“Эркак бўл... ўғлим!”

22:00 11.01.2019 1550

Ўғлим... Кўзимнинг оқу қораси, ҳаётим қувончи!

Эсимда , ҳомиладор пайтимда илк марта сенинг жинсингни аниқлаш учун текширувга борган эдим. Ўшанда негадир қиз бўлишингни хоҳлаганман. Ҳатто дўхтирдан, ўғилли бўлишим хушхабарини эшитганимда “Яхшилаб қаранг-чи, балки қиздир” дея сўраганим ҳамон ёдимда.

Бугун эса ҳамма нарсани мутлақо адолат билан тақсимлайдиган,ҳисоб-китоби ҳақ ва ўта чевар бўлган Зотга менга айнан сени, яъни ўғил фаразанди туҳфа этгани учун беадад шукроналар айтаман. Чунки ҳали гўдак – бўлсанг-да, аммо мендек ожиза онанг учун каттакон суянчсан, тиргаксан.

Ишон, “Ўғлим бор...” дейишимнинг ўзи менга бир олам куч беради, ўзгача хотиржамлик, таскин ва умидлар беради. Бугунги ҳолимга, боқиб, агар қиз бола бўлганингда иккита заифанинг ҳоли не кечарди, деб кўп ўйлайман ва Яратганнинг марҳаматига ҳамду санолар айтаман. Шубҳасизки, “У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур....” ("Шуро" сураси, 49-оят).

Ўғлим... Биламан, ҳозир кичкинасан, бу мактубни ўқишга, сўзларимни англашга, тушунишга ожизлик қиласан. Шундай бўлса-да, ҳозирданоқ сенга айтишим керак бўлган гапларим бор.ИншаАллоҳўқишни, ёзишни ўрганиб олганингдан кейин, ақлинг қириб, яхши-ёммони, оқу қорани ажрата бошлаганингда менинг бу мактубимни ҳали кўп марталаб ўқиб чиқасан.Бундаги ҳар бир сўзимни, пандларимни қулоғингга қуйиб оласан деган умидим бор... Энди ўгитларимни диққат билан ўқи ва ҳеч қачон ёдингдан чиқарма.

Биринчи насиҳатим: Аллоҳдан қўрқ!
Ўғлим... Аввало сен инсонсан! Анга шу инсон деган номга муносиб бўлиш учун ҳар доим айтадиган ҳар сўзинг, қиладиган амалингни эътиқодинг ва виждонинг тарозисида ўлчашни одат қил. Ана ўшанда қалбинг пок, фитратинг тоза, мақсадларинг эзгу бўлади. Ҳар хил ёмон иллатлар сендан четлашади. Иймонли бўл ва Аллоҳдан қўрқ! Роббимиз шундай марҳамат қилади: “Сиздан аввалгиларга айтилганидек, сизларга ҳам “Аллоҳдан қўрқинг!” дея буюрдик!” ("Нисо" сураси, 131-оят) Икки олам сарвари набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади”. Шундай экан, кўнглингга адоват, ҳасад, нафрат, кибр ва манманликнинг қора гардларини юқтирма,сени яхшиликларга ундайдиган солиҳ кишиларга ҳамроҳ бўл. Яхши амалларингни кўпайтир! Бировлар ҳақига кўз олайтиришдан, ўзингдан ожизларга зулм қилишдан, ўзингга ва аҳлингга ҳаром луқма едиришдан парҳез қил. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга юбора туриб шундай деган эдилар: “Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўл. Зеро, унинг дуоси билан Аллоҳнинг орасида парда-тўсиқ йўқдир” (Муттафақун алайҳ).

Иккинчи насиҳатим: Ёлғончи бўлма, лафзингда тур!
Бу ҳақда машҳур ҳадис бор. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Мунофиқ одамнинг аломатлари учтадир: Қачон гапирса, ёлғон гапиради; Қачонки ваъда берса, ваъдасини устидан чиқмайди. Унга бирор бир нарса омонат қилинса, омонатга хиёнат қилади. Сендан тоабад оналик талабим ва илтимос, ушбу ҳадисни ҳаётинг давомида шиор қил. Асло мунофиқ бўлма. Бошингга қилич келса ҳам рост сўзла.Қўлингдан келадиган ишни бўйнингга ол. Ваъда бердингми, бажар. Айниқса, аёл кишига берган сўзингни устидан чиқ, Дунёнинг юки елкангга ағдарилганида ҳам. Сени эркак деб билганларнинг, сенга эркак деб ишонганларнинг, сенга эркак деб суянганларнинг ҳафсаласини пир қилма!

