Ернинг шар шаклида эканлигига Ислом уламоларининг ижмоъси (1-қисм)

20:00 29.07.2019 701

Қуйида ёзмоқчи бўлаётган нарсаларим ҳақида кўп ўйландим. Чунки ақлу тафаккур эгалари учун бу мавзу аслида тортишув объекти бўлмаслиги керак.

Зеро, Ернинг думалоқлиги бугунги кунда нафақат космосдан олинган суратлар, илмий фактлар, олимларнинг тадқиқотлари ва бутун дунё аҳлининг бу назарияни якдиллик билан қабул қилганлигига таянади, балки мазкур назария ақл ва мантиқни ишлатган ҳар бир инсон учун заруратан маълум бўлиши керак бўлган ҳақиқатлардан биридир.

Аммо, таассуфлар бўлсинки, дунёда "тескари йўл тут, таниласан!" деган мантиққа кўра ҳаракат қилувчи турли хил жамиятлар, доиралар ва оқимларнинг катта маблағлар сарфлаб, Ернинг текислигини "исботлаб берувчи" меҳнатлари, ютуб хостингига жойлаган эътиборни тортувчи ва чалғитувчи "далил-ҳужжатлари" таъсирига тушиб қолаётган туппа-тузук мусулмон кишиларни ҳам учратиб қоламиз.

Албатта, борлиқ ҳақида ҳамма ўз фикру қарашларига эга бўлиши табиий ҳол. Аммо бу қарашларни Исломга нисбат бериш, мусулмон олимларига нисбат бериш катта хатодир.

Чунки, тарих шоҳид, аббосийлар даврида Ислом оламида илм-фан соҳасида мислсиз даражада уйғониш рўй бериши натижасида мусулмон мамлакатларида география, геодезия, фалакиётшунослик (астрономия), риёзиёт (математика), ал-жабр (алгебра), физика ва кимё фанлари, фалсафа ва мантиқ илми бениҳоя тараққий этди.

Улар ҳали фазо забт этилмасдан туриб, табиат ҳодисаларини кузатиш, уларга мантиқий ёндашиш ва ўз имкониятларидаги расадхоналар, устурлоблар (астролябия) ва бошқа турли хил кузатиш ускуналари ва ҳисоб-китоблар ёрдамида коинот ва Ерни ўрганиб, Қуёш, Ер, сайёралар ва коинотнинг доиравий шаклда эканлигини аниқлаганлар. Бошқа тарафдан эса Қуръони карим оятларини тушуниб, тадаббур қилган дин уламолари ҳам бу ҳақиқатни англаб етганлар.

Мен ушбу мақолада Ернинг шар шаклида эканлигини илмий жиҳатдан исботлаб бериш фикридан йироқман. Чунки, биринчидан, бу назариянинг ҳақиқатлиги бугунги кунда қуёшдек равшан нарсадир. Иккинчидан, унинг далиллари бу мақоламизга сиғмай қолади ва қолаверса, вақт ҳам етмайди. Ундан ташқари, "ясси Ер" назарияси тарафдорларига тонналаб далил келтирсангиз ҳам, ҳаммасини бир чеккадан ёлғонга чиқариб ўтираверишади.

То уларнинг бирини ўз ёнингиздан 20 миллион доллар сарфлаб, орбитага олиб чиқиб, халқаро космик станциясининг иллюминаторидан Ерга қараттириб, унинг тўпсимон шаклда эканлигини кўрсатмагунингизгача гапингизга ишонишмайди. Яна ҳам аниқроғи эса шундай қилган тақдирингизда ҳам барибир, "бу ҳаммаси ёлғон, бутун дунё келишиб олган фитна!" дея инкор қилиб тураверадилар.

Ҳақиқатда эса "Ясси Ер Жамияти" (инглизча: Flat Earth Society) барча илмий ҳақиқатлар ва умумқабул қилинган назарияларни инкор қилиб тураверадиган ва мазкур инкорчиликни ўзига маслак қилган дениализм тоифасининг оқимларидан биридир.

Улар ҳамма нарсани инкор қилиб тураверади. Бунинг учун, албатта, кишиларнинг онгини чалғитиб, ҳақиқатдан бошқа ёққа буриб юборишга қаратилган ўзига хос "мантиқий далил-ҳужжатлари" ҳам бўлади. Лекин мазкур "далил-ҳужжатлар"нинг ҳаммаси ақлу мантиқ тарозусига солиб, илм-фан элагидан ўтказилса, бир тийинга қиммат эътирозлар эканлиги ва улар фақат инкорга асосланган сохта илмий фактлар бўлиб чиқади.

