Эслайверамиз!

10:50 11.03.2019 1458

Ҳаётнинг азалий қонуни шудир,

Шу ҳақда тинмайин сўзлайверамиз.

Ёмонлар вақт ўтиб унутилади...

Яхши одамларни эслайверамиз!

 

Юракка ўтириб қолган айрилиқ,

Ўша манзилларни излайверамиз.

Шукрки, ҳеч кимдан кутмаймиз буйруқ,

Яхши одамларни эслайверамиз!

 

Нетамиз, дуолар ёғдирамиз-да,

Уларнинг ёдини кўзлайверамиз.

Кўзлари, сўзлари -- хотирамизда...

Яхши одамларни эслайверамиз!

 

Бу не шараф эрур, бу не саодат,

Феълларни ўтмишда туслайверамиз.

Эскилардан бизга юққан шу одат:

Яхши одамларни эслайверамиз!

 

Аллоҳга осон иш исм танитмоқ,

Биз гарчи дунёни ўйлайверамиз.

Гуноҳдек туюлар ҳатто унутмоқ --

Яхши одамларни эслайверамиз!!!

 

Хайрулла ҲАМИДОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!