Таҳлил

Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун қанчалик «европалашиш» лозим?

621

Жорий йилнинг 18 октябрь куни Франция Шимолий Македония ва Албаниянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишига вето қўйди. Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийлари ва раҳбарлари Парижнинг мазкур қарорига нисбатан норозилик билдирди. Улар Франция президенти Эммануэль Макроннинг ветосини катта хато деб баҳолашди.

Макрон эса токи Франциядан бошпана сўраётган минг-минглаб албанлар масаласи бор экан, ўз халқини барчаси яхши кетаётганига ишонтира олмаслигини айтиб, бу икки мамлакат билан билан музокаралар олиб боришни рад этди.

Натижада Европа Иттифоқида барча европаликлар тенг кўрилмаслиги аён бўлмоқда. Бундан келиб чиқадики, баъзи европаликлар бошқаларига қараганда кўпроқ европалашган. Нақадар ғалати эштилмасин, бу айни ҳақиқат. Европа интеграция жараёнининг бир қисми сифатида «европалаштириш» ташаббусининг мавжудлиги ҳам буни исботлаб турибди.

Афтидан, битта қитъада истиқомат қилиш, ўхшаш маданий мерос ва бир-бирини тўлдирувчи муштарак тарихга эга бўлиш европалик деб аталиш учун кифоя эмас. Аксинча, чинакам европалик бўлиш учун бадавлат, капиталист неолиберал ҳамда собиқ мустамлакачи мамлакат фуқароси бўлиш лозим. Шу тариқа қитъадаги барча собиқ коммунистик давлатлар Ғарб технократлари томонидан ишлаб чиқилган воситаларни ўз ҳаётларига тадбиқ қилишга мажбур бўлмоқда. Бу воситаларни қўллашни Ғарб «интеграция» деб номлаган.

Бу фикрларим туфайли мени потенциал муҳожир деб ўйлашингиз мумкин. Йўқ, мен Европа фуқаросиман.

Мен социалистик Югославияда улғайганман, у ерда бутун таълим тизими, дунёқарашлар ва бошқа ҳамма нарса ғоявий муҳитга қарамасдан буткул европалашиб кетганди. Бизнинг шууримизда фақат Европа бор эди.

Биз тегишли бўлган мамлакатнинг бош мафкураси бўлган социализмнинг ҳам Европа модернизмга асосланганини унутмайлик. Бунинг устига, Югославия Федерацияси Ғарбий Европа учун доимо очиқ бўлган ва ўз фуқароларига ҳам Ғарбда бемалол ҳаракатланиши учун барча имкониятларни тақдим этган.

Югославия бўлиниб кетгач, ҳаммамиз дарҳол Европа Иттифоқига кириш ҳақида ўйладик. Бу ўз-ўзидан содир бўлди ҳамда ажабланарли ҳам эмасди: биз европалик эдик, ўзимизни ҳамиша шу қитъага тегишли деб ҳисоблаганмиз. Аммо ЕИ биздан европалашишни талаб қилди. Бу бизга ҳақоратдай туюлгани рост, аммо биздан кўра анча «маданийлашган» биродарларимиз талабини қабул қилишга мажбур бўлдик.

Биз уларнинг «ривожланган демократия»сига тараққиёт ва фаровонликнинг энг яхши ва ягона модели сифатида қарай бошладик. Шундай қилиб, улкан ўзгаришларга киришдик: социалистик тизимимизни парчалаб ташладик, саноатимизнинг барча тармоқларини хусусийлаштирдик, таълим ва соғлиқни сақлаш каби асосий хизматлар бюджетини қисқартирдик, биз ярим аср ҳукми остида яшаганимиз – социализмдан мерос қилиб олган гендер тенглиги идеаллари ва кучли дунёвийликдан воз кечиб, консерватив бўлишни қайта ўзлаштирдик.

Бир сўз билан айтганда, биздан ерларимизда чуқур илдиз отган социализм вайроналари устида нолдан тўлиқ ривожланган ғарб либерал демократиясини барпо этишимиз талаб қилинди: бир вақтнинг ўзида чуқур руҳий жароҳатлар ва қашшоқлик билан юзма-юз қолдик.

Умуман, руҳий жароҳатларнинг сабаби тушунарли. Бундай кескин ўзгаришлар ҳар кимни ҳам довдиратиб қўйган бўларди. Ўша паллада биз буткул янги менталитетни шакллантириш мажбурияти остида қолдик, гўё эскисида бизни европалик деб аташга ҳалал бергулик жуда кўп қусурлар бор эди.

Кейинчалик бутун тизимни вайрон қилиш ва янгидан қуришнинг бу мураккаб жараёни тарихимизда эвфемистик равишда «ўтиш даври» деб ном олди.

Худди тахмин қилинганидек, бу жараён на тез ва на муваффақиятли ўтди, чунки ўйин шартлари адолатли эмасди. Ғарбнинг ривожланган капитализмига бозорларимизни очиш ва неолиберал ислоҳотларни амалга ошириш бизнинг инсоний ва иқтисодий ресурсларимизга жиддий зарба берди, бироқ ўз йўлимизда собит туришга интилдик.

ЕИ таъсир доирасининг ошишидан доимо ҳадиксираган дунёнинг қолган давлатлари, жумладан, Россия, Хитой, Туркия, Саудия Арабистони ва бошқалар Ғарб талаб қилган «европалаштириш» жараёнига аралашишга ва уни йўқ қилишга муваффақ бўлди. Шундай қилиб, биз Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун кун санаркан, ўзимиз билмаган ҳолда аста-секин европасизлашиш жараёнига қадам ташлай бордик.

Бугун, барча содир бўлган воқеалардан сўнг Европа Иттифоқи қитъада ҳақиқатан бирлашган ҳудудни ўрнатишга ҳаракат қилмаса, барқарорлик ва фаровонликка эриша олмаслиги аниқ. Бошқача қилиб айтганда, Европа Иттифоқининг ўзи Европа бўлишга интилиши керак ва бунинг учун у ўзини кашф қилиши шартдир. Иттифоқ ўзини элита клуби сифатида кўраверишнинг ўрнига кўпроқ геосиёсий ва горизонтал интеграцион ёндашувни қабул қилиши ҳамда энг асосийси, европалик бўлишнинг бирдан ортиқ тури мавжудлигини қабул қилиши лозим.

Ниҳоят, сиёсий жиҳатдан интеграциялашган иттифоққа эга бўлиш учун Макрон сингари сиёсатчилар қандайдир технократик далилларга эмас, балки ўз реал сиёсий инстинктларини қулоқ солишни ўрганмоқлари даркор. Бошқача тарзда ягона Европани барпо этиб бўлмайди.

Катерина Колозова

Манба: Ал-Жазира

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Европа Иттифоқи Сурия ҳукумати ва унинг иттифоқдошларини қоралади

432 20:30 06.09.2019

«Қуруқ гап камлик қилади» — Эрон Европага жавоб берди

1000 14:35 15.07.2019

Европа Иттифоқи: «Ўзбекистонда фикр билдириш, ахборот, диний соҳаларда инсон ҳуқуқлари муаммолари ва чекловлар сақланиб қолмоқда»

1050 12:15 20.05.2019

Могрени: Суриядаги мактаб ва шифохоналарга ҳужум қилиш халқаро қонунларнинг бузулишидир

464 17:40 09.05.2019

«Ғарб давлатлари Сурияга иқтисодий террор қўллаяпти»

919 13:30 27.04.2019
« Орқага