Эътиқод: “Аллоҳнинг дини кўп”, деганларга нима деб жавоб берамиз?

20:00 14.05.2019 972

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ бундай жавоб қилдилар: Аллоҳ ҳамма пайғамбарларга бир динни – тавҳидни барпо этишни буюрган. Аллоҳ бандаларнинг ушбу динда гуруҳ-гуруҳ, тоифа-тоифа бўлиб кетмасликларини буюрган. Аллоҳ уларнинг динини битта қилган. Қуръони Каримда: “(Эй Муҳаммад,) Сиздан илгари Биз юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: “Мендан ўзга илоҳ йўқ, бас, Менга ибодат қилинглар”, деб ваҳий юборгандирмиз”, дейилади («Анбиё» сураси, 225-оят).

Ҳамма пайғамбарларнинг дини бир диндир. Аммо ҳар бир пайғамбар ўз шариатига даъват этган, ўзидан олдин ўтган пайғамбарларнинг шариатидан қайтарган. Уларнинг шариати ҳар хил ва кўп бўлган. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “...Ҳар бир (уммат) учун (алоҳида) шариат ва йўл (тайин) қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа эди, сизларни бир уммат (бир хил шариатда) қилиб қўйган бўлур эди...”, дея марҳамат қилади («Моида» сураси, 48-оят).

Аллоҳнинг динини ўзгартириб бўлмас. Дин алмаштирилган, бузилган ва ўзгартирилган эмас. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "...Аллоҳнинг яратувчанлигини (англангиз!). Аллоҳнинг яратишига ўзгартириш йўқ. Энг тўғри дин шудир...” («Рум» сураси, 30-оят). Аммо шариатлар ўзгартирилган ва алмаштирилган. Аллоҳ баъзи халқларга ҳалол этган нарсани бошқа халққа ҳаром қилган, Аллоҳ баъзи бир ишни бир халққа амр этган ва бошқа халқни ундан қайтарган. Шунинг учун шариатлар кўп ва турли-туман бўлган.

Мўминлар Аллоҳга иймон келтирганларидан намоз ўқийдилар, закот берадилар, рўза тутадилар, ҳажга борадилар ва Аллоҳни зикр қиладилар. Улар аввал иймон келтириб, сўнг амал қиладилар. Уларнинг фарзларни бажаришлари Аллоҳ таолога иймон келтирганликларидандир. Бунга мисол: Бир одам қарздор бўлса, у олдинига қарздорлигига иқрор бўлади, сўнгра қарзини тўлайди. У ҳеч қачон олдин қарзини тўлаб, сўнг қарзига иқрор бўлмайди. Унинг қарзига иқрор бўлиши уни тўлаганидан эмас, балки унинг қарзини қайтариши қарзига иқрор бўлишидандир.

Манбалар асосида «Коҳ ота бузрук» жоме масжиди имом ноиби
Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!