Мазкур ойдаги энг муҳим воқеалардан бири, бу – Эрон ва Саудия Арабистони муносабатларнинг Хитой расмийлари воситачилигида яхшилангани бўлди. Ушбу воқеа дунёдаги геосиёсий вазият кескин ўзгараётганига далолат қилади. Бу ҳолатнинг мусулмон дунёси учун катта аҳамияти бор экани сир эмас. Қолаверса, “ярашув оши”нинг Пекин шаҳрида бўлиб ўтганида ҳам ўзига хос сигнал бор. Сабаби оддий: Саудия Арабистони узоқ йиллар мобайнида АҚШнинг стретегик ҳамкори ва Эроннинг “синфий” душмани сифатида билинарди.
Расмий Теҳрон эса доимий равишда АҚШнинг “туғишган укаси” Исроил учун минтақадаги энг хавфли душман бўлиб келган. Ироқ, Сурия, Ливан, Миср каби араб давлатлари заифлаш(тирил)гач, Эрон яққол кўзга бота бошлаган, шунинг учун у АҚШ ва Европа давлатларининг санкциялари бўҳрони остида қолганди. Хитой охирги йилларда билдириб-билдирмай “катта оғалар”га рақобатчи сифатида майдонга кириб бўлди. Украинага уруш бошлагани туфайли “синиб бораётган” Россия Пекиннинг минтақадаги ролини баттар кучайтириб юборди.
Душманлик сабаблари
Ғарбнинг қаттиқ босими остида қолган Теҳрон бу келишувни "қўшнилар билан яхши муносабатлар" дея талқин қилади ҳамда Исроилнинг баъзи Форс кўрфази мамлакатлари билан тузган “Иброҳим келишувлари”га жавоб сифатида тақдим этади.
Эрон-Саудия Арабистони муносабатлари, истиснолардан ташқари, 1979 йилги Эрон инқилобидан бери жуда оғриқли 44 йиллик тарихга эга. Эрон-Ироқ урушига Риёзнинг муносабати, 1987 йили Маккада содир бўлган қонли воқеаларда кўплаб эронлик зиёратчиларнинг ўлими ортидан Ҳумайнийнинг “Биз АҚШни бир марта кечирсак ҳам, Саудларни кечирмаймиз” дегани... Булар эронликларнинг Саудия Арабистонига бўлган мафкуравий қарашларини умумлаштирувчи босқич деб ҳисоблаш мумкин.
Араб баҳори олдидан нисбатан яхшилана бошлаган муносабатлар исёнлар, айниқса, Саудия Арабистони ҳомийлигида Баҳрайнга ёйилиши билан яна жиддий таранглашди. Яна Ямандаги воқеаларнинг Эрон ва унинг иттифоқчилари фойдасига ривожланиши Саудия Арабистони томонидан бевосита миллий хавфсизлик масаласи сифатида қабул қилинди. Риёз 2014 йилда пойтахт Сана ҳусийлар қўлига ўтганидан бир йил ўтиб, бугунги кунгача давом этаётган ҳарбий операцияни бошлади. 2016 йил бошида саудиялик шиа фаоли Нимр ан-Нимрнинг қатл этилишига Теҳроннинг жавоби Риёз учун сўнгги томчи бўлди. Саудия Арабистонининг Эрондаги элчихонасига ҳужум уюштирилганидан кейин алоқалар батамом узилганди.
Иқтисодий танглик, Маҳса Аминий ўлимидан кейинги норозиликлар келтирган муаммолар ва иккинчи сайлови олдидан жиддий савол қаршисида турган Иброҳим Раисий ҳукумати келишувни Исроил ва ҳукумати устидан стратегик ғалаба деб талқин қилмоқда.
Эрон-Саудия Арабистони келишуви Саудия Арабистони учун нимани англатади?
АҚШни ўз хавфсизлигини таъминлашга ишонтира олмаган ва уни маҳаллий ресурслар билан таъминлай олмаган Риёз Пекинга мурожаат қилишга мажбур бўлди.
Ўтган йили Си Цзинпиннинг Риёзга улуғвор ташрифи нафақат Хитой-Саудия муносабатларини мустаҳкамлади, балки саудияликларга Форс кўрфазидаги мавжуд душманлари – Эронга нисбатан катта устунлик берди. Чунки иқтисодий жиҳатдан қудратли бўлса ҳам, ҳарбий салоҳияти етарли эмаслиги сабабли Саудиянинг Эрон билан рақобатда “катталарнинг” қўллаб-қувватлашисиз ғалаба қозониши иложсиз. Ўн кун аввал Пекинда эришилган келишув билан Риёз Хитойни Форс кўрфази минтақасидаги можароларда “ҳакам”га айлантириб, Эронга қарши мустаҳкам мувозанат ўрнатди.
