Ислом

Эру хотининг ўзаро муносабати...

1237

Эр-хотин ўзаро юмшоқ муомалада бўлишлари ва буни зарурат сифатида қабул қилишлари, бир-бирларига очиқ юз билан қарашлари, кўнгилсиз гап-сўзларга сабр қилишлари улкан савобли амалдир. Бу ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг иймони комилроғи-хулқи яхшироғидир. Сизларнинг энг яхшиларингиз аёлларингизга яхшилик қиладиганларингиздир”, дедилар”.

(Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган)

Омир ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Отам шундай деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида мени кўргани келдилар. Дардим кучайиб, ўлим ёқасига келиб қолган эдим. “Эй Аллоҳнинг Расули, дард мени ўзингиз кўриб турган аҳволга олиб келди. Мен давлатманд одамман. Биргина қизимдан бошқа меросхўрим йўқ.

Мол-мулкимнинг учдан иккисини садақа қилайми?”,дедим. “Йўқ”, дедилар. “Бўлмаса ярмини-чи?”, дедим... (Ниҳоят) у зот шундай дедилар:

“...Аллоҳнинг важҳини (розилигини) истаб қандай нафақа қилма, бунинг учун сенга албатта ажр берилади, ҳатто аёлингнинг оғзига солган луқманг учун ҳам”, дедилар”. 

(Имом Бухорий ривояти)

Ҳадиси шарифда келишича, эр-хотиннинг ўзаро жинсий алоқасига ҳам ажру савоб берилади. Бу ҳақида Набийсоллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингизнинг (аҳли аёли билан)жинсий алоқа қилиши ҳам садақадир”, дедилар. Шунда саҳобаи киромлар: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Бизлардан биримизнинг шаҳватини қондиришида ҳам савоб бўладими?”, дедилар. У зот: “Уни ҳаромга тўкканида (шаҳватини зино қилиб қондирганда), гуноҳ бўлармиди?! Шундай экан, у (шаҳват)ни ҳалолга тўкса (никоҳидаги аёли билан яқинлик қилса) ҳам унга ажр бўлади”, дедилар”.

(Муснади Абу Авона)

Бошқа бир ҳадисга кўра, эр уйига келиб, аёлига муҳаббат нигоҳи билан қараса, аёли ҳам муҳаббат билан эрига боқса, бас, Аллоҳ икковларига раҳмат нигоҳи билан назар солади. Чунки, эр-хотин ҳар доим бирга бўлиб, узоқ муддат ҳаёт кечирадилар. Шу сабабли, баъзида бири иккинчисига кўнгилсиз гапларни гапириб қўйиши табиий ҳолдир. Лекин, бир-бирларига қовоқ-тумшуқ қилишлари, уруш-жанжал чиқариб, бири иккинчисига ситам етказиши натижасида, эр ҳам хотин ҳам бу дунё хурсандчилигидан маҳрум бўлишади. Бу ҳам етмагандек, эр-хотиннинг ўзаро чиройли муомаласига бериладиган ажр ҳам зое кетади. Шу боис, Аллоҳ таоло ва Унинг Расули бундай вазиятлар учун бебаҳо дастурларни тақдим қилишган. Масаланинг хулосаси шундай иборатки, эр-хотин бир-бирларига айтган номақбул гаплари учун қовоқ тумшуқ қилмай, яхши нарсалар ҳақида ўйласинлар, шунда, айтилган кўнгилсиз гаплардан хафачилик камаяди. Зеро, Аллоҳ таоло шундай деган:

“Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилар”. 
(Нисо 19-оят)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши мўмина аёлга ғазаб қилмасин, агар унинг бир хулқини ёқтирмаса, бошқасини ёқтирур”, дедилар”. 
(Имом Муслим ривояти)

Агар, эр-хотин ушбу қоидага амал қилиб, ўзаро муҳаббат билан ҳаёт кечирсалар ва бир-бирларига яхши муомала қилишга уринсалар, уларнинг жуфтликдаги ҳаётлари хурсандчиликка тўла бўлади ва қилган чиройли муомалалари сабабли ҳаётлари давомида номаи аъмолларига ажру савоб қўшилиб боради.

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Пандемия уйларни жанжалхонага айлантиряптими?

627 16:00 31.03.2020

Кўр бўлган фитначи аёл ҳақида

1600 07:30 30.03.2020

Оилада жанжал бўлмасин десангиз...

990 08:30 28.03.2020

Оиладаги меъёр ва мувозанат

497 07:30 28.03.2020

Уйда хотининг, фарзандларинг борлигини унутма!

824 12:00 27.03.2020

Ҳадемай қуёш чиқади!...

3632 11:16 27.03.2020
« Орқага