Учинчи насиҳатим: Мард бўл, ҳалол бўл!
Бу ҳақда сенга кўп гапириб ўтирмайман. Фақатгина кичкина ҳаётий бир ҳикоячани мисол келтираман. Буни кечагина ижтимоий тармоқлардан бирида ўқиб қолдим. Менимча, шунинг ўзи етарли:

“Бир куни машинамда ўтиргандим. Олдимга 11-12 ёшлар атрофидаги бир болакай яқинлашди:
– Амаки, машинангизни ғилдиракларини ювиб берайми? Кўп сўрамайман. Қанча берсангиз ҳам розиман...

Унга бир қур назар ташлаб, чўнтагимдан 1000 сўм чиқариб унга узатдим. Болакай пулни кўргач юзи тундлашди:

– Амаки, мен тиланчи эмасман.

Шундай дея кета бошлади. “Ҳой, тўхта” деб ортидан чақирдим, олдимга келди. Ноқулай вазиятга тушиб қолгандим. Юзлари бироз қорайган, жемферининг тирсаклари ямалган, қўллари мағзавадан оқаринқираган. Ўзим қилган ишимдан хижолат бўлиб болакайга “менга машина фаралари ва ойналарини артиб бер” дедим, у бўлса яна мени ҳайратга солишда давом этди:
– Амаки, менинг латта ва совуним фақат ғилдирак ювишга мўлжалланган. Ойналарингизни ювиб беролмайман...

– Хўп, унда ғилдиракларни ювақол – дедим...

У ғилдиракларни юваркан, ундан оиласи ҳақида сўрадим. Кам гапирди. Отаси бундан ярим йил олдин вафот этганини, онаси бўлса бетоб бўлиб қолганини, боқувчи бўлиб фақат ўзи ишлаётгани, топганини рўзғорга ва онасининг дори дармонига сарфлаётганини айтди. Эпчиллик ва ҳафсала билан қилган меҳнатини кўриб ва унинг шароитини билиб ёрдам бўлар деб ёнимдан 15минг чиқардим...

– Амаки, бир ғилдиракни 1000 сўмдан баҳоланг. Менга 4000 берсангиз етади. Меҳнатим бераётган пулингизга арзимайди...

Томоғимга бир нима тиқилиб қолди... Қўярда қўймай, илтимос қилиб, пулни қўлига тутқаздим. Болакай пулни чўнтагига жойлаб, “раҳмат” айтиб, кейинги машина томон илдам юриб кетди. Орқасидан қарарканман қўлида оддий челак ва латта билан ҳалол пул топаётган, шимларини шимариб олган ва аҳён-аҳён бурнини тортиб қўядиган бу йигитча кўз олдимда михланиб қолди. Машинани ўт олдирар эканман Яратганга илтижо қилдим: Аллоҳим шундай ҳалол, ҳақиқий ўғилни дунёга келтирган аёлнинг дардига ўзинг шифо бер”.

Ўғлим... ичим-ичимдан шуни истайман ва тилайманки, сен ҳам мана шу боладек, ҳалоллигинг ва мардлигинг туфайли икки дунё ота-онангга раҳматлар етказадиган инсон бўл!

Тўртинчи насиҳатим: Масъулиятли бўл!
Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани юксак ҳикмат ва тадбир билан яратган. Жумладан, эркак кишини ҳам. Парвардигор эркак кишига ўта муҳим ва машаққатли ва ўз навбатида шарафли бўлган вазифани топшириш билан бир қаторда унга шу вазифаларни адо этишга етарли имкониятлар ҳам берган. Куч-қувват, сабр- бардош, ақл-идрок, савлат, салобат каби юксак фазилатлар инъом этган. Улар аёлларга нисбатан кўп жиҳатдан афзалроқ экани китобларда кўп таъкидланади. Аллоҳ таоло “Нисо” сураси 34-оятда қуйидагича марҳамат қилади “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоимдирлар..”. Сен ана шу афзаллигингни ҳеч қачон суиистеъмол қилма, аксинча бунинг масъулиятини доимо зиммангда сақла!

Бешинчи насиҳат: Ориятли, ғурурли бўл!
Ҳар қандай ҳолатда ҳам эркаклик ғурурингни ерга урма! Молу-дунё, обрў-мансаб, ҳузур-ҳаловат каби ўткинчи ҳою ҳавасларга учиб, йигитлик ориятингни унутма. Қўл остингдаги аҳли аёлинг, опа-синглинг шаънини, қадру қимматини ҳар нарсадан баланд тут. Яқинда замондошларимиздан бири ижтимоий тармоқдаги саҳифасига ёзган ушбу иқтибосга кўзим тушди: “Мени аёлларнинг очиқ-сочиқ, калта-култа кийиб юришгани эмас, уларнинг айнан эркаги бор уйдан чиқиб келишаётгани кўпроқ изтиробга солади”.

