Илм

Ернинг шар шаклида эканлигига Ислом уламоларининг ижмоъси (2-қисм)

498

Аллоҳ таоло бошқа-бир ояти каримада "албатта, самолар ва Ернинг яралишида ва тун билан кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун (Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига далолат қилувчи) белги-аломатлар бордир" (Оли Имрон сураси: 190-оят), дея марҳамат қилади.

Мерос масаласида фақиҳ олимларнинг шундай сўзлари бор: "Агар кунботар (мағриб) томонда қуёш ботаётган бир пайтда бир киши вафот этса ва яна бир киши (ўша куни) кунчиқар (машриқ) томонда кун ботаётганда вафот этган бўлса ва улар орасида меросхўрлик мавжуд бўлса, мағрибда кун ботиш пайтида вафот этган киши машриқда кун ботиш пайтида вафот этган кишига меросхўр бўлади".

Мазкур сўз қадимдаги фуқаҳоларимиз ҳам Ернинг сферасимон эканлигини яхши билганликларини англатади. Зеро, бу сўз уларнинг машриқ томондаги кун ботиши мағриб томондаги кун ботишидан эртароқ содир бўлишини тушунганликларини кўрсатади. Ваҳоланки, Ер шарсимон бўлгандагина турли жойларда турли хил вақтларда кеча ва кундуз бўлади.

Агар Ер индуизм, буддизм, Скандинавия мажусийлари каби носамовий ва ширкий эътиқод эгалари мансуб бўлган динларда илгари сурилгани каби ёхуд ақидаси қадимги антик даврдаги грек бутпарастлик динидан "яхшигина" таъсирланган черков христианлиги даъво қилганидек улкан теп-текис диск шаклида бўлганида эди, кечаси ҳам, кундузи ҳам Ер устида бир хил вақтда содир бўлган бўларди.

Энди бугунги кунда ўша қадимги черков христианлиги ва Скандинавия мажусийлиги мифологияларидан ҳамда антик даврдаги Ерни ҳаракатланмайдиган ясси жисм ва бутун олам Ер атрофида айланади деган геоцентрик ғояга эътиқод қилган Левкипп ва Демокрит сингари файласуфлардан таъсирланганлиги натижасида "Ясси Ер Жамияти"га асос солган англиялик ва америкалик баъзи шахсиятларнинг ортидан эргашаётган мусулмонларга айтадиган гапимиз шуки, кимга эргашаётганингизни билинг. Сиз бирорта ҳам сўзи эътиборли бўлган мусулмон олимига эргашмаяпсиз, балки асл келиб чиқиши ва манбаси мажусийлик ва буттпарастлик бўлган ғояларга эргашиб кетяпсиз.

Эътиқодий қарашлари ва фиқҳий йўналишларидан қатъи назар, бирор эътиборли Ислом олими Ерни бу шаклда теп-текис деб даъво қилмаган. Ернинг яссилиги ҳақидаги бузуқ ақида мусулмон олимларига тегишли эмас. Бир вақтлар ўқимаган, мадраса кўрмаган авом халқгина шундай деб ўйлаган. Аммо ҳозир Ернинг курравийлиги барча учун заруратан маълум нарсага айланди.

Турли-туман фирқалар ва тоифалар жамланган айрим араб ўлкаларида битта-яримта калласини еб қўйган ёшлар ёхуд атайин Ислом динини ёмонотлиқ қилишга уринувчи ғаразгўй фитначилар ўзларича, ўзлари яхши тушунмаган ҳолда Қуръони каримдаги айрим оятларни Ернинг яссилигига далолат қилишини даъво қилиб, ютуб хостингида бир нарсаларни валдираб чиққан, холос.

Лекин бирорта ҳақиқий маънодаги аҳли илм бундай даъво билан чиқмаган. Азҳари шариф шайхларидан бирортаси Ернинг доирасимонлигини инкор этмаган, аксинча, исбот этган.

Истасангиз қадимий ва замонавий тафсир китобларига назар солинг. Сўзларим тўғрилигига ўзингиз амин бўласиз. Зотан, юқорида мўътабар тафсир китобларидан иқтибослар келтирдим. Истасангиз, замонавий тафсир китобларидан Муҳаммад Мутаваллий Шаъровийнинг "خواطر الشعراوي" "хавотир аш-Шаъровий" (Шаъровий ўйлари), Муҳаммад Ротиб Нобулсийнинг "تفسير النابلسي" (тафсири Нобулсий) китобларига мурожаат қилинг.