Бу назария тарафдорлари ўз даъволари учун ҳеч қандай илмий далил келтиролмайди, балки Ернинг шарсимон эканлиги ҳақидаги далилларни инкор қилишга асосланади, холос.

Хуллас, ҳамма нарсанинг остидан қандайдир халқаро миқёсдаги фитна ва тил бириктирув излаш дардига мубтало бўлган мазкур тоифа Ернинг шарсимон эканлигини очиқ кўрсатадиган космосдан олинган суратларни ҳам сохтага чиқаради, умуман космос борлигини ҳам инкор қилади.

Белгиланган жойга, масалан, 4 соат давомида учиб борган самолётлар айни йўналиш бўйича қайтишда уч ярим соат муддат йўл босишлари каби ҳолатларни ҳам – қанчалар аҳмоқона бўлмасин – бутун дунёдаги авиация ходимлари келишиб олган "фитна!" деб даъво қиладилар.

Хўп, кеча ва кундузнинг алмашиниши, турли жойларда турли хил вақтларда қуёш чиқиб, қуёш ботишини қандай изоҳлайсизлар (?), дейилса, ҳеч қандай ақл ва мантиқ кўтарадиган жавоб йўқ.

Ваҳоланки, агар улар даъво қилганидек, Ер катта ясси бир лаган шаклида бўлиб, умуман ҳаракатланмаса, балки Қуёш Ернинг атрофида ҳаракатланса, бутун дунёда бир вақтда кундуз бўлиб, бир вақтда қуёш ботган бўларди. Бу эса қуёш ўша дискнинг устидан кўндалагига айланиб ўтади деб тушунган ҳолатимизда шундай бўларди. Агар унинг атрофида айланади десак, у ҳолда умуман сайёрамизда тун деган нарса бўлмасди.

Қуёшнинг Ер атрофида айланиши ҳар жиҳатдан абсурд нарса. Зеро, ҳеч қачон катта жисм ўзидан бир-неча баробар кичик жисм атрофида айланмайди. Ундан ташқари, борлиқда фақат Қуёш билан Ер бормидики, бошқа ҳамма нарса четга чиқиб, Қуёш Ер атрофида айланса?!..

Ҳа, Қуёш ҳам ниманингдир атрофида айланади, аммо Ер атрофида эмас, балки ўз тизимидаги сайёралар билан биргаликда галактика маркази атрофида айланади. Шу билан бирга қуёш ўз ўқи атрофида ҳам айланади.

Демак, борлиқда ҳамма нарса ҳаракатланишда ва айланишдадир. Аллоҳ таоло Ўзининг тенгсиз ва чексиз ҳикмати билан борлиқни шундай тизимда яратган, барча нарсани айланиб турадиган, доимий ҳаракатда бўладиган қилиб қўйган.

Анбиё сурасининг 33-оятида ҳамда Ёсин сурасининг 40-оятида "كل في فلك يسبحون" (куллун фий фалакин ясбаҳун), яъни "ҳамма нарса ўз фалагида сузиб юради", дея марҳамат қилинган. Фалак сўзи билан эса атрофида айланувчи нарса, самовий жисмнинг доимий ҳаракатда бўлган йўли, траекторияси ва орбитаси назарда тутилган.

Ушбу ояти карима тафсири борасида айтилган сўзларнинг хулосаси шуки, борлиқдаги барча самовий жисмлар, қуёш, ой, юлдузлар ва сайёралар ҳар бири ўз орбитасида мустаҳкам тартибда ва мавзун ҳаракатда айланиб турадилар.

Машҳур муфассир Имодуддин ибн Касир (раҳимаҳуллоҳ) ояти каримадаги "يسبحون" ясбаҳун (сузиб юрадилар) сўзига "يدورون" (ядурун) яъни "айланадилар" дея маъно берган. Шунингдек, Ибн Касир Қуръоннинг таржимони деган улуғ номга сазовор бўлган машҳур муфассир саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳу)дан ояти кариманинг тафсири борасида айтган қуйидаги сўзини келтиради: "يدورون كما يدور المغزل في الفلكة" яъни: "улар (қуёш, ой, юлдузлар ва планеталар) худди чарх ўз ғалтаги атрофида айлангани каби айланиб турадилар".

