учта зам сура ўқиса бўладими?

537 10:21 07.02.2023

«Зилзила Эрдоған маъмурияти учун жиддий имтиҳон» – Камолиддин Раббимов

336 10:05 07.02.2023

Туркияда зилзила сабабли 7 кунлик миллий мотам эълон қилинди!

495 07:30 07.02.2023

Алижон Аксой: «Инша Аллоҳ, биргаликда бу фалокатни енгиб ўтамиз!»

1115 22:25 06.02.2023

Иккинчи хотин бўлиш айбми? 

1751 20:05 06.02.2023

Ўзбекистон жойлашган минтақада кучли зилзилалар содир бўлиш эҳтимоли мавжудми? — ФВВ хабари

1359 19:36 06.02.2023
« Орқага