Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Эрон сиёсий ўйинлар исканжасида

1616

Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф ИИПК (Эрон ислом инқилоби посбонлари корпуси) ва Қосим Сулаймонийнинг Эрон ташқи сиёсатига таъсирини қаттиқ танқид остига олган – матбуотга сизиб чиққан аудиоёзув мамлакат ичкарисида кескин норозиликка сабаб бўлган.

Жорий йилнинг 25 апрел куни ОАВда тарқалган Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф билан суҳбат аудиофайли халқаро миқёсдаги муносабат, қарама-қаршиликлар, фитна назариялари ва фикрларни келтириб чиқарган. 24 феврал кунги видеосуҳбатдан олинган 190 дақиқалик аудиоёзув Эрон ядро дастури бўйича халқаро шартномани қайта тиклашга қаратилган Венадаги музокараларнинг учинчи босқичи олдидан Зарифнинг Ироққа ташрифи чоғида пайдо бўлган.

Президент Ҳасан Руҳоний ҳукумати ҳақида кўпроқ маълумот беришга қаратилган оғзаки ҳикоя лойиҳасининг бир қисми бўлган суҳбат чоғида Эрон ташқи ишлар вазири айрим гап-сўзлар матбуот учун эмаслигини бир неча бор таъкидлаган.

Зариф аввалги суҳбатда ташқи сиёсатга оид қарорлар унга боғлиқ эмаслигини айтган эди. Ошкор бўлган аудиоёзувда у ўзининг бу позициясини такрорлаган. Жавод Зарифнинг айтишича, 2015 йилги «Қўшма кенг миқёсли ҳаракатлар режаси» деб номланувчи ядровий келишувга олиб келган музокаралар чоғида унга «орқадан пичоқ санчишган». Кўпчилик қаттиққўл сиёсат тарафдорлари АҚШ-Эрон муносабатларининг яхшиланишини истамайди, деди у.

Зарифнинг сўзларига кўра, собиқ президент Маҳмуд Аҳмадийнажод уни ёқтирмаган ва Эроннинг БМТдаги элчиси этиб тайинлаш истагида бўлган, «юқоридаги кучлар» (олий раҳбар Али Ҳоманаий назарда тутилган) эса унинг ўз лавозимида қолишини истаганлар. Зариф Руҳонийнинг ташқи ишлар вазири бўлиш таклифини истар-истамас қабул қилганида «қаҳрамон эмас, қурбон»га айланишидан бехабар бўлганини айтди. Суҳбат чоғида у Теҳрон режими Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) минтақадаги ҳозирлиги ва сиёсатига устувор аҳамият беришини бир неча бор таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ИИПК Қудс кучларининг марҳум қўмондони Қосим Сулаймоний томонидан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган бу сиёсат Сулаймоний даврида доимо дипломатиядан устун қўйиб келинган.

Сулаймоний дипломатияни хавф остида қолдирган

Зарифнинг айтишича, агар ИИПК позицияси Эрон дипломатияси ва ташқи сиёсатига 200 фоиз зарар етказса ҳам, Сулаймоний дипломатия учун муросага бормаган бўларди. Дипломатик келишувларга эришилганидан бир неча ой ўтгач, Эроннинг жаҳон давлатлари билан музокаралари фонида АҚШ собиқ давлат котиби Жон Керри унга Эрон авиакомпанияларининг Сурияга парвозлари сони олти баравар кўпайганини айтган. Зариф бу воқеадан бехабар бўлганини айтган.

Зарифнинг айтишича, унинг жамоасига Эроннинг заифлашган тижорат флотига ёрдам бериш учун янги Boeing ва Airbus самолётларини сотиб олишга изн берилган, аммо Iran Air самолётларининг Сурияга парвозлари сонининг кескин кўпайгани бу харидни хавф остига қўйган. Чунки, Сулаймоний Iran Air авиакомпаниясининг ижрочи директоридан бошқа ҳеч кимга айтмай, ИИПКнинг Сурияга парвозлари учун Iran Air Mahan Air авиакомпаниясидан хавфсизроқ» деган қарорга келган.

Сўнгги йилларда Iran Air давлат авиакомпанияси ва санкция остидаги Mahan Air авиакомпанияси томонидан эълон қилинмаган парвозлар иккала авиакомпаниянинг Эрон режими номидан шубҳали фаолият олиб бораётганига оид саволларни келтириб чиқарган. Бу авиакомпаниялар минтақадаги уруш ҳудудларига қурол-яроғ ва жангарилар ташишда айбланмоқда. Зарифнинг сўзларига кўра, Сулаймонийнинг бу қадами дипломатик алоқаларни хавф остига қўйган ва бундан кейин самолётлар харид қилиш имкониятини йўққа чиқарган.

Ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, у Сулаймоний билан ҳафтада бир марта учрашган, аммо бу учрашувларда мамлакатга доир ишлар ёки ҳамжиҳатликдаги хатти-ҳаракатлар муҳокама қилинмаган. Аксинча, унинг сўзларига кўра, Сулеймоний ўзининг минтақавий сиёсати ва таржиҳларини устуворлик тартиби бўйича санаб ўтган бўлар эди.

Зариф ва Ташқи ишлар вазирлигининг муносабати

Сешанба куни Зариф Instagram саҳифасида интервью ҳақида бевосита фикр билдирмаган ҳолда қисқа лавҳа қолдирган. Тарихий лойиҳани тилга ола туриб: «биз Худо ҳақида ўйлашимиз керак, тарих ҳақида қайғурмаслигимиз керак», деб ёзган.

Шунингдек, сешанба куни Ҳасан Руҳоний тарқатилган аудиоёзувга илк марта муносабат билдириб, разведка хизматига уни ким тарқатганини аниқлашни буюрган. Ҳукумат бу аудиоёзувнинг «ўғирлангани» ҳақида хабар берган.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги даставвал тарқаган аудиоёзувни «таҳрир қилинган» ва «кесилган» деб таърифлаган. Вазирлик агар тегишли ташкилотлар рози бўлса, «етти соатлик» деб айтилган суҳбатни тўлиқ чоп этишини маълум қилган ва унинг чоп этилмаган бўлакларида Зариф Сулаймонийни мақтаганини таъкидлаган. Суҳбат сўнгида журналист Зарифдан келажакда президент ёки бош вазир бўлишини ёки уйда пижамада ўтириши мумкинлигини тахмин қилиб, келажак ёки тарих ҳақида бирор фикр билдиришини сўраган. Бунга жавобан Зариф бошқа ерда, йўл-йўл кийимда (маҳбусликда) бўлиб қолиши мумкинлигини айтган.

Консерватив ислом коалицияси вакили Зарифни танқид қилиб хорижий оммавий ахборот воситаларига аудиофайлнинг тарқатилишини катта хато, деб айтган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Исроил разведкасининг собиқ раҳбари эронлик олимларни ўлдириш билан таҳдид қилди

1228 17:00 12.06.2021

Россия Эронга замонавий жосус сунъий йўлдош сотмоқчи

689 17:25 11.06.2021

Исроил Эрон туфайли АҚШ билан муносабатларига путур етишига ҳам рози

1123 15:12 02.06.2021

Саудия Aрабистони чегарасида тўқнашув юз берди

1382 14:00 01.06.2021

Эрон ҳарбий раҳбарлари Исроилни Аляскага кўчиришни талаб қилди

1944 13:05 30.05.2021

Эронда президентликка номзодлар маълум бўлди

654 10:40 26.05.2021
« Орқага