Эътибор беринг, Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) оятдаги "ясбаҳун" (сузиб юрадилар) лафзига "ядурун" (айланадилар) деган маъно беряпти ва коинотдаги қуёш, ой, Ер, юлдузлар ва барча сайёраларнинг бу ҳаракатига айнан айланиш сўзини қўллаяпти.

Наҳотки, ушбу сўзлар бутун борлиқ ва коинот умумий тортишув кучи билан бир-бирига боғлиқлиги ва ундаги барча жисмлар ҳам ўз ўқи атрофида ва айни дамда ўз тизими марказидаги ўзидан каттароқ жисм атрофида ва улар ҳаммаси биргаликда галактика маркази атрофида доимий айланишда бўлишини англатмаса?!..

Коинотда доимий айланишда бўлган жисмлар эса сфераик шаклдан бошқача шаклда бўлиши шунчаки тасаввур қилинмайди. Чунки коинот бундай ишламайди. Фазода ҳам ўз ўқи атрофида, ҳам бошқа бир жисм атрофида доимий айланишда бўлган нарса, фақат думалоқ бўлишинигина мантиқ кўтаради. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Юмалоқлиги идеал даражада бўлмаслиги мумкин. Эллипсоид бўлиши мумкин. Лекин ҳар ҳолда юпқа танга каби каттакон диск шаклида бўлмайди.

Ясси ерчиларнинг тушунчаси жуда ҳам қизиқ. Нима учун коинотдаги ҳамма нарса сфера шаклида бўладию битта Ер планетаси тангага ўхшаган япалоқ шаклда бўлиши керак?!.. Ғалати, а жуда?!.. Агар у шундай юпқа япалаоқ шаклда бўлса, нима учун бепоён бу бўшлиқда тўнкарилиб қолмаслиги, тикка бўлиб қолмаслиги керак?!.. Ёки у ҳар хил жойдан трослар билан тортиб қўйилганмикан?!..

Ҳа, айтганча, ясси ерчилар ой тутилиши ҳодисасига қандай жавоб бераркин?!.. Маълумки, Ер ой билан қуёш ўртасида бўлиб, Ернинг сояси ой сатҳига тушганда ой тутилиш ҳодисаси рўй беради. Оддий кўз билан кузатилганда ҳам тўлиқ ой тутилишида Ернинг сояси думалоқ шаклда ойга тушади. Ҳали антик даврда экан, Аристотель айни ҳодисани Ернинг курравий шаклда эканлигига далил қилган эди.

Эҳтимол, бу сатрларни ўқиётган кимдир ҳайрон бўлаётгандир, исботлаб бўлинган ва аллақачон фориғ бўлинган масалани бу одам нима учун қайтадан исботламоқчи, дея.

Тўғриси, ўзимга ҳам эриш туюляпти бу мавзуни кўтариш. Аммо ўзим ҳурмат қилган ва яхши кўрган айрим инсонларнинг Ернинг яссилиги ҳақидаги мазкур сохта назария таъсирига тушиб қолганларига шахсан гувоҳ бўлганимдан сўнг бу ҳақда ёзмасам бўлмаслигини тушундим.

Юқорида ишора қилиб ўтганимдек, ушбу мақолада Ернинг юмалоқ шаклдалигини илмий жиҳатдан исботлаш мақсад қилинмаган. Балки айнан Ислом уламоларининг бу масалага нисбатан туган ўринларини баён қилиш ирода қилинган.

Ислом уламолари дер эканмиз, Ибн Сино, Беруний каби дунёвий фан дарғаларининг эмас балки, айнан фиқҳ, тафсир ва шариат илми пешволарининг сўзларидан намуналар келтирмоқчимиз. Зеро, юқоридаги зотларнинг Ернинг думалоқлиги ҳақидаги фикрлари барчага маълум. Мен масаламиз юзасидан айнан шариат олимларининг, дин кишиларининг фикрларини баён қилмоқчиман.

Ернинг ясси ва қандайдир катта, текис бир баркашга ўхшаган шаклда эканлиги ҳақидаги қараш асло мусулмонларга тегишли эмас. Балки бу назария ширк ва бутпарастликка асосланган ҳиндукийлик (индуизм), буддизм каби носамовий динларга ҳамда Скандинавия мифологияларига бориб тақалади.