Ернинг яссилигига гўёки Қуръони каримдан далил келтирувчи айрим динбузарлар ўзларининг бузуқ ақидаларига Ғошия сурасидаги қуйидаги ояти карималарни далил қилиб келтирадилар:

"أَفَلا يَنْظُرُونَ إِلَى الإِبِلِ كَيْفَ خُلِقَتْ . وَإِلَى السَّمَاءِ كَيْفَ رُفِعَتْ . وَإِلَى الْجِبَالِ كَيْفَ نُصِبَتْ . وَإِلَى الأَرْضِ كَيْفَ سُطِحَتْ "

Маъноси: "Ахир, боқмасларми туягаки, қандай яратилмиш, самогаки, қандай баланд қилиб қўйилмиш, тоғларгаки, қандай тикланмиш, Ергаки, қандай текис тўшалмиш?!" (Ғошия сураси, 17-20-оятлар).

Ушбу оятлар орқали Аллоҳ таоло ўша замонда араб жазирасида яшаган оддий бадавий кишисини, саҳройи арабларни ўзлари ҳар куни кўрадиган, фойдаланидаган ва минадиган асосий уловлари бўлмиш туяларнинг саҳро ҳаётига қандай мослаштириб яратилгани, само қандай баланд ва муҳташам эканлиги, тоғлар бамисоли қозиқлар сингари ўрнатиб қўйилганлиги ва заминнинг эса яшашга қулай, бешик каби тўшак қилиб қўйилганлиги, у барқарор ва сокин туриши, устига чодир тиклаб уй сифатида фойдаланиш мумкинлиги ва бошқа нарсалар каби Аллоҳнинг бани башарга ато этган тенгсиз неъматлари борасида тафаккур юритиб, мазкур неъматларнинг холиқи бўлган улуғ зотни таниб, Унга иймон келтиришга чорлаган.

Албатта, Аллоҳ таоло Ўз оятларини ўша вақтларда инсонларга маълум ва маъҳуд бўлган сўзлашув услубида, уларга таниш бўлган балоғий иборалар билан баён этган. Токи, қалбларига гўзал ўрнашсин. Масалан, кун ботиши ва чиқиши деган сўзлар ҳали ҳануз бутун дунёда ишлатилади. Ваҳоланки, қуёш аслида ботмайди ёки чиқмайди, балки Ернинг айланиши ҳисобига шундай кўринади. Лекин, шундай бўлса-да, бу ҳодисага нисбатан бутун дунё қадимдан ўрганган ва барчага маълуф ва маъҳуд бўлган мазкур ибора ишлатилади. Ояти карима мурожаат қилган "Ернинг текис қилиб, тўшаб қўйилганлиги" ибораси ҳам ҳам инсонларга кўриниб турган текислик ва қулайликдан келиб чиққан.

Дарҳақиқат, Ер устининг яшашга осон қилиб, текис қилиб қўйилганлиги, тўшакдек қулай қилиб қўйилганлиги бор нарса. Аммо бу текислик "ясси Ер назарияси" тарафдорлари назарда тутган текисликни англатмайди. Зеро, Ерни бизлар, унда яшовчилар шундай текис тасаввур қиламиз. Чунки Ер шари шу қадар улканки, унинг оғиш жойлари унда яшовчилар учун сезилмайди. Яъни масофалардан унинг доирасимонлиги зоҳир бўлмайди. Аммо Ер усти ҳамма учун теп-текис ва яшашга қулай бўлиб тураверади. Ояти каримадаги "сутиҳат" (текис қилиб қўйилган) сўзи шу маънодадир.

Ернинг шарсимонлигига ислом уламоларининг ижмоъси.

Аҳли илмлардан бир қанчаси Ернинг курравийлигига ижмоъ қилинганлигини айтган. Жумладан, Ибн Таймия ҳанбалий (р.ҳ) машҳур "мажмуъ ал-фатово"сида (фатволар тўплами) имом Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ)нинг иккинчи табақа асҳобларининг диний билимларда пешқадам бўлган ҳамда катта таснифотлар ва осорлар билимдони бўлган аъёнларидан имом Абул Ҳусайн Аҳмад ибн Жаъфар ал-Мунодийнинг қуйидаги сўзларини келтиради:

"لا خلاف بين العلماء أن السماء على مثال الكرة ......