Иккинчидан, Саудия Арабистони минтақада кучайиб бораётган кескинлик сабаб Эронга нисбатан ишончсизликни “халқаролаштириш”га муваффақ бўлди. Шунингдек, томонларнинг келишув моддалари орасида бир-бирига қарши тажовузкор ҳаракатларидан воз кечиши, энергия хавфсизлиги ва радикаллашув туфайли минтақада кескинлашиб бораётган кескинликдан безовта бўлган Хитой учун ҳам муҳим ютуқдир.
2006 йилги Исроил-Ҳизбуллоҳ урушидан буён Эрон билан шиддатли прокси уруш (икки давлатнинг учинчи давлат қўли билан урушиши) олиб бораётган Риёз маъмурияти АҚШ билан узоқлашиши ортидан яккаланиб қолганди. Агар Эрон билан кескинлик сезиларли даражада пасайса, Риёзнинг иқтисодий мақсадларига эришиши осонлашади.
АҚШни ўз хавфсизлигини таъминлашига кўзи етмай қолган Риёз яқин келажакда Хитой билан муносабатлари янада чуқурлашишига гувоҳ бўлишимиз аниқ. Иқтисодиёт ва дипломатия соҳасида чуқурлашиб бораётган алоқалар хавфсизлик соҳасига ўтиши муқаррар. Ўтган ойларда Риёз Хитой кўмагида баллистик ракета тизимларини ишлаб чиқаётгани матбуотга сиздирилган эди. Шунга ўхшаш ўзгаришлар кўпайишини тахмин қилишимиз мумкин. Риёз маъмурияти Хитой билан яқинда ўрнатган яқин алоқалари туфайли Эрон билан мавжудлик рақобатида катта афзалликларга эга бўлди.
Ҳозир ҳаммани ўйлантираётган савол – Хитойнинг минтақавий хавфсизлик архитектураси яқин келажакда “етакчи актёр” бўладими? Воқеаларнинг кўрсатишича, Хитойнинг минтақага қизиқиши ортиб бормоқда ва Пекин маъмурияти АҚШнинг таъсири камайиши натижасида юзага келган бўшлиқни тўлдиришдан тортинмаяпти.
Хитойнинг манфаатлари
Пекиндаги Саудия Арабистони-Эрон ярашувининг энг муҳим халқаро оқибати АҚШнинг минтақавий хавфсизлик архитектурасида кучни йўқотишидир. Хитой узоқ йиллар давомида минтақага киритган сармоялари туфайли минтақадаги Ғарб кучларини ортда қолдириб, минтақадаги энг йирик инвесторга айланди. Хитойнинг муросага воситачилик қилиши унинг минтақадаги таъсири иқтисодий ва дипломатик жиҳатдан ортганини кўрсатади.
Умуман олганда, Хитой ҳам Эрон, ҳам Саудия Арабистони билан яқин ҳамкорликни ривожлантиришни истаса-да, Риёз билан яқинлашишнинг расмий Пекин учун аҳамияти ўта катта. Биринчидан, Риёз ишончли ва барқарор энергия етказиб берувчиси сифатида Хитойнинг энергия хавфсизлигига кафолат. Иккинчидан, Хитой даъво қилаётган Шарқий Туркистондаги “бўлгинчилик тенденциялари”га қарши Риёз томонидан кўрсатилган “мафкуравий ёрдам”дан умидвор.
Араб давлатлари учун нима наф?
Икки давлат ўртасидаги музокараларга узоқ вақтдан бери мезбонлик қилган Ироқ ҳам “Пекин сулҳи”дан фойда кўради. Фуқаролар уруши бошлангандан бери Эроннинг кучли таъсири остида бўлган Сурия ва араб дунёси ўртасидаги яқинлашиш тезлашади. Ливанда ҳукумат тузиш ҳаракатлари камроқ тўсиқларга дуч келади. Баҳрайн Саудия Арабистони каби қадамлар қўяди ва ўзаро медиа кампанияларининг зўравонлиги камаяди. Бироқ, агар ҳақиқий “дўстона мунносабат” бўлиши керак бўлса, у фақат стратегик даражада бўлиши мумкин ва Яман масаласини ҳар томонлама ҳал қилиш буни таъминлайди. Чунки Эроннинг минтақавий стратегиясида Яман учун белгилаган роли Ливан ролига ўхшаб кетади ва бу шароитда Риёзнинг буни қабул қилиш эҳтимоли унчалик ишонарли эмас.
Риёз шундай мўрт ва эҳтиёткор қадамни қўйган бўлиши мумкин, эҳтимол, бунинг сабаби глобал энергия инқирози туфайли даромадлари тор-мор этилган Саудия компаниялари учун зарур бўлган хавфсизлик муҳити ва уларнинг АҚШдан умидсизликлари Хитойнинг талаблари билан уйғунлашгандир. Аммо, агар Эрон юқорида тилга олинган можаро ҳудудларида, хусусан, Яманда жиддий ён берса ва ўзининг қисқа муддатли манфаатларидан кўра минтақа хавфсизлиги ва барқарорлигини биринчи ўринга қўйишини кўрсатса, у ҳолда Яқин Шарқда геосиёсий ўзгаришларга гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Абдулазиз Муборак,
Azon.uz мухбири