Индуизм ва буддизм таълимотларида Ер океан билан ўралган ясси шаклдаги улкан диск сифатида тасвирланади ва унинг марказида эса Меру (Сумеру) тоғи жойлашган деб билинади. Мазкур асотирга кўра, Меру тоғи бутун борлиқ ва оламнинг маркази ҳисобланади ва барча материклар мазкур тоғнинг нишаблари саналади. Қуёш ҳам, Ой ҳам ушбу тоғ атрофида айланади.

Ушбу ғайри таълимотга кўра, океан сувлари бўшлиққа оқиб кетмаслиги учун Ернинг атрофи баланд тоғлар билан ўралган эмиш. Шунинг учун сувлар пастга тушиб кетмас эмиш.

Кўриниб турибдики, Ернинг яссилиги ҳақидаги ақиданинг Ислом динига алоқаси йўқ. Ҳа, айрим тафсир китобларида Ернинг текис ва ясси диск шаклида эканлиги ва у улкан ҳўкиз устида туриши ҳақида Мадина яҳудийларидан нақл қилиб келтирилган исроилиёт ривоятлари мавжуд бўлиб, уларнинг асло Исломга алоқаси йўқ.

Исроилиёт ўз номи билан ҳам исроилиёт. Яъни улар Бани исроилдан – яҳудийлардан нақл қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан яҳудийларнинг турли мавзулардаги сўзлари, қадимий халқлар борасидаги ривоятларига нисбатан қандай йўл тутиш ҳақида сўрашганда "аҳли китобни (гапираётган гаплари борасида ёппасига) тасдиқламанг ҳам, (ёппасига) ёлғонга чиқарманг ҳам!" деганлар. Чунки тасдиқласа, хато бўлиши мумкин.

Боз устига исроилиёт ривоятларида Ислом таълимотига очиқ зид бўлганлари ҳам бор. Демак, ёппасига тасдиқлаб бўлмайди. Ёппасига инкор қилишдан ҳам қайтарганлар.

Чунки уларнинг ичида тўғрилари ва Ислом таълимотига мувофиқлари ҳам бор. Шу маънода Қуръон ва Ҳадис ҳамда соғлом ақл мезонига тушганлари қўшимча маълумот сифатида олинади. Аксинча бўлганлари олинмайди. Аммо китоблар ичида исроилиёт ривоятлари деган қайд билан шунчаки, мавзуга тааллуқли маълумот сифатида келтирилавериши мумкин.

Қисқаси, Қуръони каримда ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бирорта муборак ҳадисларида ҳам Ернинг катта текис диск шаклида эканлигига далолат қилувчи бирорта сўз йўқ. Аксинча, Қуръони каримда Ернинг шарсимон шаклда эканлигига далолат қилувчи ояти карималар кўп учрайди.

Жумладан, Зумар сурасининг 5-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

"خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ بِالْحَقِّ يُكَوِّرُ اللَّيْلَ عَلَى النَّهَارِ وَيُكَوِّرُ النَّهَارَ عَلَى اللَّيْلِ "

Маъноси: "У (Аллоҳ) самолар ва Ерни ҳақ (қонуният) билан яратди; тунни кундуз устига ўрайди, кундузни эса тун устига ўрайди".

Ушбу ояти карима Ернинг куравий шаклда эканлигига очиқ-ойдин далолат қилади. Аллоҳ таолонинг "тунни кундуз устига ўраши ва кундузни эса тун устига ўраши" ҳақида бироз тафаккур қилинса, бас, масала ойдинлашади. Зеро, Аллоҳ таоло ўз сўзида таквир лафзини ишлатди. "Таквир" эса доирасимон нарсага бирор нарсани думалоқлаб ўраш маъносини англатади. Салланинг айланасини араблар "каврул ъимама" дейдилар.

Ер узра мудом бир-бирига ўраб киргизилаётган нарсалар бор экан, яъни тун ва кундуз Замин узра бир-бирига мудом ўраб турилар экан, бу ўз-ўзидан Заминнинг юмалоқлигини тақозо қилади. Чунки Ер юмалоқ бўлиб, у ўз ўқи атрофида айлангандагина ояти каримада ишлатилган сўз ўз ифодасини топади.

Давоми бор...

Алишер Султонходжаев

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!