Етимпарварлик – улуғ фазилат

22:00 15.06.2019 379

Етимпарварлик ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида Қуръони Каримнинг бир неча оятларида айтиб ўтилган. "Моъун" сурасида Аллоҳ таоло етимга қўполлик қилиб, унинг ҳаққини ўзлаштириб олган ва бечораҳол инсонларга бахиллик қилиб ёрдамини аяган, унга тарғиб қилмаган кишиларни “қиёматни ёлғонга чиқарган” кишилар сафида зикр қилган:
“Жазо кунини ёлғонга чиқарувчини кўрдингми? Ана ўша, етимни қўполлик билан ҳайдайдир. Ва мискинларга таом беришга қизиқтирмайдир..." ("Моъун" сураси 1-3 оят)

Ислом инсонлар ер юзини обод қилиши учун, ўзаро аҳил бўлиб, адолатли ҳаёт кечиришлари руҳида тарбия қилади. Бу дунёда қилинган ҳар бир яхши ва ёмон амаллар учун қиёмат кунида мукофот ёки жазо олишларини уқтиради. Бас, ҳар бир мусулмон Аллоҳ таолонинг ризолигига эришиш ва Унинг азобидан омонда бўлиш учун Ислом таълимотларига амал қилишга ҳаракат қилади.

Мана шундай амаллардан бири етимпарварлик саналади. Аллоҳни рози қиламан деган ҳар бир мусулмон қалбида етимларга нисбатан шафқат ва меҳрибонликни шакллантириб боради. Уларга озор бериш ёки ҳаққини ноҳақ ўзлаштириб олишни ўзи учун улкан гуноҳ деб билади.

Мазкур ояти каримада ҳам етимларга нисбатан ноҳақлик қилган инсонлар, қиёмат кунини инкор қилган кишилар сафида зикр қилинмоқда. Бу эса ниҳоятда оғир сўздир.

Аллоҳга шукурки, юртимизда уларнинг бошини силайдиган меҳрибонлик уйлари ва ҳолидан хабар олиб турадиган саҳоватли яхши инсонларимиз бор. Аммо бу имкониятлар қанчалик яхши бўлмасин, уларнинг кемтик қалбларини “оила” деган улуғ даргоҳдан ўзга нарса тўлдира олмаслиги аниқ.

Яқин яқинларгача диёримизда етимхоналар бўлмаган. Улар яшаш тарзлари қандай бўлишидан қатъий назар бу масалага жиддий ёндошишган ва уларга ўз уйларидан, нафақат уйлари, балки қалбларидан жой беришган. Чунки улар кимда ким етимга жой берса, унинг бошини силаса ва унга ғамхўрлик қилса, жаннатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишларини яхши билишарди.

“Саҳл ибн Саъддан ривоят қилинади: Расуллулоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ва етимни кафилликка олган жаннатда мана бундаймиз” дедилар ва кўрсатгич ва ўрта бармоқларини бирлаштирдилар”.

Исломда нафақат ўзга, балки ўзининг етимларига меҳр мурувват кўргазганлар учун ҳам улуғ ажрлар бор.

Юқорида зикр қилинган ояти карима ва ҳадис шарифлардан хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, кимда ким етимнинг бошини силаса, уларга ғамхўрлик қилса ёхуд маҳаллаларимиздаги ажралиш арафасида турган оилаларни ислоҳ қилса, Аллоҳ таолонинг улкан ажр савобига эга бўлади.

Бекназар Абдуллаев,
Хоразм вилояти Хазорасп тумани “Шайх Ҳусайин бобо” масжиди имом хатиби

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!