Эрон ядровий келишув бўйича айрим мажбуриятларини расман тўхтатди

15:30 15.05.2019 419

Эрон ядровий келишув бўйича айрим мажбуриятларини бажаришни расман тўхтатди. Бу ҳақда ISNA агентлиги Эрон атом энергияси ташкилотига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Бу борадаги қарор Эрон миллий хавфсизлик кенгашида қабул қилинган. Саккизинчи апрель куни Теҳрон ядровий келишув доирасида баъзи (хусусан, бойитилган уран захираси ва оғир сув – оғир водородли сув) мажбуриятларни бажаришни тўхтатишини маълум қилган эди. Ядровий келишувга мувофиқ Эрон бойитилган уран 300 килограммга, оғир сув 130 тоннага етганида ортиқчасини бошқа давлатларга сотиши зарур.

Агар ядровий келишувга қўшилган давлатлар икки ой ичида Эроннинг нефть ва банк секторини АҚШнинг санкцияларидан ҳимоя қилиш бўйича ваъдаларини бажармаса, Теҳрон келишув доирасидаги яна иккита мажбуриятдан воз кечади. Берилган муддатда бирор силжиш қайд этилмаса, Эрон уранни 3,67 фоиз даражасида бойитиш бўйича мажбуриятни ўзидан соқит қилади. Бундан ташқари, Аракдаги оғир сув реакторини модернизациялашдан воз кечиши мумкин.

Маълумки, Эрон ҳамда дунёнинг олти йирик давлати – Россия, Буюк Британия, Хитой, АҚШ, Франция ва Германия ўртасидаги ядровий келишув 2015 йилда тузилган ва 2016 йилнинг январида кучга кирган. Келишув БМТ Хавфсизлик Кенгаши, АҚШ ва Европа Иттифоқининг Эронга нисбатан санкцияларни бекор қилишини, Эрон эса ўз навбатида ядровий фаолиятини чеклашини ва уни халқаро назоратга очишини кўзда тутади. Бироқ бундан бир йил муқаддам АҚШ келишувдан чиқди ва Эронга нисбатан санкцияларни қайта тиклади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!