Ўғлим... сен шундай ориятли бўлгинки, сенинг аҳли аёлинг кўчага чиқаётганида иффату ибосини ўзи билан бирга олиб чиқсин. Шуни унутмаки, эркакдан ғурур кетса, аёлдан ҳаё кўтарилади. Неча ёшда бўлишингдан қатъий назар, гап-сўзларинг, юриш-туришинг, кийим-бошинг,танлаган йўлинг, ҳар бир ишингу орзу-мақсадларинг бари эркакча бўлсин! Атрофингдаги заифаларни қўрий оладиган, уларнинг номусини ҳимоя эта оладиган, берилган ишончни оқлай оладиган мард бўл!

Олтинчи насиҳат: Оқибатли бўл!
Яқинларингга шундай меҳрли, эътиборли бўлки, уларга ҳамма ҳавас қилсин. Агар сени севишларини, қадрлашларини истасанг, аввало ўзинг шунга муносиб бўл! Елкангдаги фарзандлик, ака-укалик, эрлик вазифаларингни оғринмай адо эт! Қариндошларингга сила раҳмда бўл! Энг аввало сени деб сочлари оқарган, юзларига ажин тушган, қадди букилган ота-онангни дуосини ол. Уларнинг сўзини асло ерда қолдирма, талаблари ва буюрганларидан малолланма!

Бир ривоят ёдимга тушди: Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳунинг кекса оналари бор эди. Оналари ўз замонасининг машҳур воизи Умар ибн Заррни қаттиқ ҳурмат қиларди. Шу боисҳар замонда ўғилларига бирор масаланинг жавобини сўраб келишни буюрарди. Абу Ҳанифага гарчи масаланинг жавобини ўзларидан яхшироқ биладиган кимса йўқлиги аён бўлса-да, оналарининг сўзини ерда қолдирмаслик учун Ибн Заррнинг ҳузурига йўл оларди.Мен бориб, у зотга ўша масалани зикр қилиб: “Онам сиздан фалон-фалон нарсаларни сўрашимни буюрди” дер эдилар. Шунда Умар ибн Зарр ҳайрон бўлиб: “Сендек бир одам мендан бу масалани сўрайдими?!” дердилар. У зот эса: “Онам шунга амр қилди” деб жавоб берарди. Воиз эса “Масаланинг жавоби қандай бўлади? Сен ўзинг менга айт, кейин мен сенга айтаман” дердилар. Абу Ҳанифа у кишига жавобни айтари, кейин воиз унга қайтарарди. Шундан сўнг ўзлари олдинган билган “Ибн Заррнинг жавоби”ни келиб оналарига сўзлаб берардилар.

Ушбу ривоятда бир қобил фарзанднинг онасига бўлган беқиёс ҳурмати, муҳаббатини кўриш мумкин. Орзум – коши, Абу Ҳанифадек муносиб бир ўғил бўлолсанг...

Еттинчи насиҳат: Жасоратли, садоқатли бўл!
Шу жойда яна баландпарвоз насиҳатлар қилишдан тўхтаб, бир эрнинг садоқати ҳақидаги мени таъсирлантирган бир воқеани сўзлаб берай: Саудиялик Молик Закариё исми кишининг аёли бахтсиз тасодифдан кейин ногирон бўлиб қолади, ҳалокатдан сўнг унинг бир кўзи кўрмай қолади. Аёлнинг норасида уч гўдаги бўлгани учун у битта кўз билан уларни парваришлашга қийналади. Эр аёлининг иккинчи кўзини даволатиш учун бор-будини сарфлайди, аммо муолажалар кор қилмайди. Шифокорлар фақат биргина йўл борлигини, унгга соғлом кўзнинг шоҳ пардасини кўчириб ўтказиш мумкинлигини айтишади. Эр ҳеч иккиланмай ўзининг соғлом кўзларидан бирини жуфти ҳалоли, фарзандларининг онаси учун “қурбон” қилади.

Охирги насиҳатим: Жасур бўл!
Ўғлим... эркак деган ном билан бу дунёда яшар экансан, шу номга муносиб умр кечир. Сен ожиза эмассан, балки кучли жинс вакили деб таърифланадиган эркак зотига мансубсан! Шу боис қайта-қайта айтаман ва эслатаман, довюрак бўл, жасур бўл, ботир бўл!Ўйлайманки, жасорат кўрсатиш учун буюк қаҳрамонликлар қилишинг, ўзингни албатта, қурбон этишинг шарт эмас, бор-йўғи, ҳар вақт ва ҳар жойда ўзингни ҳақиқий эркакдек тут! Шуни билки, ҳақиқий эр йигит оиласига, Ватанига, қасамига, дўстларига содиқ бўлади ва буни ўзи учун саодат, шараф деб ҳисоблайди.

Сен-да, шулар қаторида бўл! Мен ана шундай ўғилнинг онаси бўлишни истайман...

Ситора АЗИЗОВА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!