قال : وكذلك أجمعوا على أن الأرض بجميع حركاتها من البر والبحر مثل الكرة . قال : ويدل عليه أن الشمس والقمر والكواكب لا يوجد طلوعها وغروبها على جميع من في نواحي الأرض في وقت واحد ، بل على المشرق قبل المغرب"

Маноси: "Само коптоксимон эканлиги борасида уламолар (яъни дин олимлари) ўртасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Шунингдек, уламолар Ер ҳам барру баҳрдан иборат барча ҳаракатланиб турувчи сатҳи билан биргаликда копток каби (юмалоқ) эканлигига ҳам иттифоқ қилганлар. Абул Ҳусайн ал-Мунодий сўзини давом эттириб айтади: “Бунга (Ернинг курравийлигига) яна шу ҳам далолат қиладики, қуёш, ой, юлдузлар ва планеталарнинг чиқиши ва ботиши Ернинг ҳамма томонидаги одамларнинг барчасига бир вақтда ҳосил бўлмайди. Балки Мағрибдан олдин Машриқ (аҳли)га кўринади". (Мажмуъ ал-фатово: 25-жилд, 195-бет ).

Андалуслик машҳур олим, фиқҳда зоҳирий мазҳабида бўлган Ибн Ҳазм (раҳимаҳуллоҳ) ўзининг "الفصل في الملل والأهواء والنحل" "ал-фасл фи-л-милал ва-л-аҳваи ва-н-ниҳал" (Халқлар, минтақалар ва динлар борасида муфассал китоб) номли асарида "مطلب بيان كروية الأرض" "Ернинг шарсимон эканлигининг баёни ҳақидаги боб" номли бобда шундай ёзади:

"إن البراهين قد صحت بأن الأرض كروية ، والعامة تقول غير ذلك ، وجوابنا وبالله تعالى التوفيق : أن أحداً من أئمة المسلمين المستحقين لاسم الإمامة بالعلم رضي الله عنهم لم ينكروا تكوير الأرض ، ولا يحفظ لأحد منهم في دفعه كلمة ، بل البراهين من القرآن والسنة قد جاءت بتكويرها ..."

Маъноси: "Саҳиҳ далил-ҳужжатлар Ернинг юмалоқлигини тақозо этади. Авом кишилари эса бунинг тескарисини айтадилар. Аллоҳнинг тавфиқи билан уларга айтадиган жавобимиз шундай иборат: мусулмонларнинг илмда имомлик (пешқадамлик) сўзига лойиқ бўлган чин маънодаги имомларидан (улуғ олимларидан) бирортаси (Аллоҳ улардан рози бўлсин!) Ернинг юмалоқлигини инкор қилмаган. Улардан бирортасининг бу борадаги бирорта сўзни рад қилингани билинмайди. Балки Қуръон ва Суннатдаги далиллар Ернинг юмалоқлигига далолат қилиб келган".

Ислом оламида жуда машҳур бўлган, кўплаб илму фанларда моҳир бўлган ҳамда уч юзга яқин китоб ёзган Абул Фараж ибнул Жавзий (р.ҳ) ҳам Ернинг шарсимон эканлигига Мслом олимлари ижмоъ қилганларини нақл этган.

Хулоса сифатида айтиш жоизки, Ислом уламолари қадимдан Ер сайёрасининг юмалоқлига иттифоқ қилганлар. Ва бу юмалоқлик юқорида айтилганидек, унинг тухумсимон ёки эллипсоид эканлигига зид келмайди. Бундан фарқлича, черков узоқ йиллар давомида Ернинг ясси шаклда эканлигига эътиқод қилиб келган ва шу боис файласуф, физик ва астроном олимларидан бирортаси Ернинг юмалоқлигини даъво қилса, уни еретик, яъни зиндиқ ва бидъатчи дея эълон қилиб, кескин тазйиқ остига олган ва ҳатто ўтда куйдирган.

Алишер Султонходжаев

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жанубий қутбда олтинчи қитъанинг кашф этилиши

1012 20:05 02.08.2019

Денгиз кашфиётлари

619 06:00 31.07.2019

Ернинг шар шаклида эканлигига Ислом уламоларининг ижмоъси (1-қисм)

851 20:00 29.07.2019

Мусулмонларнинг географик кашфиётлари: Қитъалар кашф этилиши

495 12:00 29.07.2019

Аввалгилар хатосини тўғрилаш

214 12:00 26.07.2019
« Орқага